ХОТИМАҚазои қадарга бағишланган мазкур бобда бир ояти карима ва ўндан ортиқ ҳадиси шариф ўргандик. Албатта, қазои қадарга тегишли ҳамма оят ва ҳадислар шулардан иборат дегани эмас. Лекин масаланинг моҳияти, асосий йўналишлари атрофлича кўриб чиқилди. Шундан келиб чиқиб, баъзи бир хулосаларни чиқарсак ҳам бўлади. Аввало, бир масала бўйича бир ёки бир неча ҳадисга суяниб, ҳеч қандай ҳукм чиқариб бўлмас экан. Иложи борича атрофлича ўрганганиб бир нарса дейиш керак. Ушбу бобдаги баъзи ҳадисларда банданинг ҳеч қандай ихтиёри йўққа ўхшаб кўринса, айримларида аксинчага ўхшаб кўринади. Баъзиларида иш бўлишидан олдин қазои қадарга қандай муносабатда бўлиш баён қилинган. Бошқаларида эса иш бўлиб ўтгандан кейин қазои қадарга қандоқ муомалада бўлиш баён қилинган ва ҳоказо. Қазои қадар масаласини баён қилувчи оят ва ҳадисларда зоҳиран бандани мажбурлаш ва ихтиёрига қўйиб бериш маънолари борлиги баъзи кишиларнинг йўлдан озишига сабаб бўлган. Улардан бир қисмлари: «банда бу дунёда ҳамма ишни ўз ихтиёри билан эмас, мажбур бўлиб қилади», деганлар. Ана шундай фикр ва эътиқоддаги кишилар «Жабрия» мазҳабидагилардир. Бу маз-ҳабнинг кўзга кўринган тоифаларидан бири, Жаҳм ибн Сафвон Самарқандийга мансуб «Жаҳмийя» тоифасидир.Жабрия мазҳабига қарши ўлароқ баъзилар: «Инсон ўзининг ҳамма ишларида ҳурдир, у ўз ихтиёри билангина иш қилади, ўз амалини ўзи халқ қилади», деганлар. Булар «Қадария» (қадарни инкор этувчи) деб аталган бўлиб, уларнинг асосчилари «Мўътазилийлар»дир. Ушбу икки тоифа ҳам адашган ҳисобланади.Исломнинг соф ақийдасини тутиб қолган Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби эса ўртача йўл тутган. Улар: «Инсоннинг дунёдаги ўзига ориз бўладиган ишларда ихтиёри борлари ҳам бор, ихтиёри йўқлари ҳам бор», деганлар. Уларнинг таъкидлашича, инсон ўз ихтиёри йўқ ишларда жавобгар эмас, аксинча ихтиёри бор ишларда жавобгардир. Саҳобалар, тобеъинлар ва ўтган салафи солиҳларнинг барчалари шу эътиқодда бўлганлар.Ривоят қилинишича, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи Имом Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ розияллоҳу анҳудан сўраган эканлар:–Эй, Расулуллоҳнинг ўғиллари, Аллоҳ таоло ишни бандаларга тафвиз қилиб топшириб қўйганми?–Аллоҳ таоло Роббликни бандаларга топшириб қўйишдан юқоридир!–Бўлмаса уларни мажбур қилурми?–Аллоҳ таоло аввал уларни бир ишга мажбур қилиб туриб, сўнгра азоблашдан кўра одилроқдир!–Бу нима дегани?–Бу ўртача дегани. Мажбур қилиш ҳам йўқ, бутунлай қўйиб бериш ҳам йўқ. Зўрлаш ҳам йўқ, эга қилиб қўйиш ҳам йўқ.Бу жавоблар нақадар тўғри эканини сиз билан биз юқоридаги баҳсларимизда англаб етдик.Гоҳида қадар истилоҳи ва унинг муродифлари дунёни ва ундаги нарсаларни тартибга солиб турувчи қонун-қоидалар, тузумлар ва сабабларга ҳам ишлатилади. Мисол учун «Албатта, Биз ҳар бир нарсани қадар билан яратдик», ояти маъноси «ўлчов билан яратдик» бўлади. Яъни, дунёдаги ҳар бир нарсанинг ўзига яраша ўлчови, миқдори бор, дегани. Бу маънодаги оятлар анчагина бор.Қазои қадар иймоннинг рукнларидан бўлиб, унга ҳеч қачон эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. Бу соҳада доимо ҳушёр бўлиш керак. Ана ўша ҳушёрлик, эҳтиёткорлик йўқолса, инсон залолат йўлига кириб кетиши ҳеч гап эмас.Кўпчилик айнан қадар масаласида ё у тарафга, ё бу тарафга оғиб, залолатга кетган. Қадар ва унга тегишли масалалар катта фитналарнинг келиб чиқишига сабаб бўлган. Мусулмонларга улкан зарарлар етказган. Шунинг учун ҳам Аҳли сунна ва жамоа уламолари бу масалада қаттиқ турган. Ҳар бир мусулмон бу масалада ўзини қандоқ тутиши лозимлигини аниқ иборалар билан ифода этиб, ақийда китобларига битиб қўйганлар.Бу ҳақда Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг, яъни, омма мусулмонларнинг ақийдавий мазҳабининг энг мўътабар китобларидан «Ақийдаи Таҳовийя»нинг матнида, жумладан, қуйидагилар айтилади:«Аслида қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир. У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас. У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир. У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг. Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини Ўз бандаларидан ўраб қўйгандир ва уларни уни қасд қилишдан қайтаргандир. Аллоҳ таоло Ўз китобида: «У зот қилганидан сўралмас, улар сўралурлар», дегандир. Бас, ким «нима учун бундоқ қилди?» деб сўраса, Қуръоний ҳукмни рад қилган бўлур. Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур».Ушбу сўзлар кўплаб аччиқ тажрибалар бўлиб ўтгандан кейин қадар тўғрисидаги ояту ҳадислар, саҳобаларнинг айтган гаплари атрофлича ўрганиб чиқилгандан сўнг битилган. Бу натижага эришгунча Аҳли сунна ва жамоа уламолари кўп тортишувларни, мунозараларни, ҳужжат солиштиришларни ва тажрибаларни бошларидан ўтказганлар. Охир-оқибат мусулмонлар оммаси бу масалада мазкур қоидаларга амал қилсалар фойдали бўлади, деган қарорга келганлар.«Аслида қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир». Яъни, қадарни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Бу дунёда махлуқотларга нима қадар қилинганини билиш Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хос.«У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас».Аслида муқарраб фаришта ва юборилган пайғамбарлар кўп сир-асрорлардан хабардор бўладилар. Аммо Аллоҳ таоло қадар илмини улардан ҳам сир тутган. Улар ҳам махлуқотларга нима қадар қилингани ҳақида ҳеч нарса билмайдилар. Чунки қадар масаласи, Аллоҳ таоло илмининг чексиз эканини баён қилувчи масаладир.«У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир». Яъни, қадар масаласида чуқур кетиб, уни текширишга ўтиш охири хорликка сабаб бўлади. Ўз эгасини кўп нарсадан маҳрум қилади. Охири келиб туғёнга кетишига сабаб бўлади. Дарҳақиқат, Қадария ва Жабрия мазҳаблари ва уларга эргашганлар шу ҳолга тушганлар.«У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг». Яъни, қадар илмини биламан, деб уринишдан, у тўғрида: «Нимага ундоқ бўлди, нимага бундоқ бўлди, ундоқ қилса нима бўлар эди», каби фикр қилишдан эҳтиёт бўлинг. Шунингдек, ҳамма нарса маълум бўлса, амалнинг нима кераги бор, унинг ўрнига бундоқ деса бўлмасмиди каби васвасалардан ҳам эҳтиёт бўлинг. Чунки ҳамма нарса сизга эмас, Аллоҳ таолога маълум. Аллоҳ таоло сизни қадарга иймон келтиришга, амрига, шариатига амал қилишга буюрган, шуни қилинг!«Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини бандаларидан ўраб қўйгандир». Бандалар ҳаммаси бир бўлиб кичик бир зарранинг қадарини билишга уринсалар ҳам, била олмаслар.«Ва уларни уни қасд қилишдан қайтаргандир». Яъни, Аллоҳ таоло бандаларни қадар илмини билишни қасд қилишдан қайтаргандир.Аллоҳ таоло Ўз китобида: «У зот қилганидан сўралмас, улар сўралурлар», дегандир». Яъни, Аллоҳ таоло нима қилса Ўзи билади. Ундан биров «Бу ишни нима учун қилдинг?» деб сўрай олмайди. Аммо Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳаммасидан ҳар бир ишни: «нима учун қилдинг?» деб сўрайди.«Бас, кимки, нима учун бундоқ қилди?» деб сўраса, Қуръоннинг ҳукмини рад қилган бўлур». Яъни, кимки бўлган нарса Аллоҳ таолонинг қазои қадари экан, деб таслим бўлмасдан, «Аллоҳ таоло нима учун бундоқ қилди?» деб сўраса, Қуръоннинг «У зот қилганидан сўралмас», деган ҳукмини рад қилган бўлади.«Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур». Шунинг учун ҳам бу масалада ўта эҳтиёткор бўлмоқ керак. Эҳтиёткорлик шу даражада бўлиши керакки, ҳатто қадар масаласида чуқур кетадиганларга яқинлашмаслик ҳам даркор. Валлоҳу аълам.Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх ҳазратлари!Менинг ёшим 25 да. Илгари тақвойим яхши эди, лекин ҳозир нимагадир иймоним сустлашгандек туюляпти. Иймонимни мустаҳкамлаш учун нима қилишни маслаҳат берасиз? Нима қилсам иймонимни мустаҳкамлай оламан? ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўяди. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур.Яъни, ким Аллоҳ буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳнинг Ўзи кўрсатиб қўяди. Тақводор шахснинг мушкулини доимо Аллоҳнинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйлаб хаёлига келмаган томондан ризқу рўз етказиб беради. Одатда, кишилар ризқу рўзим сероб бўлсин, деган мақсадда тақводан воз кечишади. Бу эса аксинча натижага олиб келади. Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади.Юқорида зикр этилган ишларда ҳийла-найранг кўп ишлатилади. Ҳийладан қўрқишнинг ўзи янги ҳийлага олиб боради. Шунинг учун Қуръони Карим мусулмонларни Аллоҳга таваккал қилишга ундаб:«Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақиқатда, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир», дейди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Қуръондаги энг катта умидбахш оят, ушбу, «ва ман яттақиллаҳа яжъал лаҳу махражан ва арзуқҳу мин ҳайсу лаа яхтасиб» деган эканлар.Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: «Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади. Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса рад қила олмайди, умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса зиёд қила олмайди», деганлар.«Ким Аллоҳга таваккал қилса, унга У зотнинг Ўзи кифоядир» жумласи тафсирига уламоларимиз қуйидаги ҳадисни келтирадилар. Пайғамбар алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Масъудга қилган насиҳатларида, жумладан: «...Ва билки, агар умматнинг барчаси йиғилиб сенга манфаат етказмоқчи бўлсалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар. Агар сенга зарар етказиш учун тўплансалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар» деганлар. Валлоҳу аълам.