Ассалому алайкум! Мен Урганч шахрида яшайман, масжидимиз имоми ишораи саббобани ортиқча ҳаракат деган ва бу гапдан олдин шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг фатволарини ҳам айтганлар, мен ҳам шу диёримдаги имомларни айтганларини қилиб бу ҳаракатни ортиқча ҳаракат деб биламан, лекин Аброр Мухтор Алий домла бу амални суннат эканлигини, Абу Ҳанифа қилганликларини айтди ва улар ҳам шайҳ Ҳазратларининг фатволарини айтдилар. Мени диний илмим деярли йўқ, мен бу амални қилмаслигимни асосий сабаби бизни диёрларда бу амал деярли қилинмайди, агар қилсангиз ҳам бошқалар орасида ихтилофга одамларнинг сизга нисабатан бошқача назар билан қарашига сабаб бўласиз, саволим шуки мени амалим одамларнинг фикрларидан қўрқиш бўлиб Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган иш бўлиб қолмаяпманми?
– Ва алайкум ассалом! Бу “ишораи саббоба” масалада устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ, ҳанафий мазҳабининг уламолари орасида бу борада хилоф бўлганлиги сабабли кишининг намоз ўқишга ўргатган устози қандай таълим берган бўлса шундай қилиши ва бошқа қавлга эргашганларга эътироз қилмаслик кераклигини айтиб ўтганлар. Агар бу амал урф бўлмаган ерларда уни қилиш ихтилофга сабаб бўлса, қилмаган афзаллигини ҳам айтганлар. Валлоҳу аълам!