Ассалому алайкум! Ҳозирги кунда Полша элчихонасига суҳбатга жой олиш талабалар учун муаммо бўлиб келмоқда, сабаби элчихона ўз хизматларини фақат жума куни 3 дан 4 гача тақдим қиляпти. Шу пайтда айримлар текинга бериладиган нарсани 200$ гача нархда пуллаб студентларга жой олиб бераяпти. Ҳозир сизларга иккита ҳолатни тақдим этмоқчиман шунда тушунмовчилик бор.1- ҳолат шуки, агар сайтда ҳамма интервю учун жой ола олиш имкониятига эга бўлиб жойлар жуда кўп бўлса, билмайдиган йигит биладиган нотаниш инсондан пулга жойни сотиб олиши мумкинми? Ёки, агар ҳозиргидек жойлар сони чекланган бўлиб, фақат бир нечта ўрин олиш мумкин бўлса, у акалар бир вақтни ўзида кўплаб ўқувчиларга пул эвазига жой олиб бериши жоизми, худди шу вақтни ўзида ўз ақл-у салоҳияти билан жой олиши мумкин бўлган даъвогар жойдан қуруқ қолса, пули бор кандидат эса, ақлли кандидатдан устун келса, шу йўл орқали топилган пул ҳукми қандай. 2. Агар жойлар ҳозиргидек чекланган бўлиб Ўзбекистон Республикаси қонунига хилоф интернетни бузувчи яъни ВПН+ ва ҳоказо сайтлар орқали ўша вақтда сервер компютерга айланиб олиб, қолган компютерларни блоклаб қўйиб, жойни олиб уларни 200$ атрофида чет элга чиқаётган кандидатларга пуллаётган бўлса, бу ишни ҳукми қандай. Узр, савол чўзилиб кетди!
– Ва алайкум ассалом! Ҳамма бориб олишга ҳақли бўлган нарсани фирибгарлик қилиб баъзи бир одамлар ўзиники қилиб олиши ўта жирканч иш эканлигига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким фириб қилса биздан эмас” деган ҳадислари кифоя қилади.
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنِّي فَرَطُكُمْ عَلَى الْحَوْضِ، مَنْ مَرَّ عَلَيَّ شَرِبَ، وَمَنْ شَرِبَ لَمْ يَظْمَأْ أَبَدًا، لَيَرِدَنَّ عَلَيَّ أَقْوَامٌ أَعْرِفُهُمْ وَيَعْرِفُونِي، ثُمَّ يُحَالُ بَيْنِي وَبَيْنَهُمْ
قَالَ أَبُو حَازِمٍ: فَسَمِعَنِي النُّعْمَانُ بْنُ أَبِي عَيَّاشٍ فَقَالَ: هَكَذَا سَمِعْتَ مِنْ سَهْلٍ؟ فَقُلْتُ: نَعَمْ. فَقَالَ: أَشْهَدُ عَلَى أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ لَسَمِعْتُهُ وَهْوَ يَزِيدُ فِيهَا: «فَأَقُولُ: إِنَّهُمْ مِنِّي. فَيُقَالُ: إِنَّكَ لَا تَدْرِي مَا أَحْدَثُوا بَعْدَكَ. فَأَقُولُ: سُحْقًا سُحْقًا لِمَنْ غَيَّرَ بَعْدِي». وَقَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ: سُحْقًا بُعْدًا، يُقَالُ سَحِيقٌ بَعِيدٌ، وَأَسْحَقَهُ أَبْعَدَهُ
Саъид ибн Абу Марям бизга шундай сўзлаб берди:
«Муҳаммад ибн Мутарриф бизга шундай сўзлаб берди: «Менга Абу Ҳозим шундай сўзлаб берди: «Саҳл ибн Саъд деди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мен сизлар учун Ҳавзга фаратман. Ким олдимдан ўтса, (ундан) ичади. Ким ичса, тоабад ташна бўлмайди. Олдимга мен танийдиган, мени танийдиган (баъзи) қавмлар келади, сўнг мен билан уларнинг оралари тўсилади».
Абу Ҳозим шундай деди: «Нуъмон ибн Абу Айёш буни мендан эшитиб, «Саҳлдан шундай эшитганмисан?» деди. «Ҳа», дедим. Шунда у: «Гувоҳлик бераманки, буни Абу Саъид Худрийдан эшитганман ва у унга шундай қўшимча қилган: «Улар мендан-ку», дейман. «Уларнинг сендан кейин нималар қилганини билмайсан», дейилади. Шунда мен: «Йўқолсин, йўқолсин мендан кейин ўзгартирганлар!» дейман».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Суҳқон» – нари бўлсин, «саҳииқун» – нари, «асҳақоҳуу» – нари қилди, дегани. (“Олтин силсила” китобидан "Саҳиҳул Бухорий").
Қиёмат куни энг муҳтож бўлган ҳолимизда турганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига борсагу, у зот “йўқолсин, йўқолсин” деб турсалар ҳолимиз нима кечади?
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ حَمَلَ عَلَيْنَا السِّلَاحَ فَلَيْسَ مِنَّا، وَمَنْ غَشَّنَا فَلَيْسَ مِنَّا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бизга қарши силоҳ кўтарса, биздан эмасдир. Ким бизга нисбатан алдамчилик қилса, биздан эмасдир», дедилар».
Икки шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Алдамчилик ҳам мунофиқликнинг кўзга кўринган сифатларидан биридир. Бу ишни қилганлар эса мусулмон умматидан бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ишдан асрасин! Валлоҳу аълам!