Ассалому алайкум! Мен деярли бир йилдан бери намоз ўқийман. Ҳозирги кунларда мусулмон эканлигимга шубҳа пайдо бўла бошлаяпти. Сабаби, ёшлик (ҳали вояга етмаган) чоғларимизда куфрга далолат қилувчи ишлар қилганларимиз (бир лойли жойни уч марта айланиб, унинг лойини малҳам деб ният қилган ҳолда суртиш) ёдимга тушмоқда. Яқинда билмаган ҳолда “нафл рўзангизни очишингиз мумкин, фақат қазосини тутасиз” деб юбордим. Худди мумкин эмас нарсага рухсат бергандек. Шу сабабли сизларга мурожаат қиляпман. Мусулмон ҳолда яшаш ва шу ҳолда вафот этишим учун сизларнинг маслаҳат ва насиҳатингиз муҳтожман.
– Ва алайкум ассалом! Сиз иймонингизда шубҳаланмасдан, китоб ўқиб илм олинг. Бирор шаръий узр билан нафлни очиш ва кейин қазосини тутиш шариатмизда бор. Аммо сиз бунақа фатвога журъатли бўлманг.
عَنْ عُبَيْدِ الله بْنِ أَبِي جَعْفَرَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَجْرَؤُكُمْ عَلَى الْفُتْيَا أَجْرؤُكُمْ عَلىَ النَّارِ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ.
Убайдуллоҳ ибн Абу Жаъфардан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатвога журъатли бўлганингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир», дедилар».
Доримий ривоят қилган.
Ким дўзахга тушишдан қўрқмаса, парво қилмасдан тўғри келган фатвони айтаверади.
Ушбу таълимотлар мусулмонларнинг аввалги авлодлари томонидан яхши ўрганиб чиқилган, уларга амал қилинган ва улар асосида махсус қоидалар ишлаб чиқилган эди.
Абдурроҳман ибн Абу Лайло бир масалани сўраб билиб олиш учун бир юз йигирмата саҳобийга мурожат қилганини, уларнинг ҳаммаси ўзидан бошқадан сўрашни тавсия қилганларини ривоят қилган.
Ўзидан илмлироқ кишининг борлигини билган олим ҳам ўзи фатво бермай мазкур билмлироқ кишидан сўрашни маслаҳат бериши қоидага киритилган.
Мусулмонлар ушбу қоидага қарши чиққанларга нисбатан муросасиз кураш олиб борганлар ва шунинг учун ҳам, турли ихтилофлар ҳамда бало офатлардан сақланганлар.(“Дин насиҳатдир” китобидан). Валлоҳу аълам!