Ассалому алайкум! Мени дадам ўтган йили оламдан ўтдилар. Мени хозир қурбонликка қурбим етади. Лекин дадам хаётлигида қурбонлик қила олмадилар. Мен бу йили бир қўй сўйиб қурбонлик қилсам аввал дадамни номидан деб қилсам бўладими ёки аввал ўзимни номимдан қилайми?
– Ва алайкум ассалом! Ўзингизнинг номингиздан қурбонлик қилишингиз вожиб. Уни тарк қилсангиз гуноҳкор бўласиз. Отангиз қурбонлик қилишни васият қилган бўлса, бу унинг қолдирган молининг учдан биридан амалга оширилади. Агар васият қилмаган бўлса уни ўз молингиздан бажарасиз ва бу нафлдир. Вожиб нафлдан устун бўлгани учун аввал бажарилади. Агар қурбингиз етса иккисини ҳам бажарсангиз бўлади.
Савол: Ўлган одам тарафидан қурбонлик қилса қандай амалга оширади?
Жавоб: Ўлган одам тарафидан ва ўлган одам учун қурбонлик қилишнинг бир неча сурати бор.
1-Маййит, “Менинг тарафимдан, менинг молимдан қурбонлик қилинглар” деб васият қилган бўлса ва унинг васиятига мувофиқ унинг молидан қилинган бўлса, жоиз. Лекин ўша жонлиқнинг гўштини барчаси закот олишга ҳақдорларга садақа қилиш вожиб бўлади. марҳумнинг яқинлари ўша гўштдан ейиши жоиз эмас.
2-Марҳум ортидан қурбонлик қилишни васият қилган бўлса ёки васият қилмаган бўлса ва фарзандлари ўз молларидан нафл қурбонлик қилишган бўлса дуруст бўлади. Унинг гўштини бой камбағал ва ўзлари ҳам ейишлари мумкин.
3-Бир киши ўзининг молидан ва ўз тарафидан нафл қурбонлик қилиб, унинг савобини бир ёки бир неча маййитга бағишлаши жоиз. Гўштидан эса бой ҳам камбағал ҳам еса бўлади.
Савол: Маййит тарафидан қурбонлик қилиш афзалми ёки унинг қийматини садақа қилиш афзалми?
Жавоб: Қурбонлик кунларида қийматни садақа қилгандан кўра, қурбонлик қилиб савобини бағишлаш афзалдир. Қурбонлик сотиб олиб уни қонини тўкишликдан ҳосил бўлган савоб қийматини садақа қилиш билан ҳосил бўлмайди. Валлоҳу аълам!