Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Инжилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида

09:20 / 19.10.2020 | Shoxrux | 4333

Ассалому алайкум! Инжил китобида охирги замон пайғамбари келади ва ҳаммаларингиз унга эргашинглар дейлганим? Ёки шунга ўхшаш матн келганим?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Албатта келган. 

Библия сўзлаганда
Биринчи башорат 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
«Биз китоб берган кишилар (яҳудий ва масиҳийлар) уни (Муҳаммад алайҳиссаломни) худди болаларини танигандек танийдилар. Ва албатта, улардан бир гуруҳлари билиб туриб ҳақни беркитадилар» (Бақара сураси, 146-оят).
Инсон ўз боласини ҳаммадан яхши танийди. Чунки фарзанд унинг жигарбанди, унда ўзининг қони, табиати, ҳис-туйғулари ва бутун вужуди акс этган. Инсон ўз фарзандини хатто ҳидидан ҳам танийди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ана шу ҳақиқатга қиёсан зарбулмасал қилиб айтадики, «Биз китоб берган кишилар уни (Муҳаммад алайҳиссаломни) худди болаларини танигандек танийдилар».
Чунки аҳли китобларга нозил бўлган Таврот ва Инжилда охир замон Пайғамбари ҳақида ойдин хабарлар келган. Бироқ, афсуски, улар ўз муқаддас китобларини ўзгартирдилар, ҳақиқатни яширдилар.

Инсон кўрмаган одамини таниши мумкинми? Ёки бегона одамни ўз фарзандини танигандек таниши мумкинми? Албатта, мумкин. Фақат бунинг учун у ҳақда жуда кўп маълумотга эга бўлиши керак. Аҳли китоблар Ислом пайғамбарини ҳам ўз фарзандларини таниганларидек таниб олишлари учун уларга шу қадар кўп башоратлар берилганки, танимасликнинг иложи йўқ эди. У зот қаерда туғиладилар исмлари нима бўлади, ваҳий қачон келади, қавм у зотга қандай муносабатта бўлади, қаерга ҳижрат қиладилар, дастлаб қай томонга қараб намоз ўқийдилар, кейин қибла қаер бўлади, кимлар билан жанг қиладилар, бу кураш нима билан якун топади, қандай шаръий ҳукмларни жорий этадилар – буларнинг барчаси ҳақида очиқ-ойдин башоратлар, хабарлар берилган эди. Бироқ улар Ислом пайғамбарини танимадилар, тўғрироғи – танишни исташмади. Ёки таниб туриб, тонишди, ҳақиқатдан юз ўгиришди. Бу ҳам етмагандек, бошқалар таниб қолмасин деб ҳақиқатни яширишди. У зот алайҳиссалом ҳақларидаги башоратларни яшириб, уни бошқача талқин қилишди. Муқаддас китобларнинг матнини ўзгартириб, хоҳлаган кўйларига солишди. Аммо қанчалик ўзгартириб, яширишга ҳаракат қилишмасин, барибир Ислом элчиси – охир замон пайғамбари ҳақидаги башоратлар Таврот ва Инжилда сақланиб қолди.
Келинг, ана шу башоратлардан бири ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Муҳаммад 

Ислом пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳаммад, Аҳмад, Мустафо ва шу каби муборак исм ва сифатлар билан танилганлар.
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг исмларим бор. Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур. Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг оёқларим олдига одамларни ҳашр этур. Мен Оқибман», дедилар»
(Бухорий ривоят қилган). 

Муқаддас китобларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асл исмлари –Муҳаммад исми келганми? Табиийки, яҳудий ва масиҳийлар бу саволга бир овоздан «Йўқ» деб жавоб беришади. Аммо биз «Ҳа, келган» десак, ишонасизми?
Келинг, бир изланиб, баҳс юритиб кўрамиз.

Тавротда қуйидаги сатрларни ўқиймиз (тушунарлироқ бўлиши учун рус тилидаги таржима ҳам келтирилди):

«Унинг овози жуда ширин, Ўзи эса ҳар жиҳатдан мафтункор. Эй Қуддус қизлари, мана шундай йигит Менинг севгилим, дўстимдир‎». (Қўшиқ, боб 5/16).

Уста его - сладость, и весь он - любезность. Вот кто возлюбленный мой, и вот кто друг мой, дщери Иерусалимские! (Песня Песней, глава 5/16).
Яҳудий ва масиҳий олимлар бу сўзлар буюк бир зот ҳақидаги башорат эканлигини таъкидлайдилар. Фақат яҳудийлар бу башорат Сулаймон алайҳиссаломга тегишли дейишса, масиҳийлар уни Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги башорат дейишган. Энди бу сўзларнинг иврит (яҳудий) тилидаги матнини келтирамиз:

חכו ממתקים וכלו מחמדים זה דודי וזה רעי בנות ירושׁלם:
חכוH2441 ממתקיםH4477 וכלו H3605 מחמדיםH4261
זה H2088 דודי H1730 וזה H2088 רעי H7453 בנותH1323
ירושׁלם׃H3389
 

Баҳс юритадиган сўзимиз – ажратиб кўрсатилган (H4261מחמדים) сўзидир. Гап шундаки, бу сўз иврит тилида «муҳаммадим» деб талаффуз қилинади. Мусулмонлар гап ким ва нима ҳақида кетаётганлигини тушуниб бўлишди. Нафақат мусулмонлар, балки қайси динда бўлишидан қатъий назар Исломдан озгина бўлса да хабари бўлган, Ислом пайғамбарининг исми Муҳаммад эканини билган ҳар қандай киши бу иқтибоснинг ишорасини тушунди деб ўйлаймиз. 

Маълумки, яҳудий тили ҳам араб тили каби (сомий) семит тиллар гуруҳига киради. Шунинг учун бу тиллардаги жуда кўп сўзларни арабча сўзларга жуда ўхшашлигини кўриш мумкин. 

Яҳудий ёзуви ҳам араб тили каби ўнгдан чапга қараб ўқилади, бу тилда ҳам «а», «и», «у» каби унли товушлар ёзилмай, ҳаракатлар ёрдамида ўқилади. Шунинг учун ҳам бир сўз ҳаракатларнинг ўзгариши туфайли турлича ўқилиши ва ҳар хил маъно касб этиши мумкин.
Келинг, янада тушунарли бўлиши учун бу сўзларнинг яҳудий тилидаги талаффузини транскрипция қилиб, маъноларини ҳам ўрганиб чиқамиз.
Талаффуз:
Хиккў мамтакким вэхуллоў муҳаммадим, зэ дўдий вэ зэ риъий бэнот ерушалам!
Маъноси:
(H2441חכו) – хиккў – тили, оғзи, ҳалқуми. Агар ҳаракат ўзгарса, «кутиб туринг» деган маъно бўлиб қолади.
(H4477ממתקים) – мамтакким – шакар, қандлар, ширинликлар.
(H3605וכלו) – вэ хуллоў – ва айни, ва барчаси, ва ҳаммаси.
(H4261מחמדים) – мухаммадим – муҳаммад. Агар ҳаракат ўзгарса, «марҳамат, мафтункор, илтифот, хуш муомала» деган маъно бўлиб қолади.
(H2088זה) – зэ – бу, мана, ўша.
(H1730דודי) – дўдий – маҳбубим, суюклигим, севганим.
(H2088וזה) – вэ зэ – ва мана, ва бу, ва ўша.
(H7453רעי) – риъий – дўстим, улфатим.
(H1323בנות) – бенот – қизлар .
(H3389 ירושׁלם׃) – ерушалам – Иерусалим (Қуддус), тинчлик ери. Агар ҳаракат ўзгарса, «тинчлик таълими» деган маъно бўлиб қолади.

Агар юқоридаги гапнинг ҳаракатларини ўзгартириб ўқилса, умуман бошқа маъно чиқади. Масалан:

חכו ממתקים וכלו מחמדים זה דודי וזה רעי בנות ירושׁלם 

Кутинг, қандлар ва илтифотни, ақли ва дўстимнинг тоғаси, Иерусалим қизлари!
Ҳарфларнинг ҳаракати яна ўзгартирилса, умуман бошқа маъно хосил бўлади.
Бироқ яҳудий ва масиҳий олимлари фақат (H4261מחמדים) Муҳаммадим сўзининг ҳаракатинигина ўзгартириб ўқишган, холос. Чунки бошқа сўзларнинг ҳаракати ҳам ўзгарса, маъно умуман ўзгариб, иқтибоснинг ўзидан олдинги жумлаларга боғлиқлиги қолмайди.
Шу ўринда нима учун «Муҳаммад» эмас, «Муҳаммадим» дейилган, деган савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, яҳудий тилида ҳам ўзбек тилидаги каби ҳурмат юзасидан кўплик шаклини қўллаш қоидаси бор. Бизнинг тилимиздаги «келдилар, кўрдилар» каби «-лар» қўшимчасини қўшиб, ҳурмат изҳор қилиш яҳудий тилида ҳам бор. Фақат бу қўшимча феълга эмас, отга, яъни бизнинг мисолимизда исмларга қўшилади. Бу қўшимча – ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларига қўшилган «-им» қўшимчасидир.
Демак, яҳудий тилида бир кишига ҳурмат бажо келтириб, сизланадиган бўлса «-им» қўшимчаси қўшилар экан. Бу қўшимча биздаги «-лар» қўшимчасининг вазифасини айнан бажарар экан. Бу нарсани Тавротнинг русча таржимасида кўришимиз мумкин. Масалан, Тавротдаги «Ибтидо» китобида қуйидагиларни ўқиймиз:
6 Хом насли: Куш, Мизра, Пут, Канъон
13 Мизра насли: Луд, Оном, Лахов, Нафтух,
14 Патрўс, Каслув...  (10/6 боб. 13-14)

Айни шу оятларини рус тилидаги таржимаси:
6 Сыны Хама: Хуш, Мицраим, Фут и Ханаан.
13 От Мицраима произошли Лудим, Анамим, Легавим, Нафтухим,
14 Патрусим, Каслухим ...
Эътибор берган бўлсангиз, бу ерда ўзбек ва рус тилидаги таржималарда фарқ бордек. Аслида эса фарқ йўқ. Бироқ, ўзбек тили ва яна баъзи тиллар таржимасида «-им» қўшимчаси ёрдамида керакли маънони бера олмайди. Шунинг учун исмнинг ўзи қолдирилган. Бу маънони берса бўладиган бошқа тиллардаги таржималарда эса ҳурматни изҳор қилувчи «-им» қўшимчаси сақлаб қолинган.
Демак, Аллоҳ азза ва жалла аҳли китобларга охир замон Пайғамбарини таниб олишлари учун башоратлар бериб, у зотнинг исми Муҳаммад бўлиши ҳақида очиқ-ойдин хабар қилган. Баҳсимиз якунида аҳли китобларни инсоф ва адолатга чақириб, юқорида зикр этилган Таврот оятини асл маъносида ўқиймиз: 

חכו ממתקים וכלו מחמדים זה דודי וזה רעי בנות ירושׁלם 

Хиккў мамтакким, вэхуллоў Муҳаммадим зэ дўдий вэ зэ риъий, бэнот ерушалам!
Унинг тили шакар, ўзи эса айни Муҳаммаддир. Мана менинг суюклигим ‎кимдир ва мана менинг дўстим ким, эй Қуддус қизлари!‎ (Қўшиқ, боб 5/16).

Иккинчи башорат 

«Аллоҳ Набийлардан: «Сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун, кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар келганда, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз,–деб аҳду паймонларини олиб туриб: –Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?» деганини эсла. Улар: «Иқрор бўлдик», дейишди. У: «Бас, гувоҳ бўлинглар, мен ҳам гувоҳ бўлувчиларданман», деди». (Оли-Имрон сураси, 81- оят) 

Ушбу ояти каримада ажойиб бир кўриниш васф этилмоқда. Ҳамма Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида тўпланишган. Бу улкан йиғилишда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Пайғамбарларнинг ўзларини гувоҳ қилиб, ўзи ҳам бу гувоҳликка қўшилиб, улардан ишончли, таъкидланган аҳду паймон олмоқда.
Демак, Пайғамбар алайҳиссаломлар ўз умматларини ўзларидан кейин келадиган Пайғамбарга иймон келтириш ва унга ёрдам бериш руҳида тарбиялаб келишган. Уларнинг барчалари бир силсиланинг халқларидир.
Улар ўз қавмларига келажак пайғамбарни таниб олишлари учун Аллоҳ уларга билдирган башоратларни етказишган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

Эй аҳли китоблар! Батаҳқиқ, сизларга Пайғамбаримиз келди. У сизга китобдан беркитиб юрган кўпгина нарсаларингизни баён қилиб беради. (Моида сураси, 15-оят).

Яҳудий ва насороларга бу оятда таъкидлаб айтилаётган нарса–Аллоҳнинг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафақат араб мушрикларига, балки дунёдаги бошқа барча халқларга, шу жумладан, аҳли китобларга ҳам Аллоҳ томонидан келганликларидир. Муҳаммад алайҳиссаломнинг яҳудийларга ҳам Пайғамбар бўлиб келишлари хабари Тавротда бор бўлиб, улардан аҳд олинганда, у зотга иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди. Шунингдек, у зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васалламни насороларга ҳам Пайғамбар бўлиб келишлари хабари Инжилда зикр қилинган бўлиб, Аллоҳ таоло насоролардан аҳд олган пайтида, у зот келган вақтларида иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди. Аммо улардан бу аҳдга вафо қилганлар ҳам бўлди, аксарлари эса хиёнатни ўзларига касб этиб олишди.
Келинг, ана шу башоратлардан яна бири ҳақида тўхталиб ўтамиз. 

Аҳмад 

«Ийсо ибн Мариям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсла». (Саф сураси, 6-оят)
Бу оятларда Ийсо алайҳиссаломнинг башоратлари келтириляпти.
Аммо сизларга ҳақиқатни айтаман, Менинг кетишим сиз учун фойдалидир. Агар Мен кетмасам, Юпатувчи олдингизга келмайди. Агарда кетсам, Уни олдингизга юбораман. (Юҳанно 16/7) 

Ажратиб кўрсатилган лафз Юпатувчи бу юнон тилида Параклетос (Paracletos), агар шу лафзни Периклутос (Pеriclytos) деб ўқилса айнан, Аҳмад лафзи вужудга келади. Бу рисолани тайёрлашда жуда кўп мусулмон ва масиҳий олимларининг (Paracletos) сўзи ҳақида айтган сўзлари ва шарҳларини ўрганиб чиқдим. Бу башоратга мен сал бошқачароқ ёндошишга ҳаракат қилдим. Бу ўрганишим жараёнида олдинги мусулмон олимлари фикрига қўшилган ҳолда яна бошқа бир янги тасаввурга эга бўлдим. Ҳозир сизлар билан шу фикрни баҳам кўраман.
 Аллоҳим! Агар хато қилган бўлсам, бу менинг ожизлигим, инсонлигимдан, мағфиратингдан умид қилиб қолдим. Аллоҳим, агар тўғри топган бўлсам, бу Сендан, карамингдан, марҳаматингдан деб билдим.

Аввало масиҳийлар олдида бу башорат борасида икки йўл бор.
1. Бу башорат Ислом пайғамбарига тегишли деб тан олиш. Бу ҳолда масиҳий динига якун ясалади.
2. Бу башорат Муқаддас Руҳга тегишли дейиш. Бу ҳолатни ҳам ўзига яраша чигалликлари бор.

Биринчи йўлни тутган жуда кўп масиҳий олимлари Ислом динини қабул қилишди. Ва бу башорат тўғрисида кўпгина китоблар ёзишди. Улардан ўрта асрларда яшаб ўтган Испаниялик роҳиб (святой отец) Анселмо, Исломни қабул қилганидан кейин исмини Абдуллоҳ дея эълон қилган ва «Мухтасар Туҳфа ал-Ариб фи родди ала аҳли ас-Солиб» китобини ёзган.

Ўн тўққизинчи асрнинг ёрқин олимларидан, масиҳий Лоҳут илми устози профессор Девид Бинямин Килданий (Абдулаҳад Довуд Килдоний) ҳам бу башорат Ислом пайғамбарига тегишлигини таъкидлаган. Исломни қабул қилганидан кейин «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудий ва масиҳий муқаддас китобларида ворид бўлганидек» китобини ёзган. Булардан ташқари жуда кўп масиҳий олимлар буни айнан Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида башорат дея билиб масиҳий динига якун ясаб Исломни қабул қилишган. 

Иккинчи йўлни тутганлар эса, бу башорат Муқаддас Руҳнинг ҳаворийларга тушиши билан тамом бўлган дейишади. Ҳаворийлар фаолияти 2 боб 1-4 оятлар:

«Ҳосил байрами бўлганда, шогирдларнинг ҳаммаси якдиллик билан бир жойда йиғилиб турган эдилар. Тўсатдан осмондан кучли шамол эсаётгандек бир шовқин келди-ю, улар турган уйни тамоман тўлдирди. Оловга ўхшаш алангаланиб турган тиллар уларга кўринди. Булар бўлиниб, уларнинг ҳар бири ус-тига биттадан кўнди. Ҳаммалари Муқаддас Руҳга тўлиб, Унинг бераётган башорати билан янги тилларда гапира бошлашди». 

Шу оят билан башорат амалга ошди дейишади. Яхши, шундай деб фараз қилайлик. Аммо, бир чигаллик бор, Муқаддас Руҳ Параклетос бўлса, у тушиб ҳаворийларни қамраб олган бўлса, ҳаворий Павл (Павлус) қаерда қолади? Чунки у бу пайтда ҳаворийлар билан эмас эди. Балки, уларни ашаддий душмандларидан бўлган. Павл анашу «Муқаддас Руҳ»га тўлган ҳаворийларнинг бири Стефанни тошбўрон қилиб ўлдирилишида бевосита иштирок этган ва асосий роль ўйнаган эди.

Ҳаворийлар фаолияти 8 боб 1-3 оят: 

«Стефаннинг ўлдирилишини Шоул маъқуллаган эди. Ўша куннинг ўзида Қуддусдаги имонлилар жамоатига қарши кескин қувғин даври бошланди. Ҳаворийлардан бошқа ҳамма Яҳудия ва Самариянинг ҳар хил жойларига тарқаб кетдилар. Баъзи диндор одамлар Стефанни кўмиб, у учун катта йиғи қилдилар. Шоул эса имонлилар жамоатини талон-тарож қилар эди. Уйма-уй юриб, эркакми, хотинми, ҳаммани судраб қамоқхонага берар эди». Шоул бу Павлнинг олдинги исми.
Демак, авлиё Павл бу башоратдан маҳрум қолган. Чунки, Юпатувчини келиши учун Ийсо алайҳиссаломни кетиши шарт эди.
«Агар Мен кетмасам, Юпатувчи олдингизга келмайди». 

Ийсо алайҳиссалом кетди, ўн кундан кейин, Юпатувчи келди ҳам. Орадан йиллар ўтгандан кейин Павл «Менга Ийсо зоҳир бўлди.», дея иддио билан чиқмоқда. 

Умуман олганда Павл Ийсо алайҳиссаломни ҳеч қачон кўрган эмас. Ҳаворийлар сингари олдиларида юриб таълим олмаган. Ўша «сўнги оқшом»да Ийсо олдида бўлмаган, уни қўлидан «муқаддас нон» емаган ва «муқаддас шароб» ичмаган эди. Ийсо уни оёқларини ювиб, дуолар қилмаган. Лекин шунга қарамай масиҳий динининг ҳозирги кўринишининг асосий «муаллифи» бу Павлдир. Буни масиҳий олимлари ҳам, мусулмон олимлар ҳам, умуман масиҳийлик тарихини ўрганган барча олимлар таъкидлаган. Шунинг учун ҳам масиҳийликни қайтадан кўриб чиқишга эҳтиёж сезилади. Бу башоратни Муқаддас Руҳга таъвил қилиш, ўзи шундоқ ҳам чигалликларга ўралашиб қолган масиҳийликни яна катта бир чигаллик гирдобига ташлайди. Нима бўлганда ҳам «Параклет»ни «Юпатувчи»ни Муқаддас Руҳга таъвил қилиш тўғри келмайди. Бунга бир неча сабаблар бор.

Биринчидан Юпатувчи бу сифат исм эмас. Параклет эса исмдир сифат эмас. Чунки юнон тилида “ос” қўшимчаси исмларга қўшилади, сифатларга эмас. 

Иккинчидан Юнон тилида “У” уч ҳил сийғада (музаккар, муаннас, ўрта) сийғасида келади. У (он) У (она) У (оно). Муқаддас Руҳ эса ўрта (оно) сийғада зикр қилинарди. Оятда эса Юпатувчи музаккар (он) сийғасида зикр қилинган. Шунинг учун ҳам Юпатувчи шахс бўлиши керак. Масиҳийликнинг олдинги даврида (ҳаттоки ўрта асрларда ҳам) ҳеч ким Параклетосни Муқаддас Руҳга таъвил қилмаган. Улар шахс деб билишган. 187 йили Монтинос исмли масиҳий киши ўзини ўша башорат қилинган пайғамбар Параклетосман деб иддио қилиб чиқади. Ундан кейин тўртинчи асрда Мони исмли масиҳий ҳам ўзини Параклетос деб эълон қилади. Ийсо алайҳиссалом каби ўзига ўн икки шогирд, етмишта ҳаворий танлайди ва бошқа шаҳарларга юборади. Бундан кўриниб турибдики, Параклетосни шахс ва пайғамбар деб билинган. 

Агар таржимада хато қилинган деб эътибор қилсак. Чунки исмлар тажимасида турли йўл тутилган. Масалан протистантларда (Барбос) деб ёзилган бўлса, католиклар китобида (Бароба) деб келтирилган. Шунингдек (Мессия)ни (Масих) деб, (Селун)ни (Селуҳ)деб келтирилган. Муқаддас китобларни ўзбек ва рус тилидаги таржималарига қарасак ҳам шундай таржималарни кузатами. 

Мисол учун Ибтидо 10 боб 14 оятда ўзбек таржимада Каслув, бўлса, рус тилида Каслухим, деб келтирилган. Шунингдек (Периклутос)ни (Параклетос) деб ёзилган бўлиши ҳақиқатга жуда яқин. У ҳолда эса Қуръон зикр қилган айнан (Аҳмад) лафзига тўғри келади. Инжилда келтирилган бу башорат Муқаддас Руҳ эмас, балки Муҳаммад алайҳиссалом эканликларига яна бир далил, Ийсо алайҳиссаломнинг сўзи: «Агар Мен кетмасам, Юпатувчи олдингизга келмайди». 

Чунки Муқаддас Руҳ келиши учун Ийсо алайҳиссаломнинг кетишлари шарт эмасди. Муқаддас Руҳ шундоқ ҳам улар билан бирга эди. 

«Худо руҳи сувлар узра юрарди» (Ибтидо 1/2) 

«Муқаддас Руҳ сени устингга тушиб келади» (Луқо 1/35) 

«Чақалоқнинг отаси Закариё Муқаддас Руҳга тўлиб, башорат қила бошлади» (Луқо 1/67) 

«Ўша вақтда Куддусда Шимъўн номли бир одам бор эди. У солиҳ ва диндор бўлиб, Исроилнинг тасалли топиш замонини интизор бўлиб кутар эди. Муқаддас Руҳ эса унга ёр эди. Мукаддас Руҳ унга: «Сен Худованд юборган Масиҳни кўрмагунингча, ўлмайсан», деб илҳом берган эди. Шундай килиб, Шимъўн Муқаддас Руҳ таъсирида маъбадга борди....” (Луқо 2/ 25-27.) 

«Марям Муқаддас Руҳдан ҳомиладор экани маълум бўлди» (Матто 2/18) 

«ва Муқаддас Руҳ жисм тусини олиб, каптар шаклида Унинг устига тушиб келди» (Луқо 3/22) 

Ушбу оятлардан кўриниб турибдики, Муқаддас Руҳ ўша пайтларда бўлган. Унинг келишига Ийсо алайҳиссаломнинг кетишлари шарт эмасди. Ийсо алайҳиссаломни ерга келишидан олдин ҳам, келганларидан кейин ҳам, осмонга кўтарилиб кетганларидан кейин ҳам Муқаддас Руҳ уларнинг ораларида бўлган. Бундан ташқари Павл жуда кўп бор Ийсони кўрганлигини иддио ҳам қилган. Демак, Ийсо алайҳиссалом кетиб, Муқаддас Руҳ келганидан сўнг, яна, Ийсо алайҳиссалом зоҳир бўлган. Бирини келиши учун иккинчисини кетиши ҳеч ҳам шарт бўлмаган. Шунинг учун ҳам “Параклетос”ни Муқаддас Руҳга таъвил қилиш тўғри эмас. 

«Параклетос» деб таржима қилинган бу лафзни асл сурёнийча лафзини келтирсак. Бу шундай «Mаhоnmа» яъни «Махома» бўлади. Яҳудийларнинг сурёнийча гаплашадиганларининг кўпчиликлари Испанияда яшашарди, улар Муҳаммадни Махома деб аташарди. Шунинг учун бўлса керак ҳозир ҳам Испанияда Муҳаммадни Маҳома деб аташади. 

Бундан эса, агар «Параклетос» дейилса Муҳаммад, «Периклутос» дейилса Аҳмад келиб чиқади. Шунинг учун бўлса керак, масиҳий тарихчиси Эдвин Жонс ўзининг «Масиҳий динининг пайдо бўлиши» китобида «Параклетос» Муҳаммаддир. Лекин бу жумлаларни Ислом зоҳир бўлгандан кейин, уни маданиятидан таъсирланиб муқаддас китобларга изофа қилинган дейди.
Демак, бу башоратлар Муқаддас Руҳга тааллуқли эмас. Ийсо алайҳиссалом башорат қилган шахс Аҳмад ва Муҳаммад исмли Ислом Пайғамбари алайҳиссаломга тегишлидир.

Учинчи башорат 

«Эй аҳли китоблар! Батаҳқиқ, сизларга Пайғамбаримиз келди. У сизга китобдан беркитиб юрган кўпгина нарсаларингизни баён қилиб беради. Кўпгинасини эса авф қилади. Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан Нур ва ойдин Китоб келди» (Моида сураси, 15-оят). 

Яҳудий ва масиҳийларга бу оятда таъкидлаб айтилаётган нарса – Аллоҳнинг охирги Пайғамбарининг соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат араб мушрикларига, балки дунёдаги бошқа барча халқларга, шу жумладан, аҳли китобларга ҳам Аллоҳ томонидан келганликларидир. Муҳаммад алайҳиссаломнинг яҳудийларга ҳам Пайғамбар бўлиб келишлари хабари Тавротда бор бўлиб, улардан аҳд олинганда, у зотга иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди. Шунингдек, у зоти бобаракотни соллаллоҳу алайҳи васаллам масиҳийларга ҳам Пайғамбар бўлиб келишлари хабари Инжилда зикр қилинган бўлиб, Аллоҳ таоло масиҳийлардан аҳд олган пайтида, у зот келган вақтларида иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди. Бу оятда уларга ўша аҳдномада айтилган Пайғамбар дарҳақиқат келганлигининг хабарини бериб туриб, у зотнинг аҳли китобларга қиладиган баъзи ишлари ҳам айтилмоқда. Ва яна Аллоҳ томонидан уларга «Нур» яъни «Ислом» ва «Китоб» яъни «Қуръон» келганини ҳам таъкидланмоқда. 

Яҳудий ва масиҳийларнинг муқаддас китобларида охирзамон пайғамбарининг исми Аҳмад бўлиши ва у Ислом дини билан келиши очиқ ойдин зикр қилинган эди. Улар ўша ваъда қилинган пайғамбарни ва у ўзи билан олиб келадиган динни кутиб яшашарди. Қачонки Аҳмад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом дини билан уларнинг ораларида зоҳир бўлганларида эса, аксарлари уни тан олишмади ва унинг динидан юз ўгиришди. Бу ҳам етмагандек муқаддас китобларидаги у ҳақидаги башоратларни беркитишди, йўқ қилишди ва бошқа маъноларга буриб таржима қилишди.
Келинг анашу башоратларнинг яна бири ҳақида тўҳталиб ўтамиз. 

АҲМАД 

«Барча халқларни титратаман, уларнинг хазинаси шу ерга келтирилади.” Сарвари Олам айтмоқда: “Ўшанда Мен мана шу Маъбадни ҳашамат билан бой қиламан.” Сарвари Оламнинг каломи шудир: “Кумуш Меники, олтин ҳам Меникидир.” Сарвари Олам айтмоқда: “Бу Маъбаднинг кейинги шуҳрати олдингисидан ҳам улуғроқ бўлади.” Сарвари Оламнинг каломи шудир: “Мана шу ерда тинчлик ато қиламан.”» (Хаггей 2/7-9.)

Бу оятларда қандай башорат бор экан деб ажабланаётган бўлсангиз керак. Гап шундаки, муқаддас китобларнинг ўзбек тили таржимонлари ҳам ота боболари (яҳудий ва масиҳийлар) каби ҳақиқатни беркитиш, бузиш, йўқ қилишдан четда қолишмаган. Улар ҳам ота боболари каби ҳақиқатни яшириш мақсадида, жумлани ҳақиқий маъносидан буриб бошқа маънода таржима қилишган.

«Китобни ўз қўллари билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга қўллари билан ёзган нарсаларидан ҳалокат бўлсин! Уларга топган фойдаларидан ҳалокат бўлсин!» (Бақара-79) 

Тушунарли бўлиши учун ҳудди шу жумлаларни рус тилидаги таржимасини келтиримиз. 

«И потрясу все народы, и придет Желаемый всеми народами, и наполню дом сей славою, говорит Господь Саваоф. Мое серебро и Мое золото, говорит Господь Саваоф. Слава сего последнего храма будет больше, нежели прежнего, говорит Господь Саваоф; и на месте сем Я дам мир, говорит Господь Саваоф.» (Хаггей 2/7-9.) 

Аввало бу башорат борасида яҳудий ва масиҳийларнинг фикрларини билиб олсак. Улар бу оятлар Иброҳим, Яъқуб, Мусо, Довуд ва бошқа пайғамбарларга ваъда қилинган ўша буюк пайғамбар ҳақидаги башорат эканлигини таъкидлаганлар. Яҳудийлар назари бўйича у пайғамбар ҳали келмаган, мудом уни кутишмоқда. Масиҳийлар эса бу башорат Ийсо алайҳиссаломга тегишли дея оламларга жар солиб ётишибди.

Энди оятларни ўзига назар ташлайлик. Агар эътибор берган бўлсангиз (и придет Желаемый всеми народами) ояти ўзбек тилида (уларнинг хазинаси шу ерга келтирилади) деб таржима қилинган. Яна эътибор берган бўлсангиз “Желаемый” сўзи катта харф билан ёзилган. “Желаемый” эса ўзбек тилида “Исталган, Орзу қилинган, Кутилган” маъноларни билдиради. Катта харфда ёзилишидан бу шахс эканлиги билинади. Бундан эса (Ва барча ҳалқларнинг Кутилгани келади) деган таржима келиб чиқади. Нима бўлганда ҳам, бу оятлар ибронийчадан бошқа тилларга қилинган барча таржималари ҳар хил маъно касб этган. Аслида атоқли исмлар таржима қилинмаслиги керак эди. Атоқли исмлар қайси тилда бўлса ҳам ўз ҳолида ёзилиши талаб қилинарди.

Мисол учун масиҳийлик асосчиларидан саналган Авлиё Павлнинг исмини олайлик. “Павл” ўзбек тилидаги таржимаси “кичик” бўлади. Рус тилида “маленький” бўлади. Бошқа тилларда ҳам ўзига муносиб таржимада бўлади. Лекин атоқли исм бўлгани учун барча тилларда “Павл” дейилади, таржима қилинмайди. 

“Желаемый” ёки “Кутилгани” лафзини асл ибронийча ёки арамийчаси (חמדח) (ҲиМиДДаҳ) бўлиб яъни араб тилидаги (Аҳмад) сийғасини айнан ўзидир. Бу икки тил ҳам сомий (семит) тиллари туркумига кириб, сийға ва маъно жиҳатидан бир бирига жуда яқинлиги эътироф этилган. Шунинг учун ҳам бу лафз таржима қилинмай ўз ҳолича қолдириши керак эди. Яъни бу оятнинг ҳақиқий таржимаси қуйидагича бўлиши лозим:

«Ва барча ҳалқларнинг Аҳмади келади»

Барча ҳалқларнинг Аҳмади дейишдан мурод эса, бу келажак пайғамбар ҳамма ҳалқларга бирдай пайғамбар бўлиб юборишлигидан далолатдир. Чунки олдинги пайғамбарлар ўз қавми ёки қабиласининг ўзигагина юборилган эдилар. Иброҳим, Яъқуб, Мусо, Довуд алайҳиссаломлар ва ҳаттоки Ийсо алайҳиссалом ҳам ўз қавмларигагина пайғамбар бўлиб юборилган эдилар.

«Исо эса жавоб бериб: – Мен фақат Исроил халқининг адашган қўйлари ҳузуригагина юборилганман, – деди» (Матто 15/24.) 

Мана бу Ийсо алайҳиссаломнинг эътирофи. Ва яна Ийсо алайҳиссалом ўн икки ҳаворийсига ҳам шундай кўрсатма берган эди.

«Исо ўн икки ҳаворийсини жўнатаётиб, уларга қуйидагича кўрсатмалар берди: “Мажусийлар яшайдиган жойларга оёқ босманглар, самарияликларнинг шаҳарларига кирманглар. Аксинча, адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқи олдига боринглар» (Матто10/5-6)

Аҳмад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса барча ҳалқ ва элатларга пайғамбар қилиб юборилганлар.

«Сен: «Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга, осмонлару ернинг мулки Уники бўлган, Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган ва тирилтириб ўлдирадиган Аллоҳнинг Пайғамбаридирман. Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг Аллоҳ ва Унинг калималарига иймон келтирадиган уммий элчисига – Пайғамбарига иймон келтиринг. Ва унга эргашинг, шоядки ҳидоят топсангиз», деб айт». (Аъроф сураси, 158-оят).
Аввалги Пайғамбарлар ўз қавмлари ва ўз замонларига, ўзларидан сўнг янги Пайғамбар келгунча бўлган даврга Пайғамбар бўлганлар. Улар инсоният тарихининг маълум бир даври учун масъул бўлганлар. Аммо Ислом Пайғамбари Аҳмад соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун олам халқларига ва қиёматга қадар кечадиган замонларга Пайғамбар бўлиб келдилар. У киши келтирган Ислом шариати вақт ўтиши билан эскириб қолмайди, балки барча вақт ва маконга салоҳияти бор шариатдир. Шунинг учун ҳам Аҳмад соллаллоҳу алайҳи васалламга бутун инсониятга қарата, мен барчангизга Пайғамбарман, деб айтиш ҳуқуқи берилган.
Юқоридаги муқаддас китоб башоратининг иккинчи қисмига қарасак, бу башорат Ислом пайғамбарига тегишли эканлиги янада ойдинлашади.
«Сарвари Оламнинг каломи шудир: «Мана шу ерда тинчлик ато қиламан». (Хаггей 2/9.)
Бу ерда тинчлик дея таржима қилинган лафз ибронийча (Шалум) бўлиб, арабчада эса (Салом ёки Ислом) деган маънони билдиради.
Иброний ва араб тилларида бир ҳил маънони, яъни тинчлик ва таслим бўлишни билдиради.
Шунинг учун ҳам бу башорат фақат ва фақат Ислом дини билан келган Аҳмад (Муҳаммад) соллаллоҳу алайҳи васаллам тегишлидир.
Бу оятларнинг ҳақиқий таржимаси қуйидагича бўлади:
« Барча халқларни титратаман, ва барча ҳалқларнинг Аҳмади келади.....» (Хаггей 2/7.)
«Сарвари Оламнинг каломи шудир: “Мана шу ерда Исломни ато қиламан» (Хаггей 2/9.). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat