Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

иҳтилоф.

00:00 / 10.08.2012 | eski savollar | 2456
Ассалому алайкум. Ҳазрат, бизга малумки бугунги кунга келиб чэкишни олимларимиз (мазҳабдаги олимларни назарда тутдим) ҳаромлигини такидлашмоқда ва буни ҳусусан сизни эшиттиришингизда ҳам эшитганмиз. Лекн, бир инсон (мадрасада őқиган) макруҳ деб қатий такидламоқда (интернет орқали ва уни гапларини копчилик őқиwи м.н) ва Завориж, Раддул Муҳтор, Дуррул Муҳтор, Г'оятул Баён, Ассулҳу байнал Иҳван ал Уқуддурриялардан далиллар келтирмоқда. Биз ҳам унга, бугунги кунга келиб чэкишни зарарлари яққол очилгандан кегин ҳаром деб фатво берилган десак, у қайси олимлар шу гапни этган деган манода сőрамоқда. Сиз муҳтарамдан илтимосимиз, қайси мазҳаб олимлари ҳаром дейишганлигини ва уларни базиларини номларини бизга зикр қилсангиз ва биз ушбу масалага ойдинлик киритсак.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

КАШАНДАЛИКНИНГ ҲУКМИОдамлар ичида чекиш бошлангандаёқ унинг ҳукми ҳақида саволлар ҳам пайдо бўлган. Бу нарса бизда йўқ эди, ажнабий юртлардан келиб, тарқалиб қолди. Уни чекишнинг ҳукми қандай деб сўраганларида, фуқаҳоларнинг бундай саволга берган жавоблари ҳар хил бўлган. Баъзилар «Бу нарса ҳаром» дейишган. Бошқалар, “зарари йўқ” дейишган. Учинчилари “макруҳ, макруҳ бўлганда ҳам макруҳи таҳримий”, деган ва шунга ўхшаган ихтилофли жавоблар берилган. Мазкур жавоблар ҳозирги кунгача турлича бўлиб келаётган эди. кимдир, ҳечқиси йўқ, деса, бошқаси бўлмаса керак, дер эди. Яна бири, бу борада аниқ ва ҳужжатли гапни эшитмадик, дер эди. Аммо ҳозирда ўша қадимий уламоларнинг чиқарган фатволари билан астойдил танишиш имконига эга бўлинди. Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳаром, деб фатво чиқарган уламолар ичида эски ҳанафий уламолардан, шайх Шарнаболий, Масъудий ва «Дуррул Мунтақо» номли китобнинг соҳиби ҳам тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш мусулмон одам учун ҳаром деган фатво беришган. Ҳанафий уламоларнинг энг машҳурларидан Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи тамаки истеъмол қилишни “макруҳи таҳримий” деб эълон қилган. Шунингдек, моликий мазҳабидан ҳам кўпгина уламолар тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳаром деган фатвони чиқарганлар. Ана шу моликий мазҳаб уламоларининг ичида Солим Санҳурий деган зот, Иброҳийм Лаққоний, Муҳаммад ибн Абдулкарим ал-Факкун, Холид ибн Аҳмад ва Ибн Ҳамдун ва бошқа бир қанча уламолар, моликий мазҳабининг тамсилчилари ўлароқ, тамаки маҳсулотларини чекиш ҳаром деган фатво чиқарганлар. Шофеъий мазҳаби уламоларидан Нажмуддийн Ғаззий, Қалюний, Ибн Аллон ва бошқа бир қанча уламолар ҳам тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, ҳаром деб фатво чиқарганлар. Ҳанбалий мазҳаби уламоларидан шайх Аҳмад Баҳутий, шунингдек, Нажднинг баъзи уламолари тамаки маҳсулотларини чекиш ҳаром деб фатво чиқарганлар. Уларнинг баъзилари шу масалага атаб алоҳида рисолалар ёзишган. Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳаром деб фатво чиқарган уламоларнинг ҳужжат-далиллари.Мазкур уламолар бир неча далилларни келтирганлар. 1. Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни бошлаган пайтда одамни сархуш қилади. Янги чекниш бошлаётган одам маст бўлади. Кейинроқ ўрганиб қолиб, бориб-бориб, чекканда маст бўлмайдиган ҳолатга келади. Дастлабки пайтда маст қилдими, демак тамаки ҳам маст қилувчи нарсалар қаторига киради, деб айтишга имкон бор. 2. Тамаки ақлга таъсир қилади. Чекмаса, сиқилиб, ҳар хил ҳолатларга тушади. Чекса, бироз миясига, ақлига таъсир қилади. Ақлга салбий таъсир қилган нарса Исломда ҳаромлигини ҳамма яхши билади. Шунинг учун, бу нарсани ҳаром деб фатво чиқарилган. Бу фикрга қарши чиққанлар: «Йўқ, бу тамаки маст қилмайди, одамни бироз бўшаштиради, чеккан одамнинг асабларида, танасида бироз бўшашиш ҳис қилинади. Буни маст қилиш деб бўлмайди» деб раддия беришган. Шунда ҳаром деб фатво берганлар: «Худди ана ўша бўшаштиришининг ўзи унинг ҳаромлигига далил» дейишган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадиси шарифни келтиришган.Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар».Имом Абу Довуд ривоят қилган.Демак, тамаки бўшаштирадими? Ундай бўлса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан наҳий қилганлар. У киши бўшаштирувчи модда ҳаром бўлмаса, наҳий қилмасдилар. Демак, инсоннинг жасадида, руҳида, ақлида, асабида бўшашишликнинг сабабчиси бўладиган нарса, албатта Исломда тўғри келмайдиган, ҳаром қилинган нарса ҳисобланади. Шунинг учун, уламолар Умму Салама онамиз ривоят қилган ҳадисни тамакининг ҳаромлигига очиқ-ойдин далил бўлади, деб айтишган.3. Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилган одамнинг баданига ҳам, ақлига ҳам, молу мулкига ҳам зарар етади. Баданига ва ақлига зарар етиши соғлиқнинг кетиши билан бўлади. Чекиш оқибатида турли касалликлар келиб чиқаётганлиги ҳаммага маълум. Моли кетиши – тамакига ишлатилган мол зое кетади. Жуда катта миқдордаги мол беҳуда кетади. Одамлар бу нарсани унча кўп деб ҳисобламайдилар. Ҳар ким бир қути, бир қути олаётган бўлса, кўзига катта пул бўлиб қўринмайди. Лекин миллиёнлаб инсонлар томондина бир кутидан олиб турилгандан кейин бу давлатга, халққа жуда катта зарар бўлади. Тамаки чекувчиларнинг юраги касал бўлиши ҳаммага маълум, заифлашиб қолиши маълум, ўпка касал бўлиши маълум, юзлари сарғайиб кетиши маълум, бошқа ҳар хил касалликлар чиқиши маълум. Буларнинг барчаси тамакининг жуда катта зарар эканининг далилидир. Исломда эса, бир нарсанинг зарари собит бўлгандан кейин ҳаром бўлиши бор. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз шариатида нимани ҳаром қилган бўлса, зарарли бўлгани учун ҳаром қилган. Шунинг учун ҳам, тамаки чекиш ҳаромлиги ҳақида фатво чиқарган уламолар бу ишни Аллоҳ таолонинг “Нисо” сурасидаги:«Ва ўзингизни ўзингиз ўлдирманг”, -(29-оят) деган қавлига тўғри келади, дейишган.Бу гапга қўшилган моликий мазҳаби уламоларидан шайх Алийш: “Тамакини ташқаридан олиб келганлар бу нарса зарар эканини билгандан кейин, бизга олиб келишган. Чеккан одамнинг томоғида, ўпкасида, жигарида ва юрагида қандай зарарлар бўлишини табиблар баён қилишган экан. Бу нарсаларнинг барчаси очиқ-ойдин бўлиб, зарари кўриниб тургандан кейин бу нарсани қандай қилиб ҳалол деб бўлади, деган саволни ўртага ташлаб, тамаки маҳсулотлари ҳаромдир, деган фатвони қўллаган.4. Тамаки маҳсулотларини чекишда исроф, молни зое қилиш бор. Бу эса, Исломда манъ қилинган. Бировнинг ўз пули бор. У шу пулни яхши тасарруф қила олмай, беҳуда сарфлаб юборади. Бундай киши Қуръон ҳукми билан сафиҳ-эсипаст, деб номланади ва пули музлатиб қўйилади. Маҳкама томонидан қарор чиқарилиб, ўз пулини ўзи сарфлай олмадиган қилиб қўйилади. Чунки, у пулни беҳудага сарфлаб юборяпти. У нафақат ўз пулини, балки жамиятга фойда берадиган пулни зое қилиб юборяпти. Унга ўзига кераги берилиб, қолган пулини ушлаб турилади. Бунга ҳаммамиз иттифоқ қилганмиз. Нима учун энди тамаки чекувчи ақли пастлик қилиб молини беҳуда сарфлаяпти, нима бунга тўсқинлик қилмаймиз? Бунга ҳам ҳукм чиқариб, бундай қилма, деган гапни айтишимиз керак. Демак, молни зое, исроф қилиш, беҳуда сарф қилиш тамаки маҳсулотларини истеъмолида борлиги, унинг ҳаромлигига далил бўлади. Турк султонлиги даврида давлат уламолардан тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш тўғрисида фатво чиқариб беришни сўраган. Шунда уламолар ҳаммалари тўпланиб, тамаки маҳсулоотларини истеъмол қилиш ҳаромдир, уни қиладиган одамларга жазо тайинлаш керак деган фатво чиқаришган. Қаерда тамаки маҳсулотлари тўпланган бўлса, куйдириб ташлаш керак, деган гапни айтишган. Уламоларнинг бу фатвоси давлат томонидан чиқарилган махсус бир қарор бўлган. 5. Тамаки маҳсулотларини ҳаром дейишга ҳужжат-далиллардан яна бири, тамакининг ҳиди бадбўй, кишига ёқмайдиган, ёнида турган одамга озор берадиган даражадаги ёмон ҳид бўлганидир. Исломда мана шундай ҳидларнинг барчаси манъ қилинган. Мисол учун саримсоқ пиёз, хом пиёз еган одам масжидга бормасин, чунки бошқаларга озор беради, дейилган. Сигаретники уларникидан баттар. Нима учун саримсоқ ёки хом пиёздек ҳалол нарсани еган одамни масжидга кирма, нари тур, деймизу, сигарет чекканни эса, марҳамат дейилади?Шу маънони эътиборга олганимизда ҳам уларни масжидга киришларини манъ қилиш керак бўлади. Кўпчиликка, фаришталарга озор етадиган нарса сифатида тамаки маҳслуотларини истеъмол қилиш ҳаром деган уламолар.Мана шу нарсалар, ўтган аср ва балки ундан олдинги замон уламолари томонидан чиқарилган фатволарга ҳужжат-далил қилиб келтирилган. Албатта, мазкур фатволар чиққандан кейин ўтган даврда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ниҳоятда зарарли нарса эканлигига илмий далиллар, ҳужжатлар жуда кўпайди. Мана, анчадан бери ўша тамаки ишлаб чиқарадиган корхоналар, фабрикалар кўпчиликнинг талаби билан баъзи юртларда қонун-қоида асосида қутиларнинг устига «Соғлиқ вазирлиги огоҳлантирадики, буни чекиш соғлигингиз учун зарардир» деган ёзувни ёзиб қўйишга мажбур қилинди. Кўпгина давлатларда ёпиқ жойларда, биноларнинг ичида чекиш қатъиян ман қилинди. Яна шунга ўхшаш турли туман чоралар кўриляпти. Ўтган йилларда Америкада қанча-қанча одамлар тамаки чекиб касал бўлганлиги учун тамаки компанияларини судга бериб, соғлиқларини тиклаш мақсадида миллионлаб пулларни ундириб олиш бўйича маҳкама ишларини ютиб чиққанлари ҳақида гап бўлди. Янгидан-янги, кўпгина касалликлар чиқаётганлиги, миллионлаб одамлар ўлаётганлиги, ўпка касал бўлаётганлиги, рак бўлаётанлиги ва ҳоказолар тўғрисидаги маълумотлар ниҳоятда кўпайиб кетди. Шунинг учун ҳам, барча юртларда ҳозир соғлом ҳаёт тарзи учун кураш борасида тамакини ташлаш учун ҳам ҳаракатлар бўляпти.Мана шуларни эътиборга олиб, мусулмон давлатлардаги кўпгина уламолар ҳам бу масалада янгидан изланишлар ўтказиб, тамаки маҳсулотлари мутлақо ҳаром эканлиги тўғрисида кўпчилик уламолар иштирокида, баҳс қилиб туриб, ҳаммалари имзо чеккан ҳолда фатволар чиқаришяпти. Бундай фатволар Миср Араб жумҳуриятида чиқиб, кенг тарқалди, Саудия Арабистонида чиқиб кенг тарқалди ва бошқа мамлакатларда ҳам шу тариқада тарқалиб боряпти.Охири, тамаки чекишнинг ҳаром эканига умматнинг ижмоъи собит бўлди. Бу эса, бутун дунё аҳолисининг, бутун инсониятнинг саломатлигини сақлаш маъносида, соғлиги учун кураш маъносидаги бир хайрли ишнинг бир кўриниши ҳисобланади. Шу маънода бизлар ҳам баъзи бир нарсаларни тушундик. Истаган кишилар уларни билиб олсалар, албатта буни эшитиш учун чекувчи ёки шу ишни олиб бораётган одам бўлиши шарт эмас, балки чекмайдиган, бундан йироқ бўлиш бахтига сазовор бўлган кишилар ҳам ҳужжат-далил билан билиб қўйса, бошқаларга айтиш, лоақал ўз фарзандларини, яқин кишиларини шу нарсага мубтало бўлишдан сақлаб қолиш учун ишлатиш имконлари бўлади.Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай ноқулай, шариатимиз ҳаром қилган нарсалардан йироқда бўлишимизни насиб этган бўлсин. Баъзи бир бундай нарсаларга мубтало бўлиб қолган биродарларимиз бўлса, уларни бундан халос бўлиб, яхши ҳолатларга ўтиб олишларини насиб қилган бўлсин.

Топ рейтинг www.uz Openstat