Ассалому алайкум! Бир танишимнинг дадаси мен дунёдан ўтганимда давра қилинглар деб васият қилибди. Қайнонамдан давра деган маросим борми деб сўрасам авваллари ота боболаримиз қилишган деди. Илтимос тушунтириб берсангиз давра ўзи нима динимизда бор нарсами?
– Ва алайкум ассалом! Давра деган нарса шариатимизда йўқ. Шариатимизда қолдирилган намоз ва рўзаларни фидясини бериш деган ҳукм бор. “Кифоя” китобида қуйидагича келади:
Ҳар бир қазо қилинган намознинг фидяси бир кунлик рўзанинг фидяси миқдорича.
Киши ўлимидан олдинги беморлигида баъзи намозларини ўқий олмаган бўлса, ўша қазо қилинган намозларга ҳам меросхўрлари фидя беришлари мумкин. Бунда қазо қилинган бир вақт намоз учун бир кунлик рўзага берилган фидя миқдорида фидя берилади.
Бировнинг ўрнига бошқанинг қилган ибодати ўтмайди.
Яъни ўлган кишининг қазо намоз ва рўзалари ўрнига унинг меросхўрлари намоз ўқиб, рўза тутишлари жоиз эмас.
أَخْرَجَ النَّسَائِيُّ عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، أَنَّهُ قَالَ لَا يَصُومُ أَحَدُكُمْ عَنْ أَحَدٍ، وَلَا يُصَلِّي عَنْ أَحَدٍ، وَلَكِنْ يُطْعِمُ عَنْهُ مَكَانَ كُلِّ يَوْمٍ مُدًّا مِنْ حِنْطَةٍ
Имом Насоий қилган ривоятда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо:
«Бирингиз бошқа бир кишининг ўрнига рўза ҳам тутмайди, бошқа кишининг ўрнига намоз ҳам ўқимайди. Лекин унинг номидан ҳар бир кун ўрнига буғдойдан таом беради», деган.
رَوَى عَبْدُ الرَّزَّاقِ، عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ لَا يُصَلِيَنَّ أَحَدٌ عَنْ أَحَدٍ، وَلَا يَصُومَنَّ أَحَدٌ عَنْ أَحَدٍ، وَلَكِنْ إِنْ كُنْتَ فَاعِلًا تَصَدَّقْتَ عَنْهُ، أَوْ أَهْدَيْتَ
Абдурраззоқ келтирган ривоятда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо:
«Биров ҳеч қачон бировнинг ўрнига намоз ҳам ўқимайди, рўза ҳам тутмайди. Аммо қиладиган бўлсанг, садақа қилгин ёки ҳадя қилгин», деган.
رَوَى التِّرْمِذِيُّ عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي رَجُلٍ مَاتَ وَعَلَيْهِ صِيَامٌ «يُطْعَمُ عَنْهُ، عَنْ كُلِّ يَوْمٍ مِسْكِينٌ
Имом Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазо рўзаси бўлатуриб вафот этган киши ҳақида:
«Унинг номидан ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берилади», дедилар». Валлоҳу аълам!