Ассалому алайкум! Мен энди намозни ўқишни бошлаяпман. Шунинг учун бир нарсани сўрамоқчиман. Ҳар бир намоз олдидан таҳорат олиш шартми?
– Ва алайкум ассалом! Таҳоратингиз синмаса, ҳар намоздан олдин таҳорат олиш шартмас.
Таҳоратни синдирувчи нарсалар қуйидагилардир:
1. Кишининг орқа ва олди нажосат йўлидан чиқадиган ҳар қандай нарса таҳоратни синдиради. Улар хоҳ пешоб, хоҳ ел бўлсин, хоҳ нажосат, хоҳ қурт бўлсин, фарқи йўқ. Яна шу икки йўлдан бирига бармоқнинг кириши ёки орқага ҳуқна (клизма) қилиб, чиқариб ташлаш билан ҳам таҳорат синади.
2. Баданнинг қайси бир жойидан қон ёки йиринг чиқса-ю, тоза жойга ёйилса ҳам, таҳорат бузилади.
3. Оғизни тўлдириб қайт қилиш билан ҳам таҳорат синади. Инсон қайт қилганда оғзи тўлиб гапира олмай қолса ёки оғзини беркита олмаса, шу ҳолат оғзи тўлиб қайт қилганга киради.
4. Ёки инсон қон қайт қилса-ю, тупугига қоннинг ранги ғолиб бўлиб қизарса, синади. Аммо тупугининг ранги сарғайса, синмайди.
5. Киши ёнбошлаб ёки бир нарсага суяниб ухласа ва уйқуси шу суянган нарсаси олиб қўйилганда йиқиладиган даражада бўлса, таҳорати синади; маст бўлиш, ҳушдан кетиш, тутқаноқ ва жинни бўлиш билан ҳам таҳорат синади.
6. Эр хотинини яланғоч ҳолда қучоқласа ҳам таҳорати кетади.
7. Мазҳабимизга кўра, рукуъ ва саждаси бор намозда (жаноза намозидан ташқари) балоғатга етган хоҳ эркакнинг, хоҳ аёлнинг қаҳ-қаҳ отиб кулиши билан таҳорат синади. Ёнидаги киши эшитадиган даражадаги кулги «қаҳқаҳа» дейилади. Аллоҳ таоло билан муножот қилаётганда бу каби нарсаларни қилувчиларга таъзир бериш сифатида уларга таҳоратни янгилаш шарт қилинмоқда.
Изоҳ: кўз ёши (агар оғриқ туфайли бўлмаса), буруннинг суви, бадандан чиққан тер, она сути таҳоратни бузмайди. Шунингдек, чивин ёки бурга қанча қон сўрса ҳам, таҳорат синмайди. Шунингдек, мушак остиларига укол қилинганда қон чиқмаса, таҳорат синмайди. (“Мўминнинг меърожи” китобидан). Валлоҳу аълам!