1. Аллоҳ таолога шукрлар бўлсин! Бу китобни ҳам диндошларимизга етиб боришини таъминлади. Китобнинг ёзилиб бўлганига анча вақт бўлган эди. Энди навбати келди. Мазкур китоб уч жуздан иборат. Иккинчи жузи ҳам босмахонада. Учинчиси диний қўмитада. Дуо қилиб туринглар, нашр этилиб қолса кўп яхши бўлади.2. Боҳана излаганга топилаверади. Ҳолбуки ҳар бир дискка нусха кўчиришнинг барча турлари мумкин эмаслигини очиқ – ойдин ёзиб қўйилган. Аммо одамлар турли баҳоналарни қилиб ўзларининг ишларини тўғри эканини даъво қилишаверади.Сиз билан бизни ташвишга солган ҳолат албатта мусулмон уламоларни ҳам ташвишга солган ва Маккаи Мукаррамадаги «ИСЛОМ ФИҚҲИ АКАДЕМИЯСИ» шу масалани алҳида кўриб чиқишга мажбур бўлган. Ҳозирги кунимизни кўзга кўринган катта уламолари аъзо бқлган бу фиқҳ академиясида муаллифлик ҳаққи тўлалигича ва батафсил кўриб чиқилганидан сўнг мусулмон умматига, мўмин-мусулмонларга қарата ўзларининг қарорларини чиқариб, муаллифларнинг муаллифлик ҳаққлари тўғрисидаги баёнотни берганлар. Ана шу баёнотда қуйида биз сўзма-сўз таржима қиладиган маънолар ифода қилинган: БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ «Баъзи пайтларда муаллиф ўзининг бутун умрини бир фойдали китоб таълиф қилиш учун ўтказади ва уни сотиб, фойда кўриш учун нашр қилади. Шунда бошқа бир одам келиб, ҳалиги китобдан бир нусхани олади-да, ҳозирги замонда чиққан осон воситалар орқали ё чоп қилади, ё суратга олдириб у ҳам сота бошлайди. Унинг сотиши албатта муаллифнинг йўлини тўсади, эгасини муаллифга қарши бир одамга айлантиради. Бунинг оқибатида ҳалиги одам бировнинг меҳнати самарасини ҳеч қандай таълифга аралашмасдан, уни заҳматини чекмасдан кўришга ўтади. Баъзи бирлар бу китобни бепул тарқатишлари ҳам мумкин. Лекин, ана шу бепул тарқатиши учун у ўзига шуҳрат қозонади, шуҳрат қозониш йўлида эса муаллиф бечоранинг чарчагани, ҳоригани, қилган меҳнати, ҳатти-ҳаракатини ҳаммасини зоега чиқаради. Мана шу гапни ихтиро қилувчилар ҳақида ҳам айтиш мумкин. Мана шу нарсалар бўлавергандан кейин илмли, заковатли, китоб таълиф қилишга, ихтиро қилишга қудрати етадиган одамларни ҳимматлари пасаяди. Чунки улар ўзларининг меҳнатлари самарасини кўрмайдилар. Улар меҳнатини охирига етказиш билан бошқалар уни қўлларидан юлиб оладилар ва ўзларининг фойдасига ишлатадилар, тижорат қиладилар, муаллифнинг ва у ёзган китобинирг сотилиш йўлини ҳам тўсадилар. Ҳолбуки, ўша «тижоратчилар» бу китобнирг ёки ихтиронинг дунёга келишида ҳеч нарса сарфлаганлари йўқ, буни хаёлларига ҳам келтирмаганлар. Замон ўзгариши билан вазиятлар ҳам ўзгарди. Янги-янги нарсалар чиқарилди, ана ўша нарсаларни чиқарган ҳар ким ўзининг қилган меҳнати самарасини кўриши керак. Шунинг учун муаллиф, ихтирочи ўзининг таълиф қилган асари ёки ихтиро қилган нарсасининг ҳақдори бўлиши вожибдир. Бу ҳақ ана шу муаллифнинг шахсий мулки ҳисобланади. Бирор киши унга тажовуз қилмаслиги керак. Унинг изнисиз кўчирмаслик, чоп қилмаслик, сотмаслиги керак. Ана шу нарсасларнинг ҳаммаси – китоб бўлсин, баҳс бўлсин асосан шариатга тўгри келадиган ва залолатга бошламайдиган нарсалар бўлиши шарт. Шунингдек, ёзилган нарсани нашр қилган ношир ҳам муаллифнинг шериги бўла олмайди. У фақат муаллиф нима ҳақида аҳдлашган бўлса, ўшанга ҳақли холос. Бошқа нарсага ҳаққи йўқ. Муаллифнинг изнисиз ношир китобнинг мазмунига ўзгариш киритиши мумкин эмас ёки бирон ерини бошқача қилишга ҳаққи йўқ. Муаллифлик ҳаққи мерос бўлиб қолади, яъни муаллифнинг меросхқрларига ҳам мерос бўлиб қолади. Ана шу нарсаларнинг ҳаммаси халқаро шартномаларда ўз аксини топган. Мана шу нарсаларнинг ҳаммасини мўмин - мусулмонлар амалга оширишлари керак, Шариатга хилоф ишларни қилмаслик керак. Бу нарсаларнинг ҳаммасини жойига қўйиш вожиб ҳисобланади».Мана, муаллифлик ҳаққи тўғрисидаги «ИСЛОМ ФИҚҲИ АКАДЕМИЯСИ» уламолари чиқарган қарор. Бу қарор жуда муҳим бир ҳужжат ҳисобланади. Ҳар бир мўмин – мусулмон муаллиф ва ихтирочининг ҳаққини ҳурмат қилиши керак. Муаллифнинг ҳаққини поймол қилиш худди бир одамни бир жойга тўплаб қўйган мол-мулкини ўғирлаш билан баробар бўлади. Ана шу молни ўғирлаб, олиб чиқиб сотиб, пул қилган одам қанчалик гуноҳкор бўлса, муаллифнинг изнисиз ундан беркитиб, китобини чоп қилиб ёки бошқа асарини билан кўпайтириб сотаётганлар бировнинг молини ботил йўл билан еяётган ва қиёмат кунида қоринларига оловни ейдиган шахслардан бўлади. Муаллиф изнисиз, ўғирликча унинг ҳаққини юлиб олиб савдо қилаётганлардан нарса сотиб оладиганлар ҳам ўйлаб қўйишлари керак. Чунки бизнинг шариатимизда ўғирланган, ғасб қилиб тортиб олинган молларни сотиб олишга рухсат йўқ, улар ҳаром бўлади. Шунинг учун, ана шундай ўғрилардан, муттаҳамлардан бировни ҳаққини тортиб олганларнинг маҳсулотини сотиб олишдан ҳам ҳазар қилиш керак. Балки асл нусхани, ҳалол, тер тўкиб, меҳнат қилиб йиллар давомида ўзининг бутун билимини, ақлини, заковатини, кучини, қудратини сарфлаб асар юзага келтирган инсоннинг китобини ва бошқа маҳсулотларни сотиб олиб, ўшалардан фойдаланса, савоб йўлида тўгри иш ўилиш бахтига муяссар бўлинган бўлади. Ҳамма нарса ҳалол-пок, яхши бир суратда амалга ошган бўлади. Аллоҳ субҳаноҳу ва таолонинг Ўзи барчаларимизга инсоф-тафвиқ берсин, жумладан муаллифларнинг, ҳаққини поймол қилиб, ўзларига осон мол, пул топиш йўлига кириб олганларга ҳам инсоф берсин, ҳаммамизни Аллоҳнинг шариатига амал қилиб, ҳалол, пок ризқ билан ризқланиб юришимизда Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлсин.