Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Осим қироати неча хил

18:57 / 24.12.2020 | 1528

Ассалому алайкум! Ўзбекистонда машҳур қироат бу Осим ибн Абуннажуд орқали Хафс ибн Сулаймон қироатида ўқилади бу қироатга кўра деярли хар оятда тўхталади, яна бир қироатни биламан у қироат бўйича фақат Абдурахмоний, Абдумалик, Боғдодий Қуръонларида ўқиса бўлади яни оят тугашида Лом алиф لا шундай белги қўйилади ва оятда тўхтамай хамма харифи ўқиб ўтиб кетилади, хуллас икки қироатни хам мендан яхши биласизлар. Саволим, бу иккинчи қироат хақида қандай фикирдасилар? Бу қироат қорилари нега кам? Бу қироат хам Осим қироат экан, ким орқали етиб келган?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Имом Сижовандий энг кўп қўллаган, шунингдек, биз тақдим қилаётган мазкур мусҳафларда ҳам энг кўп учрайдиган вақф аломати «لا» ‒ лом-алиф бирикмаси ҳисобланади. Аслида бу белги икки хил маънони билдиради:
1. Бу ерда вақф қилиб, янги нафас билан оятнинг давомини ўқиб кетиш жоиз эмас. Белги асосан мана шу маънони англатиб келади.
2. Вақфнинг ўзи жоиз эмас. Белги баъзан шу маънони ҳам англатиб келган. Аммо бундай ҳолат жуда кам учрайди.
Бу белгини имом Муҳаммад ибн Жазарий (751‒833 ҳ.) ўзининг «Ан-Нашр фил-қироатил-ъашр» китобида «Лаа тақиф», яъни «вақф қилма» иборасидан ишора деб тушунтирган. Мулла Алий Қорий (в. 1014 ҳ.) имом Жазарийнинг тажвид илмига оид китобига ёзган «Алминаҳул-фикрийя, шарҳу Муқаддиматул-Жазарийя» номли шарҳида уни «Лаа вақфа» – «Вақф йўқ» иборасининг қисқартмаси деб изоҳлаган. Аммо имом Сижовандийнинг сўзларидан хулоса қилинса, бу белги «Лаа йажузул-вақфу» ‒ бу ерда вақф жоиз эмас деган маънони англатади.
Буни тушуниш учун уламолар вақф деганда нимани назарда тутганини билиб олишимиз лозим. Вақф деб қироат пайтида нафасни ростлаш учун бирор калиманинг охирида тўхташ ёки тўхтаганда бироз юқоридан такрорламай, келган жойидан давом эттириш учун тўхташни тушуниш мумкин. Мазкур белгини оятлар ўртасида қўллаган уламолар вақф деганда «бирор калима охирида давомидан ўқиб кетиш мақсадида тўхташ»ни назарда тутганлар, яъни мазкур белги «бу ерда тўхтаб, давомидан ўқиб кетма» деган маънони англатади.
Хуллас, бу белги вақф қилинмайдиган ёки вақфдан сўнг давом эттириш дуруст эмас деб эътибор қилинган ўринларда ишлатилади, чунки бу белги лафзан, яъни грамматик жиҳатдан ўзаро боғлиқ жумлалар ўртасига қўйилади. Бу белги оят ўртасида келганда вақф қилмаслик кераклигини барча уламолар бирдек таъкидлашган. Аммо белги оятнинг охирида бўлса, бу борада қироат ва вақф-ибтидо илми билимдонлари қадимдан турлича фикр билдирганлар.
Қироат бобида барча бирдек тан олган, Қуръон илмлари борасида ёзилган илк китобларнинг муаллифи Абу Амр Доний (в. 430 ҳ.) раҳматуллоҳи алайҳ ҳар оят охирида вақф қилишни афзал билар, гарчи кейинги оятга грамматик жиҳатдан боғлиқ бўлса ҳам ва «Менга мана шу маҳбуброқ», дер эди. Қироат илмида мутааххир олимларнинг энг буюги, қорилар шайхи, беназир олим имом Муҳаммад ибн Жазарий тажвид илмига оид «Муқаддиматул-жазарийя» номи билан шуҳрат қозонган манзума – шеърий китобида вақф бобида жумладан шундай деган:
«Маънода ҳам, лафзда ҳам боғлиқлик бўлган ўринда кейинидан бошламагин. Аммо бу оятнинг бошланиши бўлса, жоиз саналган ва бу «ибтидои ҳасан» (яхши бошлаш) бўлади».
Изоҳ: Агар вақф қилинаётган калима кейингисига ҳам маънода, ҳам лафзда, яъни мазмун жиҳатидан ҳам, гапда тутган ўрни жиҳатидан ҳам боғлиқ бўлса, вақфдан сўнг келган жойдан давом эттириб бўлмайди, балки бир-икки калима олдиндан қайтариб ўқиш лозим. Аммо вақф қилинган сўз оятнинг охири бўлиб, кейинги сўз навбатдаги оятнинг боши бўлса, вақфдан сўнг келган жойдан ўқиб кетса бўлаверади ва бу «ибтидои ҳасан» ҳисобланади.
Мулла Али Қорий ушбу мисраларнинг шарҳида жумладан шундай дейди:
«Оятларнинг охири насрдаги сажъ ўрнида, шеърдаги қофия мартабасида бўлиб, тўхталиш ўринлари ҳисобланади.... Билгинки, оят охирида вақф қилиш суннатдир. Бунга далил мусаннифнинг (Ибн Жазарийнинг) ўғли ўз отасидан ривоят қилган, у эса ўз санади ила Умму Салама розияллоҳу анҳодан нақл қилган ушбу ҳадисдир: «У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ўқиганларида оят-оят қилиб ўқирдилар...» Ушбу ҳадис бу бобдаги асл асос ҳисобланади. Ҳадиснинг зоҳири шунга далолат қиладики, ҳар бир оятда, лафзий жиҳатдан тааллуқли бўлсин ё бўлмасин, вақф қилиш мустаҳабдир. Байҳақий ҳам шуни ихтиёр қилган. Абу Амр: «Мана шу менга маҳбуброқ», деган. Лекин бу Сижовандий ҳамда «Хулоса»нинг соҳиблари каби вақф илми арбобларининг «Оятларнинг охири ўзидан кейинги жумлага тааллуқлиликда бошқалари билан баробардир», деб қилган ҳукмга хилофдир».
Қироат ва вақф-ибтидо илмига доир китобларда бу ҳақда батафсил маълумотлар келган. Хулоса қилиб айтганда, машҳур мисрлик қори Маҳмуд Халил Хусарий ўзининг вақф-ибтидога доир рисоласида ишора қилганидек, уламолар ҳар оятда тўхташ ёки тўхтамаслик борасида асосан уч гуруҳга бўлинадилар:
Биринчи гуруҳ – ҳар оятда вақф қилиш тарафдорлари. Улар «Оятларнинг ўртасида лафзий боғлиқлик юқори даражада бўлиб, вақф сабабли маъно тушунарсиз ёки ўзгача бўлиб қолса ҳам, вақф қилган афзал, чунки ҳар оятда вақф қилиш суннат», дейдилар ва бу сўзларига қуйидаги далилларни келтирадилар:
а) Имом Аҳмад, Термизий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда Умму Салама розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларини мақтаб, «У зот оят-оят қилиб қироат қилар эдилар», деган. Бошқа бир ривоятда эса, Фотиҳа сурасининг аввалидан 3-4 оятни ўқиб, ҳар оятда вақф қилишларини амалий суратда кўрсатиб берганлар. Бу оятларнинг лафзан ўзаро боғлиқлиги эътиборга сазовордир.
б) Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, «Намозни Ўзим билан бандам ўртасида иккига тақсим этдим, бандамга сўраганидир...» деб бошланган ҳадисда ҳам Фотиҳа сурасининг дастлабки оятлари алоҳида-алоҳида ўқилишига, яъни ҳар оятда вақф қилишга ишора бор. Унда қори ҳар оятни ўқиганда Аллоҳ азза ва жаладан қандай жавоб бўлиши айтилади. Ваҳоланки бу оятларнинг ҳам ўзаро лафзан боғлиқ экани бизга маълум.
в) Оятларнинг боши ва охирини белгилаш ҳамда уларнинг ададлари тавқифий, яъни ваҳийга асосланган бўлиб, уларни саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақфларидан аниқлаб олганини барча уламолар таъкидлашган. Бу эса у зотнинг ҳар оятда тўхтаб ўқиганларига далолат қилади.
г) Бу фикрни оятларнинг фосилалари ‒ тугалловчи сўзларининг ўхшаш, қофиядош экани ҳам қувватлайди. Бу қофиядошлик Қуръоннинг мўъжизалиги, гўзаллигини таъминловчи энг муҳим хусусиятларидандир. Бу эса асосан вақфда зоҳир бўлади. Агар вақф қилинмаса, Қуръони Каримнинг мазкур хусусияти кўринмайди, уларда бир хилликни риоя қилишдан кўзланган мақсад ҳам рўёбга чиқмайди.
Имом Алий ибн Муҳаммад Аламуддин Саховий (в.643 ҳ.) ўзининг «Жамолул-қурро ва камолул-иқро» китобида шундай дейди:
«Қорилардан бир жамоаси ҳар бир оятда вақф қилишни ҳадисга амал қилиш сифатида жоиз деб билганлар. Буни юқорида келтирилган ҳадис ҳам, маъно ҳам қувватлайди. Маъно – Қуръоннинг оятларда вақф қилиш учун, уларнинг ўзаро муқобил келиши учун ушбу фосилалар ила нозил қилинганидир. Бўлмаса, улардан мақсад нима бўлиши мумкин?!»
Қуръони Карим каримда «Мусо ва Ҳоруннинг Робби» деган маънодаги «Робби Муусаа ва Ҳааруун» жумласи икки ўринда худди шу тарзди, биргина Тоҳо сурасида «Ҳаарууна ва Муусаа» («Ҳорун ва Мусонинг Робби») шаклида келади. Эътибор берилса, ҳар қайси ўринда ҳам оятларнинг туганчиси эътиборга олинганига гувоҳ бўлинади. Яъни Тоҳо сурасининг оятлари алиф билан якунлангани учун унда «Мусо» ва «Ҳорун» сўзларининг ўрни алмашиб, «Ҳорун» ва «Мусо» тарзида келган. Қуръонни нозил қилган олиму ҳаким Зот оятлар туганчиси бир хил бўлишини, ушбу гўзаллик Ўз китобида изчил бўлишини эътиборда тутган экан, бандалар ҳам Қуръонинг бу хусусиятини кўрсатишга қунт қилишлари керак.
Абу Амр, Абу Яъло, Байҳқий, Ибн Жазарий ва жумҳур қироат устозлари мазкур фикрни қувватлаганлар. Улар: «Оятларнинг охирида вақф қилиш афзал, гарчи у кейингисига лафзан боғлиқ бўлса ҳам. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш баъзи бир Қуръон илми мутахассислари айтган қоидаларга риоя қилишдан яхшироқдир», дейдилар.
Бугунги кундаги қироат илми устозларининг жумҳури ҳам ушбу мазҳаб фикрини илгари суришади ва ўз санадлари орқали шундай таълим олганларини айтишади. Бу мазҳаб фикрига кўра битилган мусҳафларда оятлар сўнгида вақф белгилари қўйилмайди, чунки уларда албатта вақф этилади, деб эътибор қилинади.
Иккинчи гуруҳ – вақфда маънонинг тугалланишига риоя қилиш тарафдорлари. Улар ҳар бир сурага гўё бир оятдек қараб, фақат маъно тугал бўлган ўриндагина вақф қилиш керак, дейдилар. Улар учун бу маънода оятларнинг ўртаси билан охирининг фарқи йўқ. Шунинг учун ушбу асосда ёзилган мусҳафларда оятлар охирига ҳам турли вақф белгилари қўйилади. Улар ўз сўзларига қуйидагича далил келтирадилар:
а) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз нутқида нотўғри вақф қилган кишини танқид қилиб, «Сен ёмон хатиб экансан», деганлар (Муслим ривояти). Оддий нутқда маънога риоя қилмаслик ёмон саналгандан кейин, Аллоҳнинг каломида бу жуда ҳам хунук иш ҳисобланади.
б) Аллоҳ таоло Қуръони Каримни тадаббур қилиб ўқишга ва тинглашга амр қилган. Бунинг учун эса маънога қараб вақф қилиш лозим.
Бу икки далилга қарши тараф «Одатда оятлар ўртасида лафзий боғлиқлик бўлган ўринларда ҳам уларда вақф қилиш маънога путур етказмайди, тингловчи маъноларни тўғри ва тўлиқ тушуна олади. Фақат саноқли ўринлар мустасно бўлиб, уларда сизлар айтгандек ҳолатни кузатиш мумкин. Аммо бундай истисноли ҳолатдан умумий тарзда хулоса қилинмаслиги керак. Зотан, аксар ўринларда лафзий боғлиқлик бўлса ҳам оятларда вақф қилинганда маъно дуруст бўлаверади», деб раддия берадилар.
в) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар оятда вақф қилишлари оятларнинг ўринларини билдириш учун, яъни таълим маъносида бўлган.
Қарши тараф бу далилга «Аксинча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда ҳар оятда вақф қилганлар, аммо оятлар ўртасида, хусусан, улар ўзаро лафзий боғлиқ бўлган пайтда васл ҳам жоизлигини кўрсатиш учун баъзан оятларни васл қилиб ҳам ўқиганлар», деб жавоб берадилар.
Бу мазҳабни Муҳаммад ибн Тойфур Ғазнавий Сижовандий (в. 560 ҳ), Жаъбарий (в. 707 ҳ.), Абдурраҳмон Жомий ва бошқа бир қатор вақф илми уламолари ихтиёр қилганлар. Бу мазҳаб асосида битилган мусҳафларда оят сўнгида ҳам вақф белгилари қўйилади. «Абдулмалик» ва «Абдурраҳмон» мусҳафлар ҳам айни шу усулда ёзилган.
Бу фикрни қувватловчи уламолардан айримлари бундай ўринларда суннатга амал қилиш учун вақф қилиб, маънони боғлаш учун бир-икки калима юқорироқдан қайтариб ўқиб, қўшиб кетишни маъқул кўрганлар. Аммо муҳаққиқ олимлар бу иш барибир суннатга хилоф, қироатнинг равнақига эса номуносибдир, дейдилар.
Учинчи гуруҳ – ўртача йўлни тутганлар. Улар биринчи гуруҳ уламоларининг сўз ва далилларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, оятлар ўртасида тўхталса, маънога халал бўладиган даражада  боғлиқ бўлган жойлардагина иккинчи гуруҳ уламоларига эргашадилар. Улар ҳам ҳар оятда тўхташни афзал санайдилар, аммо биринчи гуруҳдан фарқли равишда, айрим ўринларни истисно қиладилар. Бундай ўринлар Қуръони Каримда саноқли.
Имом Саховий ва бошқа кўплаб қироат илми уламолари ушбу қавлни танлаганлар. Улар «Оятлар бир-бирига грамматик жиҳатдан боғлиқ бўлса-ю, боғлиқлик ўрнини тўлдирадиган сўзни тақдир қилиш ‒ зеҳнда бор деб эътибор қилиш имкони бўлса, у оят ўзи мустақил тугал саналиши мумкин», дейдилар. Бу қараш мазкур икки мазҳаб ўртасидаги йўналиш ҳисобланади. Бунга кўра, ана шундай бир-бирига ўта боғлиқ оятлар ўртасидагина лом-алиф белгиси қўйиш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, ҳозирда қироат ва вақф-ибтидо илми уламоларининг кўпчилиги биринчи ва учинчи гуруҳ тарафдорлари ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳозирда нашр қилинаётган мусҳафларда оятлар охирида вақф белгилари учрамайди. Баъзи уламолар таълимда биринчи қавлга, умумий қироат қилинганда эса учинчи қавлга риоя қилишни афзал дейишади. Яқин ўтмишда юртимизда яшаб ўтган Қуръон устозлари иккинчи мазҳаб уламолари йўлини тутишган, зеро, ўқийдиган мусҳафлари ҳам шу асосда битилган. Аммо шуни яхши билиш керакки, бу борадаги турлилик жоиз ёки ножоизлик маъносида эмас, балки афзалини олиш маъносидадир. Бинобарин, бу борада ортиқча тортишувга ҳожат йўқ. Аксинча, Қуръон ўқиётган ҳар бир қори ўз устозидан олган таълими асосида ёки ўқиётган мусҳафида берилган вақф аломатларига риоя қилган ҳолда қироат қилса, шунинг ўзи етарли ва афзал ҳисобланади.
Вақф-ибтидонинг қироатларга эмас, балки қироат устозларига боғлиқлиги бор, яъни айрим устозлар ҳар оятда вақф қилишни афзал кўрган бўлса, бошқалари маънони тугал қилиб тўхташни афзал кўришган. Баъзилари эса маъно тушунарли бўлган жойда вақф қилиб ўқийверган. Энг муҳими, бу борада ҳам нақлга суяниш лозим, яъни ҳар ким ўз устозидан санад билан олган таълимга кўра иш кўрган маъқул.
Шуни ҳам айтиш ўринлики, Абу Тоҳир Сижовандий ва у киши билан ҳамфикр бўлган олимларнинг мазҳабига кўра, «лом-алиф» белгиси қўйилган оятларда вақф қилмай, кейингисига улаб ўқиш лозим. Аммо бошқа кўпчилик уламолар, хусусан, қироат илми имомларининг жумҳури ҳар оятда вақф қилишни афзал санашган ва мана шу суннат дейишган.
Сижовандий раҳматуллоҳи алайҳ вақфнинг жоиз эмаслигига ишора қилувчи «лом-алиф» белгисини жуда кўп қўллаган. Шу билан бирга, у кишининг бу сўзи «шаръан жоиз эмас» дегани эмас, балки «маъно тугал бўлиши учун жоиз саналмайди», деган  маънодадир. Бу ерда «вақф жоизмас» деган гапни фиқҳдаги «намоз жоизмас» деган ибора билан таққослаш, тенглаштириш ҳеч бир асосга эга эмас, аксинча, уламоларнинг изоҳларига зид қиёсдир. Қироат уламолари буни алоҳида таъкидлайдилар. Мана шу нарсани яхши тушуниб олиш керак. Ушбу оддий ҳақиқатни яхши англамай, ҳар жойда ихтилоф кўтариш, ўз фикрини илгари сураман деб, бошқа тарафларга таъна етказиш, қироат илмининг даҳолари айтган сўзни инобатга олмай, ҳар хил бошқа гапларни кўпайтириш нохолислик, билимсизликдан бошқа нарса эмас.
Аллоҳ таоло ўтган барча уламоларимизни, хусусан, Қуръон устозларини Ўз раҳматига олсин, сизу бизга эса тавфиқу ҳидоятни ёр айласин! Валлоҳу аълам!

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
29.05.18 

Топ рейтинг www.uz Openstat