Ассалому алайкум! Мен ушбу саволни сўрашдан олдин сайтдан ушбу мавзу бўйича берилган бошқа саволлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, кейин савол беришга аҳд қилдим! Саволим қуйидагича: менинг исмим Муҳаммадсоли лекин мени кўпчилик Соливой, Соли ёки шунга ўхшаш қўшимчалар билан нотўлиқ ҳолда чақиришади! Мен уларга исмимни тўлиқ ҳолда чақиришини ва бу менга ҳуш кемаслигини айтишимга қарамай бу ҳолат давом этмоқда. Яхши ният ила қўйилган ушбу исмни шундай чақириш тўғрими? Қўйилган исмни тўлиқ ҳолда чақириш кераклиги бўйича бирор бир ҳадис келганми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат, Аллоҳ қилаётган ҳайрли ишларингизни ажрини кўпайтириб берсин!
– Ва алайкум ассалом! Биз билишимизча исмингиз Муҳаммадсолиҳ бўлиши керак. Албатта кишининг ўз исми билан уни тўлиқ ҳолида айтиб чақирилгани яхши бўлади. Исмнинг эгасини ранжитиб, унинг исмини қисқартириб айтиб чақириш дуруст эмас. Лекин баъзи ҳолатларда шундай қисқартириб ҳам чақирилади. Хусусан ўзингизга яқин, ёши катта танишларингиз тарафидан ҳам бўлиш эҳтимоли бор. Бу ҳолатга қаттиқ ранжиш керак эмас. Улар сизни ўзига яқин олиб, эркалаб шундай қилишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Оиша онамизни “Эй Оиш” деб, хизматчилари Анжашани “Эй Анжаш” деганлари ҳадисларда ворид бўлган. Лекин кимдир сизни шундай чақиришдан мақсади қадрингизни камайтириш ёки устингиздан кулиш бўлса, албатта бу ишдан шариатда қайтарилган, гуноҳ иш ҳисобланади. Валлоҳу аълам!