Ассалому алайкум! Сизларни сайтда https://savollar.islom.uz/s/32138 шу жавобни оқиб қониқган эдим аммо бир мақола окиб колдим тўгрими : ИСЛОМ ДИНИНИНГ ТИЛИ АРАБЧА, АММО МАЪНОСИ УМУМИНСОНИЙДИР! Шу кунларда интернет тармоқларида "намозда рукуъда турганда араб тилидаги йӯғон “ظ” "Зоо" ҳарфини талаффуз қилишга қийналган кишилар "Субҳана Роббиял Аъзим"нинг ӯрнига," "Роббиял карийм” деса жоиз", деган маънодаги гап-сӯзлар кӯпайиб кетди. Шахсан каминага ҳам кӯпчилик мӯмин-мусулмон биродарларимиздан шу мазмунда саволлар келаяпти. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, Аллоҳ таолодан ёрдам сӯраб, Ӯзи қодир қилганича оят ва ҳадислар ва аҳли илмларнинг бу мавзуга оид фикр-мулоҳазаларини келтириб ӯтамиз. Азиз биродарлар, биз доимо сизларга такрор-такрор айтиб келамизки, аслида, ибодатлар, зикрлар тавқифий, яъни шариатда тасдиқланган бўлгани учун ҳам, уларнинг шартлари, вақтлари, сифатлари айнан шариат айтганидай бўлиши шарт. Бу масалаларда ижтиҳод, қиёс қилиш ярамайди. Буларнинг ӯрнига бошқасини алмаштириш учун унга оят ёки суннатдан очиқ далил керак бӯлади. Аҳли илмлар айтишадики, кимда- ким ибодат турларидаги лафзларни тажвид билан тӯғри талаффуз қилишга ҳаракат қилса-ю, араб тилидаги ҳарфларни махражи – ҳарфларнинг чиқадиган жойидан ӯзининг сифати билан нутқ қилиб айта олмаса, у инсондан бу вожиблик соқит бӯлади. Лекин намоздаги, ибодатдаги калималарни бошқа калимага алмаштирилмайди. Тӯғри, бир инсон ибодатга тушганда, унга калималарни ӯзидагидек қилиб таълим олиши лозимдир. Аммо ҳаракат қилиб ҳам тӯғри талаффуз қила олмаса, у кишидан бу вожиблик соқит бӯлади. Инсоннинг нияти ҳам бу ӯринда эътиборлидир. Аслида, намоз учун, ибодат учун, ӯқиётган оятларининг, айтаётган зикрларининг маъносини биладиган даражада араб тилини ӯрганишнинг вожиблиги ҳам бежиз эмас. Киши намозда "Субҳана Роббиял Аъзим" деяётганида қалбида "Улуғ Роббим покдир" деган маънони қасд қилиб турган бӯлса, кифоя. Имом Муслим ўз “Саҳиҳ”ида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини ривоят қилади: “Огоҳ бўлинг! Мен руку ва сажда қилган ҳолда Қуръон ўқишдан қайтарилдим. Рукуга келсак, унда Роббни улуғланглар. Саждага келсак, бас, дуо қилишда тиришинглар. У сизларга ижобат қилинишга лойиқдир”. Мазкур ҳадисдаги: "Рукуга келсак, унда Роббни улуғланглар" жумласида "Улуғ Роббим покдир" деб очиқ айтилиб турган бӯлса-ю, унинг ӯрнига "Карим", яъни саҳий, саҳоватли бӯлган Зотни поклайман " дейишни қандай изоҳлаш мумкин?... Баъзи аҳли илмлар наздида "Субҳаана Роббиял Аъзим"ни рукуъда айтиш вожиб ҳисобланади. Ҳатто, бунинг ӯрнига бошқа калимани ишлатса, намози ҳам дуруст бӯлмайди, дейишган. Шунга кӯра, бу зикрни Аллоҳ таолонинг ушбу "Аллоҳга қодир бӯлганингизча тақво қилинг" сӯзига кӯра намозхон одам қӯлидан келганча айтишга ҳаракат қилади. Ваҳоланки, Омир ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Фасаббиҳ бисми Роббикал Аъзийм» ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: «Буни рукуъларингизга қилиб олинглар (яъни унда ўқинглар), дедилар. Қачонки, «Саббиҳисма Роббикал аъла» ояти нозил бўлганида: «Буни саждаларингизга қилиб олинглар», дедилар». (Абу Довуд, Ибн Можа, Аҳмад ривояти). Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ӯзлари таълим берган калималарни, Қуръони Каримда келган калималарни бошқа калимага алмаштириш ҳақидаги гаплар, энг камида холис эмас. Ислом динининг тили арабча, аммо маъноси умуминсонийдир. Ер юзидаги инсонларнинг ичида миллионлаб мусулмонлар араб тилидаги "Зоо" ҳарфини айнан махраждан, айнан арабча талаффуз қила олмайдилар. Лекин "Субҳана Роббиял Аъзим" деяётганларида айнан "Улуғ Роббим покдир" деган маънони қасд қилиб зикр қиладилар. Қолаверса, бу мавзуда интернет тармоғида тарқалган гапларнинг илмий асоси ҳам йӯқ. "Аъзим" сӯзини ҳар қанақа "з" билан талаффуз қилинса ҳам, "ашаддий душман бӯлган" деган маъно чиқмайди. "Ан-найм" луғатига қарасак, ӯзбекча "з" билан талаффуз қилинадиган калиманинг маънолари қуйидагилар эканини кӯришимиз мумкин: "Аъзим" – "ният", "азму қарор", "энг яхши орзу(истак)", "қатъиятлилик", "қатъийлик"," қатъий азму қарор", "кучли қатъиятлилик", "таклиф". Ва фақат кӯчма маънодагина "азайимхонлик", "дам солиш", "куф-суф" маъноларини билдирар экан. Араб тилида бир сӯзнинг асосий, бош маъносидан ташқари мана шундай кӯчма маънолари ҳам бор. Аслида, ҳар бир тилда ҳам шундай ҳолатлар мавжуд. Ҳар доим биринчи, бош маъно етакчилик қилади. "Аъзим" сӯзининг бош маъноси эса, агар ӯзбекча "з" билан талаффуз қилинса, "ният", "азму қарор", "энг яхши орзу" деган маъноларни билдиради. Бас, билиб - билмай ёки қандайдир ғараз билан бу мавзуда ихтилоф чиқариб динимизга зарар етказмайлик! Изоҳ: Биз барча ӯринларда бу сӯзни "Аъзим" кӯринишида ёздик. Чунки, ӯзбек тилида арабча "айн" ҳарфи йӯқ. Ъ белги эса айнан" айн" ни ифодаламайди ва ӯзбек тилида сӯз бошида ёзилмайди. Аслида, арабчада "айн" ва "а" битта товуш сифатида талаффуз қилинади. "А" товуши "айн"нинг махражидан чиқариб талаффуз қилинади. Ёзувда аввал "айн", кейин "а" ҳарфи ёзилади. Баҳсга сабаб бӯлган "Зоо" ҳарфини эса ӯзбек имлосида ифодалашнинг имкони ҳам йӯқ. Нафақат ӯзбекчада, арабчадан бошқа барча тилларда ҳам бунинг имкони йўқ. Аммо талаффузини устозлардан ӯрганиш мумкин. Фақат устозлардан! Араб бӯлмаган ҳеч ким бу ҳарфни устоздан ӯрганмай тӯғри талаффуз қила олмайди. Энди, энг асосий гап шундаки, устозлардан ӯрганиб ҳам бу ҳарфни айнан махражидан, айнан арабча талаффуз қилишга ҳамма ҳам муваффақ бӯлавермайди. Бу айни ҳақиқат. «Зоо» "ظ" ҳарфи ҳам истеъло ҳарфларидан бӯлиб, йўғон талаффузда айтилади. «Зоо» ундошини тилнинг учи олдинги ост-уст тишларининг орасига қўйиб, тил орти эса таранглашиб кўтарилиб йўғон талаффуз қилинади. Шунинг учун ҳам, бу ҳарфни ӯрганишга ҳаракат қилиш вожиб, тӯғри талаффуз қилишга ҳаракат қилиш вожиб, аммо ҳаракат қилганида ҳам Аллоҳ таоло муваффақ қилмаса, бас, узрли ҳисобланади. Валлоҳу аълам. Дониёр қори
– Ва алайкум ассалом! Жавоб ёзишга ҳаракат қилган биродаримиз фиқҳдаги бир неча масалаларга эътибор қаратолмай қолибди.
1. Ҳар бир амал Аллоҳ таоло наздида мақбул бўлиши учун икки нарса шарт.
А. Шариатга мувофиқ бўлиши.
Б. Ҳолис Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун ихлос билан адо қилиниши.
Шу иккисидан бири топилмаса у амал рад қилинади. Бунинг учун эса албатта ҳар бир инсон қиладиган амалини фарзини адо қиладиган даражада илмини ўрганиш фарз, вожибини адо қиладиган илмини ўрганиш вожибдир. Мусулмон кишининг бундан паст даражада бўлиши мумкин эмас. Бунинг учун албатта араб тилини билиши шарт эмас. Ҳар ким билган тилида китоблар мавжуд. Намоз ҳам худди шундай. Ҳар бир мусулмон намознинг фарз, вожибларини, ҳаром, макруҳларини ва нима қилса бузилиб қолишларини ўрганиши шарт. Намознинг калималари, оятларни, тасбеҳ ва зикрларни тўғри талаффуз қилмаса, намоз бузилиши мумкин. Баъзи ўринларда ўзи билмай куфр сўзни талаффуз қилиб қўйиши ҳам мумкин. Масалан, такбири увлода.
“Аллоҳу акбар” лафзида хоҳ унутиб, хоҳ қасддан Аллоҳ лафзининг “А”сини ҳамда акбарнинг “А”сини мад(чўзиб) қилиб “Аааллоҳу акбар” ёки “Аллоҳу аакбар” деса гуноҳкор бўлади. Чунки унда маъно “Аллоҳ улуғми? Ҳечам ундай эмас” дегандек бўлиб қолади. Агар намозга киришаётганда шундай чўзиб айтса, уламоларнинг наздларида намозга кирган ҳисобланмайди. "акбар" лафзининг “Б” билан “Р” ҳарфлари орасига мад киритиб “Акбар” ўрнига “Акбаар” деб “А”ни чўзиб ўқиса, ҳам гуноҳкор бўлади. Агар намозга киришаётганда шундай чўзиб айтса, саҳиҳ қавлга биноан намозга кирган бўлмайди. Чунки унда ҳам маъно ўзгаради. “Муния”нинг шарҳи “Кабирий”да “Акбар”нинг ўрнига “Акбаар” деб ўқиса намозга кирган бўлмайди. Агар намоз орасида шундай деса намози бузилади. Чунки “Акбаар” шайтоннинг исмларидан биридир. Бир қавлда у “кабар” сўзининг кўплиги бўлиб, дўмбара маъносини англатади. Баъзи уламолар “намозга кирган бўлади ва намози бузилмайди. Чунки у ишбоъдир” деганлар. Лекин биринчи гап саҳиҳдир. Шунинг учун бундай қилган киши намозини қайтадан ўқиши вожиб бўлади. (Фатавои Раҳимия).
Аллоҳ сўзини нотўғри айтиш ҳаром ва қасдан айтилганда куфр хавфи бор.
Қироат намознинг рукнларидан ҳисобланади.
Қироат бузилса намоз ҳам бузилади. Шунинг учун фуқаҳоларимиз намоз бузиладиган даражада араб тилидаги ҳарфларни ўрнини алмаштириб, маъносини бузиб ўқимаслик учун тажвид илмини ўрганиш ҳар бир мусулмоннинг зиммасига фарзи айн деганлар. Ҳарфларни махражи, сифати, овозни чиройли қилиш ва бошқа тажвид фанига тегишли илмларда моҳир бўлиш фарзи кифоя. Бу ҳукмга ҳамма уламолар иттифоқ қилганлар. Бунчаликка етишиш учун араб алифбосини китобдан ўқий оладиган даражада бўлиши шарт эмас, оғзаки ўрганиш ҳам кифоя.
2). Юқоридаги фарз даражасини адо қилишга ҳаркат қилсаю уддасидан тўлиқ чиқолмаса, ҳаракатини тўхтатмаслиги керак бўлади ва шу билан у узрли саналади.
3). Яхши ният қилиб йилларча қироатни фарзини адо қилишга ҳаракат қилмаслик узр ҳисобланмайди.
4). Фиқҳий китобларнинг барчасида “Заллатул қорий” деган алоҳида бир боб ажратилган. Ҳар бир мусулмон намознинг қироатини фарзи адо бўлиши учун араб тилини билганлар ўзлари ўқиши, билмаганлар билганлардан сўраши зарур. Бунга мутлақо аҳамият бермасдан намоз ўқийвериш узр ҳисобланмайди.
Сиз келтирган одам жавоб ёзганида ёки фатво китобларини кўрмаган ёки у кишининг наздида фуқаҳоларнинг эътибори йўқ бўлса керак. Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ “Роддул муҳтор” китобида:
تنبيه : السنة في تسبيح الركوع سبحان ربي العظيم ، إلا إن كان لا يحسن الظاء فيبدل به الكريم ، لئلا يجري على لسانه العزيم فتفسد به الصلاة ، كذا في شرح درر البحار ، فليحفظ فإن العامة عنه غافلون حيث يأتون بدل الظاء بزای مفخمة
“Танбеҳ, рукуънинг тасбеҳидаги суннат “سبحان ربي العظيم”ни айтишдир. Лекин “ظ” ҳарфини чиройли талаффуз қилолмаса “العظيم”нинг ўрнига “الكريم”ни талаффуз қилади. Токи тилига “العزيم” жорий бўлиб, намози фосид бўлмасин. “Шарҳу дурарил биҳаар” китобида ҳам шундай келган. Буни ёдда тутиш керак, чунки омма халқ бундан ғафлатдалар. Улар “ظ” ҳарфининг ўрнига йўғон талаффуз қилинган “ز”ни талаффуз қиладилар” деганлар.
Луғат китобларида “العزيم” сўзининг бир маъноси “Ашаддий душман” деб келтирилган. Ан-Найимда бўлмаслиги у маънони йўқлигини билдирмайди.
Жавоб берувчи ҳам ўзи томонидан нималарнидир далил қилиш ўрнига омма халқимизни араб алифбосини ўрганишга, қироатларини фарз даражасини адо қилишни ўрганишга тарғиб қилганларида фикримиз бир жойдан чиқар ва халқни тарбиялаш мақсадимиз ҳам амалга ошишишга ёрдам бўлар эди. Валлоҳу аълам!