Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Пайғамбарлар

20:25 / 09.04.2016 | Rano | 2625

Ассалому алайкум! Исо алайҳиссаломни “Пайғамбаримиз” дейиш жоизми? Мен шундай деб айтганимда бир дўстим “у бизнинг пайғамбар эмас” деган эди. Мен буни нотўғри деб ўйлайман.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 285-оятида арҳамат қилади: آمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنزِلَ إِلَيْهِ مِن رَّبِّهِ وَالْمُؤْمِنُونَ كُلٌّ آمَنَ بِاللّهِ وَمَلآئِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ لاَ نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِّن رُّسُلِهِ وَقَالُواْ سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا غُفْرَانَكَ رَبَّنَا وَإِلَيْكَ الْمَصِيرُ Расул унга ўз Роббидан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Ҳар бирлари Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига: «Унинг расулларининг бирорталарини ажратмаймиз», – дея иймон келтирдилар. Ва: «Эшитдик ва итоат қилдик. Роббимиз, мағфиратингни сўраймиз ва сўнгги қайтиш Ўзинггадир», – дедилар. Ушбу ва кейинги ояти карима – иккиси ўзларида ушбу суранинг хулосасини мужассам қилгандир. Бу икки оятнинг ҳар бир сўзи улкан маъноларни англатади. Уларда ақийда, иймон хусусиятлари, банданинг ўз Робби билан бўладиган ҳоли, фарз қилинган амалларга муносабат ва бошқалар келган. «Расул унга ўз Роббидан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам». Пайғамбарнинг иймонидек кучли иймон бўлмайди. Чунки у тўғридан-тўғри Аллоҳдан қабул қилиб олинган иймондир. Оятда ана шу иймонга мўмин бандаларнинг шерик қилиниши улар учун улкан шарафдир. «Ҳар бирлари Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига: «Унинг расулларининг бирорталарини ажратмаймиз», – дея иймон келтирдилар». Бу қиёматгача инсониятнинг барчасига йўлбошчи бўладиган умматга хос иймондир. Аллоҳга иймон келтириш исломий тасаввурнинг асосидир. У ҳаётий йўлнинг негизидир. Одоб, ахлоқ, иқтисод, сиёсат, хуллас, банданинг ҳар бир ҳаракати ва нафасининг ҳам асосидир. Аллоҳга иймон келтиришнинг маъноси Унинг илоҳликда, тарбиякунандаликда ва ибодатда ягона Ўзи ҳақдор эканини эътироф қилишдир. Инсоннинг қалбига, виждонига, ҳаётидаги ҳар бир ишига хўжайинлик ягона Аллоҳга хос, дея эътироф қилишдир. Бу ишларда Аллоҳга ҳеч қандай шерик йўқ. Унинг яратувчиликда шериги йўқ. Ҳамма нарсани Ўзи яратган. Тасарруфотда ҳам Унинг шериги йўқ. Барча ишларни ягона Ўзи тасарруф қилади. Унинг ризқ беришда шериги йўқ. Ҳаммага ягона Ўзигина ризқ беради. Унинг фойда беришда шериги йўқ. Ҳаммага фойдани ягона Ўзигина беради. Унинг зарарли нарсаларни халқ қилишда шериги йўқ. Ҳамма зарар етказувчи нарсаларни халқ қилишни ягона Ўзи амалга оширади. Борлиқдаги каттаю кичик ҳар бир нарса Аллоҳнинг изни ва иродаси билан бўлади. Унинг ибодатга ҳақдорликда шериги йўқ. Барча ибодат ва барчанинг ибодати ягона Аллоҳнинг Ўзигадир. Унинг итоатга ҳақдорликда ҳам шериги йўқ. Барча тоат ва барчанинг тоати ягона Аллоҳнинг Ўзигадир. Унинг бандалар қалби ва виждонига хожа эканида ҳам шериги йўқ. Ҳамманинг қалби ва виждонига ягона Аллоҳнинг Ўзи хожадир. Унинг бандалар ҳаётига раҳнамолик қилишда ҳам шериги йўқ. Ҳамманинг ҳаётий йўлини, қонунларини, иқтисодини, муомалаларини ягона Аллоҳ таолонинг Ўзи кўрсатиб беради. Шомил иймон, Аллоҳга иймон келтириш худди шуни тақозо қилади. Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш Аллоҳга иймон келтиришнинг ичида бор. Фаришталарга иймон келтиришга Аллоҳ буюрган. Шунинг учун ҳам иймон келтириш лозим бўлган барча нарсалардан олдин Аллоҳга иймон мустаҳкам бўлиши керак, дейилади. Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш ҳис этиш аъзолари таъсирига тушмайдиган, улардан юқори бўлган ғайб нарсаларга иймон келтиришнинг бир қисмидир. Инсонни яратган Аллоҳ унинг табиатида ғайб нарсаларга қизиқиш борлигини билганидан, ушбу ғайбий нарсага – фаришталарга иймон келтиришга буюрган. Ўзи билан доимо фаришта бирга юришига ва у яхши-ёмон барча ишларни ёзиб боришига ҳамда фаришталарнинг бошқа хусусиятларига иймон келтирган одам фақат яхшилик қилиб, ёмонликдан четда бўлади. Бундай ҳис-туйғу эса ҳар бир одам боласи учун зарурдир. Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ғайбий нарсаларга, жумладан, фаришталарга ишонишдадир. Бундай иймони бор инсон ҳис этиш аъзолари чегарасида тор жойда ўралиб қолмайди, балки тасаввур доираси чексиз бўлади. Аллоҳнинг китобларига иймон келтириш ҳам Аллоҳнинг Ўзига бўлган иймондан ўсиб чиқадиган иймондир. Илоҳий китобларга иймон келтиришга Аллоҳнинг Ўзи буюрган. Аллоҳга ишонган одам Ундан келган хабарларга ҳам ишониши керак. Аллоҳнинг пайғамбарларига иймон келтириш ҳам Аллоҳнинг Ўзига бўлган иймондан ўсиб чиқадиган иймондир. Пайғамбарларга иймон келтиришга Аллоҳнинг Ўзи буюрган. Аллоҳга ишонган одам Унинг пайғамбарларига ҳам ишониши лозим. «Унинг расулларининг бирорталарини ажратмаймиз». Яъни «Аллоҳ юборган барча пайғамбарларга бирдек иймон келтирамиз. Бирорталарини ажратиб қўймаймиз». Шундай қилиб, мусулмон уммати ҳамма пайғамбарликларнинг ягона ва охирги меросхўри бўлиб қолган. Иймон неъматидек улуғ неъмат мусулмонларга насиб қилган. Бу иймон уларни икки дунё саодатига эриштиради. «Ва: «Эшитдик ва итоат қилдик. Роббимиз, мағфиратингни сўраймиз ва сўнгги қайтиш Ўзинггадир», – дедилар». Буларни фақат Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига ҳақиқий иймон келтирган кишиларгина айта оладилар. Аллоҳ томонидан келган ҳар бир нарсани эшитиш, Аллоҳдан бўлган ҳар бир амрга итоат қилиш ҳақиқий мўминнинг ишидир. Мўмин киши Аллоҳдан келган ҳар бир хабарни эшитиб, ҳар бир амрга итоат қилиб туриб, яна ўзида нуқсон борлигини ҳис қилади ва: «Роббимиз, мағфиратингни сўраймиз», – дейди. Эътибор беринг-а, аввал эшитиш, кейин итоат қилиш ва, ниҳоят, мағфират сўраш. Баъзи бир гумроҳлар эшитмайди ҳам, итоат ҳам қилмайди, лекин мағфиратни даъво қилади. Мўмин кишининг бунчалик серташвиш бўлишига сабаб бор, чунки у қайтиб бориш Аллоҳнинг Ўзига эканини жуда яхши билади. Банда эшитишга ва итоат қилишга доимо тайёр тургани билан Аллоҳ таоло унинг тоат даражасини, нимага қодиру нимага қодир эмаслигини яхши билади ва унга тоқатидан ташқари таклиф қилмайди.(“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat