Ассалому алайкум! Мен хомиладорман. Шу пайт кўпроқ Қуръон ўқий деб бугун китобни ўзимга хам сотиб олиш учун яхши ниятлар билан бозорга бордим. Чунки бошқаларни китобидан фойдаланардим. Китоб расталарини кўриб юриб бирини танладим. Сотувчи йигит ва қиз бор эди. Қиздан китобни пулини сўрадим. 190 минг деди. Майлими ичини кўрсам дедим. Қиз қўлимга берди. Китобни кўрётиб унга 170 ларга берсангиз бўлмайдими деб сўрадим. Қиз хали гапирмай туриб сотувчи йигит менга китобни бериб туринг деди. Бердим. Олиб жойига қўйиб қўйди. Хайрон бўлиб сўрадим. Нега бундай қилдиз мен тушунмадим. Йигит қаердан олсанг ол мен сенга сотмайман. Менга мусулмончиликда шундай тарбия беришган. Китоб савдолашилмайди деди, ғалати бўлиб кетдим. Нега савдолашиш гунохми. Гунох бўлса мусулмонча тарбия шунаками дилозорлик билан тушинтирилами. Кўнглим бузилди. Хомиладорлигимни кўриб бошқа чиройли муомила қилаётган рус сотувчиси кўзимга яхшироқ кўринди. Мен хам мусулмон аёлман десам “биз исломий тарбия олганмиз сиз кабимасмиз” дейди. Исломий тарбияда шундай дейилганми?
– Ва алайкум ассалом! Қуръон китобини савдолашиб олишнинг ҳеч қандай зарари йўқ. У йигит шариатимизга зид муомала қилибди. Айнан ўшандек инсонларга қарата Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ ادْخُلُواْ فِي السِّلْمِ كَآفَّةً وَلاَ تَتَّبِعُواْ خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ
208. Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир.
Маълумки, «Ислом» сўзи «Аллоҳга бўйсуниш» маъносини билдиради. Бу ҳолатда оятнинг умумий маъноси «Аллоҳга бутун борлиғингиз ила бўйсунинг», дегани бўлади. Яъни Аллоҳга бўйсуниш тўлалигича бўлсин. Тили билан бўйсуниб, дили билан бўйсунмасдан ёки бадани билан бўйсунмасдан қолиш керак эмас. Хулласи калом, бўйсуниш тўлалигича, ҳамма томондан бўлиши керак.
«Ислом»нинг машҳур маъноларидан бири Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилган диндир. Бу ҳолатда оятнинг умумий маъноси – «Ислом динига тўлиғича киринг» бўлади. Ислом инсоннинг ҳаётини тўлиғича қамраб олган диндир. Бугун халқимиз орасида кўпларимиз нима қиляпмиз? Номларимизга, насл-насабимизга қаралса, ҳамма мусулмон. Кимлиги суриштирилса, «Мен мусулмонман», дейди-ю, аммо ўзи ғайри муслимларнинг ишини қилиб юради. Яна: «Нимага мусулмон бўлсак ҳам, ишимиз юришмаяпти?» – дея нолийди. Динга, Аллоҳга туҳмат қилади. Кўраётган кўргиликлари ўзи мусулмон бўла туриб, Исломда яшамаётганининг оқибати эканини хаёлига ҳам келтирмайди. Ҳолбуки, айб ўзида. Бошига тушган омадсизликларни Исломдан кўришга ҳеч бир мусулмоннинг ҳаққи йўқ. Ислом бир-бирини тўлдириб келувчи турли таълимотлар ва амалларнинг мажмуасидир.
«…ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир».
Демак, Исломга тўлалигича кирилмаганда, шайтоннинг изидан эргашилган бўлар экан. (“Бақара” сураси). Валлоҳу аълам!