Ассалому алайкум! Турмуш ўртоғим намоз ўқишни бошладилар, алхамдулиллах. Фақат тахорат олишда кетма кетликка риоя қилмайдилар, намозларини азон айтилмасидан аввал ўқийверадилар. Хатоларини айтсам, Аллох билгувчи кимни намози қабул бўлишини дейдилар. Шу ишлари тўғрими?
– Ва алайкум ассалом! Таҳоратда тартибга риоя қилмаса ҳам таҳорат адо бўлади. Намозни тақвимдаги вақти кирган бўлса азон айтилмасдан ўқиса ҳам бўлади. Аммо вақти кирмаган бўлса зиммадан адо бўлмай, вақти кирганида қайтадан ўқиши фарз бўлади. Буни чиройли йўллар билан тушунтиринг. Бу сизни гапингиз эмас, балки Аллоҳ таолонинг буйруғи эканлигини тушунтиринг.
قَالَ اللهُ تَعَالَى: إِنَّ الصَّلاَةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَّوْقُوتًا
Аллоҳ таоло:
«Намозни тўкис адо этинглар. Албатта, намоз мўминларга вақти тайин фарз бўлгандир», деган («Нисо» сураси, 103-оят).
Бу ояти карима намознинг фарзлиги ҳақидаги оятларнинг бири бўлиб, ундаги намозни тўкис адо этиш ҳақидаги буйруқ фарзни ифода этади. Намознинг вақти тайин қилиниб, фарз этилганлиги эса уни ўз вақтида адо этиш лозимлигини англатади. Валлоҳу аълам!