Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Хизмат ҳақи олиш

16:06 / 28.09.2020 | Хошим | 5310

Ассалому алайкум! Мен ишлайдиган жойда ишимни қилишим вазифалиги белгилаб қўйилган. Агар шуни бажарсам тадбиркорлар "раҳмат" айтиб кетишади. Аслида ўшани бермасалар ҳам мен шу ишни қилиб бераман. Айтингчи шу пуллар ҳалол ҳисобланадими? 


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

ПОРА ҲАРОМДИР

Абу Хумайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам асадлик Ибн Лутбияята деб аталадиган кишини закотга омил қилдилар. Бас, у (қайтиб) келганда, мана бу сизларга, мана бу эса менга ҳадя қилинди, деди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб хутба қилдилар; Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва: «Мен юборган омилга нима бўлдики, мана бу сизларга, мана бу эса менга ҳадя қилинди, дейди! Агар у отасининг ёки онасининг уйида ўтирганида кўрарди, унга ҳадя берилармикин ёки берилмасмикин! Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, сиздан кимки ўшандан бирор нарса олса, албатта қиёмат куни уни бўйнида кўтариб келади. Туя бўлса пишқириб, сигир бўлса бўкириб, қўй бўлса маъраб туради, дедилар. Сўнгра икки қўлларини кўтардилар, хаттоки қўлтиқларининг оқларини кўрдик. Сўнгра икки марта: «Аллоҳим! Етказдимми?!» дедилар.Учовлари ривоят қилган.Ушбу ҳадиси шарифда пора олиш ҳаром эканлиги ҳақида сўз кетмоқда. Аммо, бу ҳукм қоғоздаги ёки қонун чиқарувчи томоннинг қуруқ гапи эмас, бошқа Исломий ҳукмлар каби ҳаётий тажрибага йўғирилган ҳолда, татбиғига аралашган ҳолда содир бўлмоқда. Бу эса, Ислом ҳукми қуруқ хаёл ёки турли фаразлардан холий, ҳаётий тажрибалар ила тасдиқланган воқеъий ҳукм эканлигига ёрқин далилдир.Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Бани Асад қабиласига мансуб Ибн Лутбияята исмли кишини омили садақа-закот олувчилик вазифасига таъйин қилдилар. Амалдор бўлиб олган Ибн Лутбияята розияллоҳу анҳу ўз иш жойларига, закотини йиғиб олиши лозим бўлган диёрга жўнаб кетдилар. Маълум вақт ўтиб, ишни бажариб қайтиб келдилар. Йиғиб келган закотни хазина-байтул молга, мана бу сизларга, деб топширдилар. Аммо, у кишининг ҳузурида топширилган молу-мулкдан ташқари яна баъзи нарсалар қолди. Ибн Лутбияята розияллоҳу анҳу ўша қолган нарсалар нима эканлигини баён қилиб, мана бу эса, менга ҳадя қилинди, дедилар. У кишининг фикрича, ҳадя олишга ҳақлари борлигидан ана шундоқ тасарруф қилдилар. Биров ўз кўнглидан чиқариб берганидан кейин бўлаверадида. Закотни тўлиқ олиб келиб топширилган бўлса, ҳадяни мол эгаси ўз ихтиёри билан берган бўлса, нима учун олмасин?! Ҳар бир жамиятда, ҳар бир тузумда, ҳар бир шахс худди шундоқ ўйлайди. Аммо, Исломда ундоқ эмас. Шунинг учун ҳам, Аллоҳнинг элчиси, Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам Ибн Лутбияята розияллоҳу анҳунинг мазкур гапларини эшитишлари билан дарҳол ўринларидан турдилар ва минбарга чиқиб кўпчиликка бу ҳақдаги илоҳий ҳукмни баён қилишга ўтдилар. Аввал одатдагича гапнинг бошида Аллоҳ таолога ҳамду сано айтдилар. Кейин эса асосий мақсадга ўтдилар:«Мен юборган омилга нима бўлдики, мана бу сизларга, мана бу эса менга ҳадя қилинди, дейди!»Гапнинг сиёғидан Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Ибн Лутбияята розияллоҳу анҳунинг қилган ишлари, айтган гапларидан қаттиқ ҳаёжонга тушганлари очиқ ойдин билиниб турибди. Хутбанинг давомида бу ҳолат янада очиқ-ойдин янгради: «Агар у отасининг ёки онасининг уйида ўтирганида кўрарди, унга ҳадя берилармикин ёки берилмасмикин!»Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам амалининг ишга солиб ҳадя олган қиёмат куни ўша олган нарсаси туфайли албатта жазога тортилишини Аллоҳнинг номи ила ўз муборак номларини ва қимматли жонларини орага қўшиб қасам ичиб такидлаб туриб баён қилмоқдалар: «Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, сиздан кимки ўшандан бирор нарса олса, албатта қиёмат куни уни бўйнида кўтариб келади. Туя бўлса пишқириб, сигир бўлса бўкириб, қўй бўлса маъраб туради».Қиёмат куни ўз даҳшати билан ҳаммаёқни қамраб олган. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Отанинг бола билан, боланинг ота билан, онанинг қизи билан, қизининг она билан, эрнинг хотин билан, хотининг эр билан, иши йўқ. Ҳамма ўз нажотини кўзлаб, зорланиб, кўзлари қўрқинчга тўлиб турибди. Қилча бўлса ҳам нажот арқонини изламоқда, қилча бўлса ҳам ёмонлик аломатидан қўрқиб турибди. Шундай бир пайтда, бу дунёда порага туя олган бўйнида пишқириб турган туяни аранг кўтариб, қомати букилиб, иши расво бўлганидан ўкиниб, зор-зор йиғлаб келмоқда, унинг ёнида бошқа бири бўйнида бўкириб турган сигирни яна бошқаси маъраб турган қўйни кўтариб келмоқда... Демак, буларниг сўроқ-саволи, ҳисоб-китоби, далил-гувоҳи ўзлари билан.Албатта, туя, сигир ва қўйлар ўша вақтда закотга омилларга берилиши эҳтимоли кучли поралар сифатида зикр қилинмоқда. Мазкур ҳайвонлардан бошқа нарсаларни, жумладан пулни олганларга ҳам ўзига яраша шармандали ҳолат бўлади. Уларнинг барчалари ўз жазоларини албатта оладилар. Мазкур ҳукм Пайғамбаримиз томонидан етказилиши керак бўлган илоҳий ҳукм эди. Шунинг учун ҳам уни етказиб бўлиб Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:«Икки қўлларини кўтардилар, ҳаттоки қўлтиқларининг оқларини кўрдик. Сўнгра икки марта: «Эй, бор Худоё! Етказдимми?!» дедилар.Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога ёлбориб икки қўлларини қўлтиқлари оқи қўрингунча баланд кўтаришлари ва икки марта, қайта-қайта, Эй, бор ҳудоё! Етказдимми?!, дейишлари иш қанчалар муҳим эканини яна бир бор таъкидлайди. Демак, қиёмат кунидан умиди бор ҳар бир шахс пора олмаслиги керак. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бир куни ичимизда туриб «ғулул»ни зикр қилдилар. Унинг ўзи ҳам, иши ҳам оғир эканини айтдилар. Сўнгра:-Сизлардан бирортангиз қиёмат куни бўйнида пишқириб турган туяни кўтариб келиб, эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!, деганини кўрмайин. Ўшанда, мен сен учун бирор нарсага молик эмасман. Батаҳқиқ, сенга етказган эдимку!, деб юрмайин. Сизлардан бирортангизни қиёмат куни бўйнида кишнаб турган отни кўтариб келиб, Эй Аллоҳнинг Расули, Мени қутқаринг!, деганини кўрмайин. Ўшанда, мен сен учун бирор нарсага молик эмасман. Батаҳқиқ, сенга етказган эдимку!, деб юрмайин.Сизлардан бирортангизни қиёмат куни бўйнида маъраб турган қўйни кўтариб келиб, эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!, деганини кўрмайин. Ўшанда, мен сен учун бирор нарсага молик эмасман. Батаҳқиқ, сенга етгазган эдимку!, деб юрмайин.Сизлардан бирортангизни қиёмат куни бўйнида қичқириб турган жонни кўтариб келиб, эй, Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!, деганини кўрмайин. Ўшанда, мен сен учун бирор нарсага молик эмасман. Батаҳқиқ сенга етказган эдимку! деб юрмайин.Сизлардан бирортангизни қиёмат куни бўйнида ҳилпираб турган кийимни кўтариб келиб, эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!, деганини кўрмайин. Ўшанда, мен сен учун бирор нарсага молик эмасман. Батаҳқиқ, мен сенга етказган эдимку! деб юрмайин. Сизлардан бирортангизни қиёмат куни бўйнида жим турувчи (тилло-кумуш)ни кўтариб келиб, Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг! деганини кўрмайин. Ўшанда, мен сен учун бирор нарсага молик эмасман. Батаҳқиқ сенга етказган эдимку! деб юрмайин», дедилар.Бошқа бир ривоятда: «Эй одамлар! Сизлардан ким бир иш учун бизга омил қилинса ва биздан бирор игнами ёки ундан каттароқ нарсаними беркитса, ўша ғалулдур. Қиёмат куни уни келтирур», дейилган.Икковини Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ношаръий йўл билан даромад ортдиришнинг оддий ўғриликдан бир неча марта оғир гуноҳ эканлигини такрор-такрор айтиб, унинг оқибати нима бўлишини очиқ ойдин баён қилиб қўйганлар. Шундан кейин ҳам мазкур гуноҳга қўл урган одам қиёмат куни ўзидан кўраверади. Ўша даҳшати гўдакларнинг сочини оқартириб юборадиган ҳисоб-китоб кунида у ўз олган нарсасини, туямиди, отмиди, молмиди, қўймиди ёки бошқа бирор тирик жонмиди, ё бўлмаса кийиладиган кийиму тилла-кумуш, жарақ-жарақ пулмиди ҳамма-ҳаммасини бўйнида кўтариб келади ва ўзига яраша жазосини олди.Исломда пора олиш ҳаром қилиб қўйилиши қанчалик ҳикматли эканини ҳаёт тажрибаси қайта-қайта тасдиқлади. Шахсий бойлик ортдиришга ўрганган ҳаромхўр ўзи учун келадиган бир тийинлик шахсий фойда учун жамоатчиликнинг миллион сўмини қурбон қилишга доимо тайёр туради. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга (ишга) юбордилар. Жўнаб кетганимдан кейин орқамдан одам юбордилар. Қайтариб келиндим. Шунда У зот:«Сенга нима учун одам юборганимни биласанми? Менинг изнимсиз бирор нарсани олмагин. Чунки, у ғулулдир. Ким ғулул олса, қиёмат куни ғулул олган нарсаси ила келур. Шунинг учун сени чақирган эдим. Энди ишинга кетавер», дедилар.Термизий ривоят қилган.Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз одамларидан бири Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яман вилоятига волий этиб таъйинладилар. Муоз розияллоҳу анҳу жўнаб Яманга қараб йўлда кетаётганларида ортларидан одам юбориб қайтартириб олдириб келдилар. Қайта таъйинланиши лозим, давлат аҳамиятига молик ўта муҳим гап бор эди. У гап қуйидагича:«Менинг изнимсиз бирор нарсани олмагин. Чунки у ғулулдир Ким ғулул олса, қиёмат куни ғулул олган нарсаси ила келур».Демак, таъйинланган ҳақдан бошқа нарсани олиш мутлақо мумкин эмас. Агар изнсиз бирор нарсани олса, аввалги ҳадисда айтилганидек, игнача нарсани олса ҳам, қиёмат куни жавоб беради.Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуга қайта таъйинламоқчи бўлган муҳим гап шу эди. У зотнинг бошқа ҳеч қандай гаплари йўқ эди. Бу маънони У зот саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўз гаплари сўнгида.«Шунинг учун сени чақирган эдим. Энди ишингга кетавер», деганларидан ҳам билиб оламиз.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳукмда пора берувчини ва пора олувчини лаънатладилар».Абу Довуд, Аҳмад ва Термизий саҳиҳ санад ила ривоят қилган.Пора араб тилида ришва деб аталиб, шаръий истилоҳда, ҳақни йўққа чиқариш ва ботилни юзага чиқариш учун бериладиган нарсага айтилади. Мисол учун бировнинг бир нарсада ҳақи бор, ўша ҳақни олиш учун ҳукмиа қараб турибди. Иккинчи бир одам келиб ўзи ҳақдор бўлмаса ҳам пора бериб, ўз фойдасига ўша нарсани беришни сўрайди. Кўриниб турибдики, бу ҳолатда пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам ноҳақ иш қилмоқда, бировнинг ҳаққига хиёнат қилиб ўз фойдасини кўзламоқда. Ушбу ҳаром ишни қилганлари учун Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам икковларини ҳам лаънатламоқдалар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатлари жуда оғир жазодир. Чунки, лаънат бировнинг Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини сўрашдир. Аллоҳнинг маҳбуб Расули Аллоҳдан сўраган нарса бўлмай қолмаслиги ҳаммага маълум.Одатда пора олувчини қоралаш маъносида кўп гапирамизу, пора берувчи тўғрисида гапирмаймиз. Ҳолбуки, ушбу ҳадиси шарифди пора берувчи олдин зикр қилинмоқда. Чунки, пора деб номланган иқтисодий, ахлоқий, ижтимоий жиноятни бошловчи пора берувчидир. Бошқа ҳолларда кўпроқ тамаъ қилгани учун пора берувчи мажбур бўлиб берганини этиборга олганга ўхшаб кўринамиз. Аммо ўша «мажбур» бўлиш ҳам икки хил бўлади. Бу ҳолда пора берувчини қандоқ қилиб узрли дея олишимиз мумкин? Ҳеч мумкин эмас. Ундоқ пора берувчи пора олувчига қўшилиб лаънатга дучор бўлишида ҳеч шубҳа йўқ. Иккинчи ҳолатда пора берувчи порахўрнинг тамаси туфайли ўз ҳаққига эришиш учун пора беришга мажбур бўлади. Баъзи тобеинлар ва уламолар ушбу ҳолатда пора берувчи узрли ҳисобланади, лаънатга учрамоқлиги умид қилинади, деганлар. Лекин, бошқа баъзи уламоларимиз бу ҳолатда ҳам пора берувчи узрли ҳисобланмайди, деганлар. Ушбу масалада келган бошқа ҳадиси шарифда учунчи бир шахс-пора берувчи билан пора олувчи ўртасида турган воситачи ҳам лаънатланган.Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Аллоҳ пора берувчини, пора берувчини ва икковлари ўртасида юрувчи порасини лаънатласин», дейилган.Порахўрлик қанчалик ёмон иллат эканини ҳамма яхши билади. Ҳаммадан ҳам кўра бу ишнинг ёмонлигини мусулмонлар яхши биладилар. Чунки, бу иш улар учун нафақат бу днёга, балки, охиратга ҳам тегишли масаладир. Аммо, минг афсуслар бўлсинким, кўпгина жамиятларда инсонлар порахўрлик балосидан жафо чекмоқдалар. Порахўрлик туфайли ботил ҳақнинг устидан, нопоклик поклик устидан, зулум адолат устидан, хиёнат омонат устидан, харомхўрлар покиза инсонлар устидан ғолиб келмоқдалар.Инсонлар бу балодан қутилишлари учун Аллоҳнинг бекамикўст, мукаммал дини Исломга юзланишлари лозим. Ана шундагина бошқа кўплаб муаммолар қатори порахўрлик муаммоси ҳам тугаб битади, иншааллоҳ. Валлоҳу аълам!

https://savollar.islom.uz/s/6066

Топ рейтинг www.uz Openstat