Ассалому алайкум! Мен Кореяга ўқишга келдим. Масжидда намозни бизнинг мазҳабга ўхшаб ўқишмаяпди. Бу ердаги юртдошлардан сўрасам, “мусофир одам қаерга борса, шу юртникидек қилиб ўқийди” дейишди. Мисол учун “Фотиҳа” сурасидан сўнг “омин”ни биз ичимизда айтамиз, улар баралла овоз билан айтишар экан. Яна қулоқ қоқилганда фарқ бор экан. Қандай йўл тутай? Имомга иқтидо қилиб ўзимиз ўқигандай ўқийми ёки улардайми?
2). Витр намозини жамоат билан ўқийми? Бунда ҳам жуда кўп фарқ бор экан.
Ва алайкум ассалом! 1). Сиз ўз мазҳабингизда мустаҳкам бўлинг. “Бир мазҳабдаги киши бошқа мазҳабдаги кишига иқтидо қилиш жоизми?” деган саволга эса, уламоларимизнинг барчалари “Жоиз” деб жавоб берганлар. Шунинг учун Ҳарами шарифда барча мазҳаб кишилари ҳанбалий мазҳабидаги имомга иқтидо қилишади.
2). Витр намозида ҳам иқтидо қилишингиз жоиз.
ВИТР НАМОЗИДА ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДАГИ КИШИ ҲАРАМ ИМОМИГА ИҚТИДО ҚИЛИШИ
Ҳанафий мазҳабига биноан витр намозини уч ракъати бир салом билан ўқилиши лозим. Иккинчи ракъатда салом бериш жоиз эмас. Уч мазҳаб имомлари наздида эса, аввал витр намозини икки ракъатини ўқиб, сўнг яна бошқа салом билан бир ракъатини адо қилиш суннат. Ривоят ва далиллар икки томонда ҳам мавжуд. Ҳанафий мазҳабининг рожиҳ ва фатво берилган қавлига мувофиқ ҳанафи мазҳабидаги киши витр намозини икки салом билан ўқийдиган киши ортидан туриб, витр намозини ўқиса, ўқиган витр намози дуруст бўлмайди. Лекин, ҳанафий мазҳабининг тўртинчи табақасидан бўлган Имом Абу Бакр Розий ал-Жассос (ваф. 370/) ва Ибн Ваҳбон раҳматуллоҳи алайҳлар: “Витрни икки салом билан ўқийдиган имом ортида туриб, ҳанафий мазҳабидаги киши витрни ўқиса, витри дуруст бўлади” деганлар. Шу боис бу масала, мужтаҳадун фиҳ бўлган масалалар сирасига киради.
Рамазон ойида Масжиди ҳарам билан Масжиди Набавийда витр намози доимо икки салом билан ўқилади. Таровиҳ намозидан кейин витр намозини у ерда жамоат билан ўқиш ҳанафий мазҳабидаги кишиларга қийинчилик туғдиради. Бундай вазиятдан Масжиди ҳарамда тавоф қилишга киришиб кетиш билан чиқиб кетса бўлади. Лекин, Масжиди Набавийда эса, бундай имконият мавжуд эмас. Масжиди Набавийда витр намози ўқилаётган пайтда ҳанафий мазҳабидаги кишилар алоҳида жамоат бўлишлари ёки ўтириб олишлари керак бўлади. Бундай қилиш эса, катта бир жамоатга тескари иш қилгандай бўлиб туйилади. Бундай чорасиз пайтда ҳанафий мазҳабидаги киши биз сабабли катта бир жамоатни кўриниши ўзгариб, тафриқа пайдо бўлсамин деб ўйлаши лозим. Шу боис Ҳижозда витр намозини икки салом билан ўқийдиган имомлар ортида ҳанафий мазҳабидаги кишини ўқиган витр намози дуруст бўлади. Иқтидони дуруст бўлишига қуйида учта далил келтирилади:
1. Зарурат пайтда машҳур бўлмаган қавлга амал қилиш имконияти юзага чиқади. Бу ўринда зарурат ҳаммага бирдек маълум бўлиб турибди. Шу боис Имом Абу Бакр Розий ал-Жассос ва Ибн Ваҳбон раҳматуллоҳи алайҳларнинг қавлларини ихтиёр қилиб, витр намозини икки салом билан ўқийдиган имомга ҳанафий мазҳабидаги кишини иқтидо қилиб витр намозини ўқиши дуруст бўлади. Бу борада фақиҳлардан қуйидаги лафзлар нақл қилинган:
فمذهب الحنفية انه لا وتر عندهم الا بثلاث ركعات بتشهدين وتسليم نعم لو اقتدى حنفي بشافعي في الوتر وسلم ذلك الشافعي في الوتر الامام على الشفع الاول على وفق مذهبه ثم اتم الوتر صح وتر الحنفي عند ابي بكر رازي وابن وهبان
“Ҳанафий мазҳабида витр намози уч ракъат бўлиб, икки ташаҳҳуд ва бир салом билан адо қилинади. Аммо ҳанафий мазҳабидаги киши шофиий мазҳабидаги кишига иқтидо қилиб, имом ўз мазҳабига мувофиқ икки ракъатда салом берса, сўнг бир ракъат ўқиб витр намозини тамомласа, Абу Бакр Розий ва ибн Ваҳбон раҳматуллоҳи алайҳлар наздида унга иқтидо қилган ҳанафийнинг намози ҳам дуруст бўлади” (Маорифс сунан).
أَنَّهُ لَا يَجُوزُ اقْتِدَاءُ الْحَنَفِيِّ بِمَنْ يُسَلِّمُ مِنْ الرَّكْعَتَيْنِ فِي الْوِتْرِ وَجَوَّزَهُ أَبُو بَكْرٍ الرَّازِيّ وَيُصَلِّي مَعَهُ بَقِيَّةَ الْوِتْرِ لِأَنَّ إمَامَهُ لَمْ يَخْرُجْ بِسَلَامِهِ عِنْدَهُ وَهُوَ مُجْتَهِدٌ فِيهِ
“Ҳанафий киши витр намозида икки ракъатдан кейин салом бергувчига иқтидо қилиши жоиз бўлмайди. Имом Абу Бакр Розий раҳматуллоҳи алайҳ эса, иқтидосини жоиз деб: “Витрни қолганини имом билан биргаликда ўқийди. Чунки, унинг имоми иқтидо қилувчининг наздида салом беришлик билан намоздан чиқмайди ва бу ижтиҳодли масаладир” (Баҳрур роиқ).
2. Ҳарам ҳокими витр намозини икки салом билан ўқишга амр қилган. Шу боис у ерда истиқомат қилувчи ҳанафий мазҳабидаги кишилар, ҳокимни ҳукмига итоат қиладилар. Турли минтақадан келувчи кишилардан ҳам ҳарамда истиқомат қилаётган пайтда у ернинг қонун қоидаларига амал қилиш ваъдаси олинади. Кимдаки ҳарам қонун-қоидаларига хилоф иш қилса, жавобгарликка тортилади. Ҳоким икки салом билан витр намозини ўқишга амр қилган бўлса, мазҳаблар орасидаги ихтилофга чек қўйиб, ҳокимни ҳукмига амал қилиш лозим бўлиб қолади. Шунинг учун Ҳарамда истиқомат қилаётган пайтда ҳанафий мазҳабидаги кишилар ҳокимни ҳукмига биноан витр намозини икки салом билан ўқишлари лозим бўлади. Ҳокимнинг бу ҳукми шариатга хилоф эмас. Чунки, ҳокимни сўзи тўрт имомдан учтасини қавлига мувофиқдир. Бу борада фақиҳлардан қуйидаги лафзлар нақл қилинган:
ان حكم الحاكم رفع للخلاف في الامور المجتهد فيها
“Ҳокимнинг ҳукми ижтиҳодий масалаларда ихтилофни кўтаргувчидир” (Фатҳул мулҳим).
فكما ان النزاع يرتفع بالتعامل السابق فانه يرتفع ايضا بتقنين من قبل الحكومة
“Тортишувлар одамларни таомили туфайли кўтарилганидек, ҳукумат тарафидан қонун чиқариш билан ихтилофларга чек қўйилади” (Такмилату фатҳул мулҳим).
3. Анвар Шоҳ Кашмирий ва Маҳмуд Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳлар наздида ҳанафий мазҳабидаги киши уч мазҳаб имомлари қавлига мувофиқ витр намозини ўқигувчи киши ортида туриб, улар каби намоз ўқиши дуруст бўалди, деганлар. Абу Бакр Жассос раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаблари ва райлари ҳам шудир.
ولا عبرة بحال المقتدي واليه ذهب الجصاص وهو الذي اختاره لتوارث السلف واقتداء احدهم بالاخر بلا نكير مع كونهم مختلفين في الفروع وكان شيخنا شيخ الهند محمود الحسن ايضا يذهب الى مذهب الجصاص
“Витрда иқтидо қилувчининг ҳолатига эътибор қаратилмайди. Имом Жассос шу йўлни танлаганлар. Иқтидони жоизлигини ихтиёр қилган шайх шу кишидир. Салафи солиҳинлардан мерос бўлиб келаётган йўл ҳам шудир. Улар фуруъ масалаларида бир-бирларига хилоф қилишлари билан биргаликда бир-бирини инкор қилмай бири бошқасига иқтидо қилаверган. Маҳмуд Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ ҳам Имом Жассоснинг мазҳабига юрганлар” (Файзул борий). Валлоҳу аълам!