Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Келиб турадиган савоб

02:03 / 28.06.2021 | Nurmuhammad Bahodirjonov | 6437

Ассалому алайкум! Пайғамбаримиз с.а.в : инсон ўлгандан кейин барча амали тўхтеди фақат 3 амал қолдириб кетса шулардан савоб келиб туради деган. Шулардан биринчиси манфаат берадиган илм, мана мисол учун бир одам болларга дунёвий илм ургатябди мисол учун хитой тилини шу ургатгани учун хам ортидан савоб кебтурадими ёки манфаат берадиган илмдан мурод факат диний илм назарда тутилганми? Мана мисол учун Хоразмий дунёвий илм колдириб кетган шу колдирган илмидан унга савоб бориб турибдими. Унинг илмидан компьютер яратилган. Ёки оркасидан гунох бориб турибдими хозирги кунда одамлар компьютердан гунох иш килаётганлар бор, дунёвий илм колдириш нотўғрими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ҳадиси шарифда диний ёки дунёвий илм дейилмаган, “манфаат оладиган” илм дейилган. Буни ўзингиз ҳам ёзиб турибсиз. Шунга биноан мусулмонларга манфаат келтирадиган илм бўлса, у давом этиб турар экан савоби бориб туради. Шунингдек манфаатли илм қолдирган кишининг илми ундан кейин гуноҳга ишлатилса, у бунга масъул бўлмайди. Гуноҳи ўша илмни нотўғри ишлатганларнинг ўзига бўлади. Қуйида ҳадиснинг тўлиқ матни ва шарҳини фойдаси тўлиқ бўлиши учун келтирамиз:

وَعَن أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا مَاتَ ابْنُ آدَمَ انْقَطَعَ عَمَلُهُ إِلاَّ مِنْ ثَلاَثٍ صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ البُخَارِيَّ 

Абй Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан: жорий садақадан, манфаат оладиган илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаганлар.
Шарҳ: Маълумки, мусулмон киши соф ният билан қилган ҳар бир яхши амали учун савоб олишга мушарраф бўлади. Киромул котибин фаришталар унинг «Номаи аъмоли»га зарра миқдорича яхшилиги бўлса ҳам, ўшанга яраша савобни ёзиб турадилар. Агар бемор бўлиб, узр ила одатдаги яхшилик амалини қила олмай қолса ҳам, фаришталар унга худди ўша амални қилгандек савоб ёзадилар. Вақти соати келиб инсон вафот этса, яхши амалларини тамоман қила олмай қолади. Бундан кейин қилишдан ҳам умид узилади. Энди ундан ҳаётлигидаги амаллари – қиладиган ибодат ва яхшиликларига ёзиладиган савоблар ҳам кесилади. Намоз ўқиганда, рўза тутганда, тиловат, зикр қилганда ва бошқа яхши амалларидан ёзиладиган савоблар тўхтайди. Чунки энди у вафот этди. Ибодат қилишдан, амали солиҳ қилишдан тўхтади. Шунинг учун ҳар бир мўмин банда тирик чоғида солиҳ амални кўпроқ қилиб қолишга уринмоғи лозим. Шу билан бирга, мўмин кишига тириклик чоғида охиратни ўйлаб, вафотидан кейин ҳам савоби узилмай бориб турадиган амалларни қилиб олиш имкони берилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадисларида одам боласи вафотидан сўнг амали кесилишини айтиш билан бирга, ундан кейин ҳам савоби етиб турадиган амаллар учта эканини таъкидламоқдалар:
1. «Жорий садақа».
«Жорий садақа», дейилганда мусулмонларга доимий равишда фойда бериб турадиган хайрли ишлар кўзда тутилади. Мисол учун, кўпчилик фойдаланиши учун қурилган кўприк, қудуқ ёки ариқ қазиб сув келтириш, доимий манфаат бериб турадиган бошқа вақфлар шулар жумласидандир. Модомики, бу нарсалардан мўмин-мусулмонлар фойда олиб турсалар, ўша ишларни қилган одамга унинг вафотидан кейин ҳам савоби ёзилиб туради.
Мусулмонлар бу тоифа ишларни қадимдан ихлос билан қилиб келишган. Ислом оламининг турли жойларида кўплаб вақфлар ташкил қилганлар. Бева-бечораларга, толиби илмларга, мусофирларга, ҳожиларга, қарияларга, ҳатто эгасиз, адашиб қолган ҳайвонларга аталган вақфлар бўлган. Ўша вақфлар орқали мазкур тоифалар доимий равишда манфаат олиб турганлар. Табиийки, улардан ҳосил бўлган савоблар эгаларига уларнинг вафотидан кейин ҳам бориб турган. Мазкур хайрли ишларни қилган кишиларнинг «Номаи аъмол»ларига уларнинг вафотларидан кейин ҳам савоб ёзилиб, охиратларига фойда бериб келган. Агар жорий садақалари қиёматгача мусулмонларга фойда бериб турса, уларга ҳам қиёматгача савоб қўшилиб тураверади.
2. «Манфаат олинадиган илм».
Мўмин одам ўз вафотидан кейин ортидан манфаат берадиган илм қолдирса, савоби узилмайдиган амал қолдирган бўлади. Бу эса, илмнинг асари доимий бўлишидир. Киши қандай қилиб ўзидан кейин манфаат берадиган илм қолдира олади?
Бу иш аввало, бошқаларга илм ўргатиш билан амалга ошади. Модомики, шогирдлар, шогирдларнинг шогирдлари ўша илмни ишлатмоқдами, кишиларга манфаати етмоқдами, устозга савоб ёзилиб тураверади.
Иккинчиси, китоб ёзиб қолдириш билан бўлади. Қуръон, ҳадис ва диний илмлар бўйича, мусулмонларга фойда келтирадиган бошқа илмлар бўйича иймон ва ихлос билан китоб ёзиб қолдирган кишига, агар китобидан мусулмонлар фойдаланиб туришса, у ўлганидан кейин ҳам савоб етиб тураверади.
Учинчиси, илм йўлида хизмат қилиш билан бўлади. Мисол учун, имконияти бор одам толиби илмларга, устозларга илм йўлида ёрдам бериб, мадраса қурди, китоб чоп эттирди, ўз маблағидан кутубхона қилди. Мана шунга ўхшаш ишлар илм йўлида хизмат қилиш ҳисобланади. Буларни қилган одамлар вафот этиб кетсалар ҳам савоблари узилмай бориб туради.
Мўмин-мусулмонлар бу тариқа ишларга доимо катта эътибор бериб келганлар. Шунинг учун ҳам Исломга тўлиқ амал қилинган даврларда мусулмон оламида илм кенг миқёсда тарқалган, дунё аҳамиятига молик улуғ алломалар етишиб чиққан. Мусулмонларчалик кўп олим етиштирган миллатни тарих билмайди. Шунингдек, илм ўрганувчилар ҳам кўп бўлган. Бу ҳолатни яхшилаб ўрганган ғарблик шарқшунослардан бири инсоф билан: «Мусулмонлар барча-барчалари мадрасага қатнайдиган бутун бошли бир миллат бўлган», деб ёзади. Мусулмон ҳокимлар ва бойлар ҳам илм йўлида хизмат қилиш учун катта ҳиммат кўрсатишган. Нафақат улар, балки ҳар бир мусулмон илм йўлида қўлидан келган ишни қилган. Деҳқонлар мадрасаларнинг вақф ерларида навбат билан Аллоҳ йўлида, ҳақ олмай ишлаб берганлар. Ҳунармандлар ҳунари билан, чорвадорлар чорваси билан, хуллас, ҳар ким ўз имконига қараб бу ишга озми-кўпми ҳиссасини қўшган. Шундай қилиб, халқ илмий ишларни йўлга қўйишда фаол қатнашган. Уларнинг бу ишларда фидокорлик кўрсатишдан бирдан-бир мақсадлари доимий равишда савоби узилмай етиб турадиган амалларга етишиш эди. Аллоҳ таоло, албатта, уларни ноумид қилмаган.
Ҳозирда китоблари ўқилиб турган уламо- ларга, албатта, илмлари савоби етиб турибди. Уларнинг шогирдларининг шогирдлари Аллоҳга: «Устозларимизни мағфират қилгин», деб дуо қилиб турибдилар. Улар қурган мадрасалару қолдирган вақфлари, қўлёзмалари ва бошқа асарлардан ҳосил бўлган савоблар ҳам тинмай етиб турибди.
3. «Ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд».
Мўмин киши вафот этганидан кейин ҳам агар фарзанди унинг ҳаққига дуо қилса, савоби етиб туради. Бунинг учун эса, мўмин-мусулмон киши ўз фарзандини дуо қиладиган тақводор мусулмон қилиб тарбиялаши лозим. Зотан, мўмин ота-онанинг фарзанд кўриш ва уни тарбия қилишдан мақсади ҳам шу. Ота-она ўлгандан кейин мени йўқласин, ҳаққимга дуо қилсин, деб фарзанд боқади. Диний тарбия беришдан мақсад ҳам шу! Фарзанднинг мўмин-мусулмон, тақводор бўлиши, ота-онасининг ортидан дуо қилиб туриш масъулиятини унутмаслигигина бу мақсадга эриштиради.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Одам боласи вафотидан сўнг уч амалдан бошқаси кесилади.
2. Жорий садақа қилган одамнинг савоби ўлимидан кейин ҳам узилмайди.
3. Манфаатли илм қолдирган кишининг савоби ўлимидан кейин ҳам узилмай етиб туради.
4. Солиҳ фарзанд қолдирган кишининг савоби ҳам узилмайди.
Энди ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикматига бугунги ҳаётимиз воқеълиги асосида бир назар солайлик.
Жорий садақа қилиш кўплаб Ислом диёрларида давом этмоқда. Мусулмонларнинг вақфлари яхши сақланиб келинмоқда. Кўпгина мусулмон давлатларда вақф вазирликлари ишлаб турибди. Вақф мулклар эгалари томонидан васият қилинган мақсадда ишлатилмоқда. Вақфларга нозир бўлган кишилар ўз хизмат ҳақларини вақфга тушадиган фойдадан олиб, вақфни кенгайтириш, яхши сақлашга ҳаракат қилмоқдалар. Асосий маблағ вақфнинг эгаси қўйган шартга мувофиқ ишлатилаётир. Мисол учун, камбағаллар учун, деб бир дўконни вақф қилган бўлса, ўша дўкондан тушган маблағ камбағалларга сарфланади. Бино вақф қилинган бўлса, ўша бинодан камбағалларга жой берилади ёки ижара қўйилиб, тушган маблағ камбағалларга тарқатилади. Мадрасага, деб вақф қилинган бўлса, ўша вақфдан тушган маблағ мадраса фойдасига сарф қилинади. Шундай қилиб, ҳожатманд тоифаларга доимий ёрдам иши юриб туради, бунга биров дахл қила олмайди.
Манфаатли илм қолдириш масаласи ҳам шунга ўхшаш. Уламолар кўпроқ шогирдлар етиштириб чиқармоқлари учун бу ишда бошқа мусулмонларнинг ҳамкорлиги жуда зарур. Кимдир илмий муассасаларни қуриш, уларни жиҳозлаш, сақлаб туриш ишларида қўлидан келган ёрдамини беради. Кимдир устозлар ва талабаларнинг маошига кўмаклашади. Яна бошқалар китобларни чоп қилиш ёки сотиб олиб беришда кўмак беради. Хулоса қилиб айтганда, шу йўлда хизмат қилишни хоҳлаган одам, ортимдан манфаатли илмнинг савоби бориб турсин, деган киши ўз имконига қараб ҳисса қўшаверади. Ўша қилганига яраша савобини ҳам олади.
Бу савобли иш ҳозирги пайтда ҳам кўпгина Ислом юртларида муваффақиятли равишда давом этмоқда. Албатта, бу ишга ўз ҳиссасини қўшганлар, ҳадиси шарифда зикр қилинганидек, ўлганидан кейин ҳам кесилмайдиган амал қилган бўлади. Ўзи вафот этиб, савобли иш қилиш имкони тугаган бўлса ҳам унинг «номаи аъмоли»га доимий равишда савоб ёзилиб туради. Бу ишни қилмаганлар эса, бундай бахтга сазовор бўла олмайдилар. Мазкур ишга қаршилик қилганлар, унинг йўлига ғов бўлганлар эса, икки дунёнинг лаънатига учрайдилар.
Ортидан солиҳ фарзанд қолдириш ҳам жуда эзгу иш. Мусулмон оламида фарзанд ўстиришдан асосий мақсадлардан бири шу эканини олдин ҳам айтиб ўтдик. Афсуски, кейинги даврда кишилар ўз ортларидан дуо қиладиган солиҳ фарзанд қолишига эътибор бермай қўйдилар. Исломий тарбия ўз аҳамиятини йўқотди. Натижада кишиларнинг ортидан дуо қиладиган солиҳ фарзанд эмас, лаънат келтирадиган нобакор фарзанд қоладиган бўлди. Ҳозирда калимаи шаҳодатни ҳам айта олмайдиган, дину диёнатдан бехабар, умрида пешонаси сажда кўрмаган, бошқа ибодатларни қилишни хаёлига ҳам келтирмайдиган, дунёдаги ҳамма ёмонликлардан тап тортмайдиган кимсаларни ота-онасининг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд дея оламизми? Бундай фарзандлар ҳеч қачон ўз ота-оналари ортидан савоб юбора олмайдилар, аксинча, лаънат, қарғиш келтирадилар.
Шунинг учун ҳар бир фарзанд солиҳ бўлмай, ота-онасининг ҳаққига дуо қилмай юрган бўлса, дарҳол ўзини ўнглаб олиши керак. Дину диёнатли бўлиб, ибодат қилиб, намозларидан, бошқа ибодат ва яхши амалларидан кейин ота-оналари ҳаққига дуо қила олиш даражасига кўтарилиши лозим. Ана шунда Аллоҳ таоло ҳузурида бандалик бурчини, ота-она ҳузурида фарзандлик бурчини адо этган бўлади.
Шу билан бирга, ота-оналар ўз фарзандларига исломий тарбия беришга алоҳида эътибор қаратишлари керак. Ана шундагина ортларидан дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд қолдиришлари мумкин. Ана шундагина ўлгандан кейин ҳам савоби кесилмайдиган амал қолдирган бўладилар. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat