Тушунарсиз ҳолат
Ассалому алайкум ва роҳматуллаҳу ва барокатуҳу!Муҳтарам Шайх ҳазратлари, бундан қарийб 1,5 ойча аввал тўсатдан юрагим тез-тез уриб, оғриб, қон босимим ўйнаб, ёмон аҳволга тушиб қолдим. Бу ҳолат қарийб 1 ҳафта узлуксиз давом этди. Тўғриси, жуда ҳам қўрқиб кетдим. Шифокорларга учрашсам, юрагимдан ҳам, бошқа еримдан ҳам дард топа олишмади. Замонавий ташхис қўйиш ускуналари ҳам бирор салбий ўзгаришни аниқлай олмади. Мендаги бу ҳолатни чарчашлик билан изоҳлашди. Ёшим 26 ёшда. Бундай ҳолат илгарилари кузатилмаган.Табибларга борсам, ҳаммаси ҳар хил ташхис қўйди: кимдир чарчаш деди, кимдир сеҳр деди, кимдир ёмон хаёлларга берилиш, яна кимдир соппа-соғсан деди. Шифокорларнинг ҳам, табибларнинг ҳам, дам солувчи қори домлаларнинг ҳам барча буюрган муолажаларини бажардим.Ўзимга ўзим Сизнинг китобларингизда тавсия этилган сура ва дуолар билан дам солиб юрибман. Бунинг учун Сиздек Аллоҳнинг суюкли бандасига ташаккурлар ва Аллоҳнинг абадий жаннати мукофот бўлсин, Амийн! Аллоҳга беадад шукроналар бўлсинки, ҳозир аҳволим анча яхши. Аммо онда-сонда, айниқса кун ботар пайти ва қоронғу тушганда яна юрагим тез-тез уриб, бетоқат бўлиб қоламан.Диний томондан ва арабий ёзувдан, Аллоҳга беҳисоб ҳамдлар бўлсинки, оз бўлса-да илмим бор. Ҳар куни бомдод намозидан кейин ва ётишдан олдин Фотиҳа, Ёсин, Мулк, Оятул-курсий, Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини ўқиб бораман. Лекин хизматим тақозоси билан бомдоддан бошқа намозларни ўқишга имкон топа олмайман (эрталаб 9дан кечаси 10-11ларгача ишда бўламан, ишда намоз ўқишга шароит ҳам, покиза жой ҳам йўқ, расман бўлмаса-да рухсат ҳам йўқ).Ушбу ҳолатда менга нима маслаҳат берасиз? Мендаги бу ҳолат кўпчилик айтаётгандек сеҳр билан боғлиқми (чунки Аллоҳга беадад шукроналар бўлсинки, мени шу ёшимда республика миқёсидаги катта бир ҳукумат идорасида раҳбар лавозимлардан бирига тайинлашган ўтган йили ёзда. Қўлимда акам, отам, ҳатто бувам тенги одамлар ишлайди). Аллоҳга шукрки, лавозимга Аллоҳ берган билим туфайли тайинландим, бошқача сўз билан айтганда, ишхонамдаги бошқаларга ўхшаб орқамда мени қўллаб-қувватлаб турувчи бой-бадавлат, раҳбар танишларим йўқ. Фақатгина таваккул қилганим ёлғиз Аллоҳ, ҳамда меҳрибон, дуогўй ота-онам борлар, алҳамдилуллоҳ, Аллоҳ умрларини узоқ қилсин!Муҳтарам Шайх ҳазратлари, мендаги бу ҳолат Сизга маълум бўлса, мендек бир ожиз бандага, ҳали ҳаётни кўрмаган ёш йигитга йўл кўрсатинг. Мендаги бу ўзгаришлар туфайли ишимнинг унуми йўқолмоқда, мени дангасалик қамраб олмоқда, хавотир ва ёмон хаёллар чулғаб олмоқда.Ҳар дарднинг комил шифосини бергувчи қодир Аллоҳга таваккул қилган ҳолда, Сиздан қимматли маслаҳатингиз, тўғри йўл ва иншааллоҳ ижобат бўлгувчи дуоингизни кутиб қоламан.Қимматли вақтингизни беҳуда ўғирлаган бўлсам, мени афв этинг, фазилатли Шайх ҳазратлари!
- Намозларни вақтида ўқинг. Ўлимдан бошқанинг иложи бор. Ўзингизга дам солишда давом этинг. Барча ёмон хаёлларни бошингизда чиқариб ташланг!