Ассалому алайкум! Вафот этган майитни нима учун тезлатиб кўмиш керак? Майит нимадан, қандай озор чекади?
– Ва алайкум ассалом! Ҳадисда тезроқ дафн қилиш айтилган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَسْرِعُوا بِالْجِنَازَةِ فَإِنْ تَكُ صَالِحَةً فَخَيْرٌ تُقَدِّمُونَهَا إِلَيْهِ وَإِنْ تَكُ غَيْرَ ذَلِكَ فَشَرٌّ تَضَعُونَهُ عَنْ رِقَابِكُمْ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жанозани тезлатинглар. Агар аҳли солиҳ бўлса, яхши. Уни (яхшиликка) тақдим қиласизлар. Агар ундан бошқача бўлса, ёмон. Уни елкангиздан (тезроқ) қўясиз», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан жаноза кўтарилганда нима учун тез юрилишининг ҳикмати келиб чиқади. Бу ишда фақат яхшилик кўзда тутилган. Агар маййит аҳли солиҳ, тақводор, яхши одам бўлса, унга ўлими пайтида у дунёдаги жойи ва бўладиган неъматлар, иззат-икром кўрсатилган бўлади. Маййит ўша ўзи учун тайёрланган яхшиликларга тезроқ етишишга интиқ бўлиб, ошиқиб туради. Шунинг учун уни тезроқ олиб бориб, жойи¬га қўйиш керак.
Агар, Худо кўрсатмасин, маййит ёмон одам бўлса, унинг касофати ҳаммага уради. Унинг касофатидан қутулиш учун уни тезроқ олиб бориб, кўмиш керак бўлади.
عَنْ عُيَيْنَةَ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ، عَنْ أَبِيهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ كَانَ فِي جَنَازَةِ عُثْمَانَ بْنِ أَبِي الْعَاصِ وَكُنَّا نَمْشِي مَشْيًا خَفِيفًا، فَلَحِقَنَا أَبُو بَكْرَةَ، فَرَفَعَ سَوْتَهُ، فَقَالَ: لَقَدْ رَأَيْتُنَا وَنَحْنُ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَرْمُلُ رَمَلًا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ
Уяйна ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳудан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«У (отаси) Усмон ибн Абул Осснинг жанозасида бўлган:
«Секин юриб борар эдик. Орқамиздан Абу Бакра етиб келди ва овозини кўтариб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлганимизда тезлаб – шитоб билан юрар эдик!» деди».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аввало ровий Уяйна ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.
Уяйна ибн Абдурраҳмон ибн Жувшан Ғатафоний ал-Басрқий, кунялари Абу Молик.
Ҳадисларни оталаридан ва Ибн Абу Рубуйъа ибн Жувшан, Ибн Умарнинг қуллари Нофеъ, Айюб ибн Мусо, Али ибн Зайд ибн Жудъонлардан ривоят қилдилар.
Бу кишидан Ибн Муборак, Исо ибн Юнус, Холид ибн Ҳорис, Абу Убайда, Абу Осим, Абу Абдурраҳмон Мунқарийлар ривоят қилдилар.
Ушбу ривоятдан жанозани кўтариб, секин, имиллаб юриб бўлмаслиги келиб чиқади. Бундай қилиш бошқа миллатларнинг одатидир.
Маййит ювилиб, кафанланганидан кейин чал¬қанчасига тобутга қўйилади. Тобутни тўрт тарафидан тўрт киши кўтариши суннатдир. Тобутни кўтармоқчи бўлган шахс аввал унинг олдинги чап дастасидан ўнг елкаси билан кўтаради. Ўн қадам юрганидан кейин бошқага бериб, орқа дастага ўтади. Уни ҳам ўнг елкасига олиб, ўн қадам юради. Кейин бошқа одамга беради. Сўнг тобутнинг ўнг томони олд дастасидан чап елкаси билан кўтаради ва ўн қадам юриб ўзгага жой бўшатади. Ке¬йин ўша тарафнинг орт дастасига ўтиб, уни ҳам ўн қадамгача кўтариб боради.
Ушбу ҳукмни билган одамлар билмаганларга ўргатиб туришлари лозим. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!