Ассалому алайкум! Саволим шундай эди. Жинлар саҳоба бўла оладими?
– Ва алайкум ассалом! Бўлганда. Саҳоба бўлганлари Қуръонда зикр қилинган. Аллоҳ таоло "Жин" сурасида марҳамат қилади:
قُلْ أُوحِيَ إِلَيَّ أَنَّهُ اسْتَمَعَ نَفَرٌ مِّنَ الْجِنِّ فَقَالُوا إِنَّا سَمِعْنَا قُرْآنًا عَجَبًا
1. Айт: «Менга ваҳий қилиндики, албатта, жинлардан бир неча нафари қулоқ осдилар ва дедилар: «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик.
Бу оятда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, айтишлари керак бўлган маънони ҳам баён қилади, яъни етти нафар жин у кишининг қироатларига қулоқ осганлари ва қавмларига бориб, «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик», – деб хабар берганлари ҳақида айтишни буюради.
Демак, жинлар Қуръони Карим тиловатини эшитишлари билан бу оддий сўз эмаслигини, дунёда янги оламшумул воқеа рўй берганлигини фаҳмлаб, бу воқеа жинлар ҳаётида ҳам катта ўзгариш бўлишига сабаб бўлганини дарҳол тушуниб етганлар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!