Ассалому аллайкум Хурматли Шайх хазратлари. Сизга бир илтимосим бор эди ушани менга тахлили килиб берсангиз. Кайси бири тугри кайси бири нотугри тушина олмай кийналаяпман.1. Саждага бораётганда биз биринчи тиззаларни кейин кулларни охири пешона ва бурунимизни куямиз.2. "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларининг гўёки сен кўриб турганингдек такбирдан саломгача бўлган сифатлари" (сифатус-солат_уз) китобидан"Саждада қўлга йиқилиш"“Қўлларини ерга тиззаларидан олдин қўярдилар”. Изох: Ибн Ҳузайма (1/76/1), Дорақутний; Ҳоким ва Заҳабий уни саҳиҳ дейишган. Бу ҳадисни рад этаётганлар хато қилади. Бу ҳақда Молик ва Аҳмад зикр қилишган. Шунингдек Ибнул-Жавзийнинг “Таҳқиқ”ига қаранг. Марузий “Масоил”да (1/147/1)) саҳиҳ санад билан Имом Авзоийдан келтиради: “Мен одамлар (саҳобалар)га етишдим, улар саждадан олдин қўлни қўйишарди”.Шунга буюрардилар ва айтардилар: “Сизлардан биронтангиз сажда қилса, туяга ўхшаб тиззага чўкмасин ва қўлларини тиззаларидан олдин қўйсин”. Изох: Абу Довуд тўлиқ лафз билан (1/108) “Фавоид”, Насоий “Суғро вал-кубро” (1/48, буни Молик ибн Абдулазиз Маккада йиққан нарса) саҳиҳ санад билан, унинг саҳиҳлигини Абдулҳаққ “Ал-Аҳком”да (1/54) да исботлаган. У киши “Таҳажжуд” бобида (1/56) бу ҳадиснинг санади бунга тескари бўлган Воилнинг ҳадисидан яхшироқлигини кўрсатган. У (Воилнинг ҳадиси) саҳиҳ манбаларга хилоф бўлганидан ташқари у носаҳиҳ санад билан ривоят қилинди, мен буни “Заифа” (№929) ва “Ирво” (357)да тушунтирганман. Билингки, тиззаларни туширишдан олдин қўлларни қўйиш туяга ухшамоқлик эмас, чунки туя биринчи галда олди оёқларининг тиззаларига чўкади. Бу аъзолар араб тилида шундай дейилади, “Лисонул-араб” ва араб тили бўйича бошқа китобларга қаранг. Бу ҳақда Таҳовий “Мушкилатул-асар” ва “Шарх маниа асар”да зикр қилган. Шунингдек имом Қосим Саракустий раҳимаҳуллоҳ “Ғарибул-ҳадис” (2-1/80/2)да Абу Ҳурайрадан саҳиҳ санад билан келтиради, у (Абу Ҳурайра) айтди: “Туя чайласи билан тиззага чўккандек чўкманглар”. Имом (Саракустий) айтди: “Бу саждада. Туя чайласи билан чўккандек собитсиз бўлиб бутун бадан билан чўкманглар. Тескарисини қилинглар, текис тушинглар, олдин қўлларни, сўнг тиззаларни қўйинглар. Бу ҳақда марфуъ ҳадисда келтирилади”. Бундан кейин Ибнул-Қоййимнинг сўзлари ажабланарлидир: “Бу сўзлар тушунарсиз ва араб тилида номаълумдир”. Балки биз кўрсатган манбалар ва бошқалар алки бунинг тескарисини айтмоқда. Буни батафсилроқ мен шайх Тувейжирийга бўлган жавобимда тушунтирганман.Шуларни кайси бири тугри . Сиздан жавоб кутиб кулувчи каминаи камтарин Лочин.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Шу каби ҳолатлардан четда бўлиш учун мазҳабни тутиш тавсия қилинган. Агар мазҳабсизлик бўлса, ҳамма масала худди сиз келтирганга ўхшаб кетади.Ҳанафий мазҳабида бу масала қуйидагича баён қилинади.Кейин такбир айтиб саждага йиқилади. Бас, олдин икки тиззасини кейин панжаларини жуфтлаган ҳолда икки қўлини қўяди. Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сажда қилсалар, икки тиззаларини икки қўлларидан олдин қўяр эдилар. Қачон турсалар, икки қўлларини икки тиззаларидан олдин кўтарар эдилар». «Сунан» эгалари ривоят қилишган.Кейин чиғаноқларини керган ва қорнини икки сонидан ажратган ва оёқ панжаларини қиблага қаратган ҳолда икки қўлининг орасига бошини қўяди. Имом Муслим Маймуна розияллоҳу анҳодан қилган ривоятда:«Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам қачон сажда қилсалар қўларини кериб орани очиб қўяр эдилар. Агар қўзи ёки улоқча ўтмоқчи бўлса, икки қўллари орасидан ўта олар эди», дейилган.Абу Ҳумайд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир тўпига: «Мен ичингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини энг яхши ёдлаб қолганингизман. Мен, У зотни кўрдимки, қачон такбир айтсалар, икки қўлларини икки елкалари баробар кўтарар эдилар. Қачон рукуъ қилсалар, икки тиззаларини икки қўллари билан яхшилаб ушлар эдилар. Сўнгра белларини тўғри тутар эдилар. Бас қачон (рукуъдан) бошларини кўтарсалар, ғоз туриб, токи умуртқа суякларнинг ҳар бири ўз жойига тушгунча тўғрилар эдилар. Бас, қачон сажда қилсалар, икки қўлларини ерга текизмас ҳам ва (ёнларига) йиғиштириб ҳам олмас эдилар. Ҳамда оёқ бармоқлари учини қиблага қаратар эдилар. Қачон икки ракъатдан кейин ўтирсалар, чап оёқлари устига ўтириб, ўнг оёқларини тик қилар эдилар. Қачон охирги ракъатда ўтирсалар, чап оёқларини олдинга қилиб, бошқасини тик қилиб мақъадларига ўтирар эдилар», деди. Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.