Ассалому алайкум! Бир инсон хайвон бокади, яъни мол, лекин уни ён кушнилари бунга каиши, чунки кушниларини уйида сассик хийди хар канча яхши карамасин барибир бор. Кушнилари хатто иссик кунлари ойна очишолмеди хидидан. У одамга хар канча тушинтирилса хам фойдаси булмаяпти. Кискаси кушнилар норизо. Шу вазиятта уни бокаяткан хайвони унга халолми? Бу вазиятта динимизда кандай йул тутиш керак?
– Ва алайкум ассалом! Одамлар Ислом деганда фақат намоз ва рўзани тушунадиган бўлиб қолганлар. Аслида заррача ўзгага озор бериш шариатимизда ҳаром ҳисобланади. Ҳатто оддий пиёз еган одам ёки ошқозони касаллиги туфайли оғзидан бадбўй ҳид келиб турадиган одамни чиқиши вожиб бўлган жамоатга чиқмасликка буюрилган. Мақсад ёнидаги намозхонларга озор бермаслигидир. Қолаверса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْإِيمَانُ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ أَوْ بِضْعٌ وَسِتُّونَ شُعْبَةً، فَأَفْضَلُهَا قَوْلُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَدْنَاهَا إِمَاطَةُ الْأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ وَالْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنَ الْإِيمَانِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа илааҳа иллаллоҳ» демоқ ва энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шўбасидир», дедилар».
Иймоннинг энг кичиги “йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш” бўлса, уни аксини қилувчилар ўзларини ким эканлигини билиб олаверсинлар. Хусусан қўшнига озор бериш гуноҳи кабира ҳисобланади.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Қўшниси унинг ёмонликларидан эмин бўлмаган киши (ҳақиқий) мўмин бўла олмайди».
Шарҳ: Демак, киши ҳақиқий мўмин бўлиши учун қўшнилари унинг ёмонликларидан эмин бўлишлари, ундан ёмонлик кўрмасликларига ишончлари комил бўлиши керак. Қўшнилари: «Қўшнимдан қўрқаман, хиёнат қилиб қўярмикан ёки бошқа бир ёмонлик қилармикан», деб юрадиган киши комил мўмин бўлиши қийин.
Ҳасандан ривоят қилинади:
«Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин – одамлар ундан омонда бўлган кишидир. Билиб қўйингларки, муҳожир – ёмонликдан ҳижрат қилган кишидир. Билиб қўйингларки, мусулмон – қўшниси ундан саломат бўлган кишидир. Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳеч бир киши, агар қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмас экан, жаннатга кирмайди», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадисда учта муҳим масала, учта муҳим таъриф ва қўшнига ёмонлик қилмаслик ҳақида таъкид келмоқда. Яъни ҳақиқий – афзал мусулмон, афзал муҳожир ва афзал мўмин ҳақида баҳс юритилмоқда ҳамда қўшниси ёмонлигидан омонда бўлмаган одам жаннатга кирмаслиги уқтирилмоқда.
Ушбу ҳадисда келган мусулмон, муҳожир ва мўминнинг таърифи афзаллик таърифидир.
«Мўмин – одамлар ундан омонда бўлган кишидир».
«Иймон», «мўмин» сўзлари «амн» сўзидан олинган бўлиб, «омонлик», «ишончли» деган маъноларни англатади. «Мўмин» сўзи бизда ювош, хушфеъл маъносида ишлатилиши ҳам шундан. Мўмин одам доимо тинчлик, омонлик тарафдори бўлгани учун, одамлар унга жуда ишониб қоладилар. Яъни ўз жонлари ва молу мулкларига мўминдан ёмонлик етмаслигига ишончлари комил бўлади.
«Билиб қўйингларки, муҳожир – ёмонликдан ҳижрат қилган кишидир».
Бу таъриф ҳам худди аввалги таърифда зикр қилинган нарсаларни ўзида мужассам қилгандир. Унда «муҳожир» сўзининг маъноси тушунтирилмоқда. Яъни ватан, эл-юрт ҳижронидан иборат бўлган ҳижрат Аллоҳ қайтарган нарсалардан ҳижронда, яъни узоқда бўлишда ҳам собит бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Дину диёнат учун ватанидан, яқин қариндошларидан узоқда бўлиш «муҳожирлик» деб аталади. Энди Аллоҳ қайтарган ишлардан, яъни гуноҳлардан узоқда бўлиш ҳам дин-диёнатга амал қилиш учун бўлгани учун «муҳожирлик» деб аталмоқда.
«Билиб қўйингларки, мусулмон – қўшниси ундан саломат бўлган кишидир».
«Ислом», «мусулмон» сўзлари «саломатлик», «тинчлик» маъноларини ифода этади. Шунинг учун «мусулмон – ўзга одамлар, хусусан, қўшниси унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган шахсдир», дейилмоқда.
«Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳеч бир киши, агар қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмас экан, жаннатга кирмайди».
Ҳадисдан қўшнининг ҳақлари, қўшнига ёмонлик етказмаслик, балки унга яхшилик қилишнинг нақадар улуғ амаллар эканини билиб оламиз. Одамларга ёмонлик қилмаслик, зарар етказмаслик, уриб-сўкмаслик, жонига, молига, обрўсига футур етказмаслик – буларнинг барчаси иймон, Ислом, ҳижрат, яхшилик аломатлари экан.
Қўшниларига ёмонлик қилиб юрадиган, қўшнилари унинг ёмонлигидан қўрқиб турадиган одам жаннатга кирмас экан. Ушбу ҳадисдан қўни-қўшнилар билан муомалани яхшилаш, уларга озор бермаслик вожиблигини ўрганиб олар эканмиз.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин.
Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин», дедилар».
Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирган кишининг икки сифати ва қилиши лозим бўлган иши ҳақида маълумот бермоқдалар, сиз билан биз умматларини ушбу амалларни қилишга чорламоқдалар.
1. «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин».
Қўшнига озор бермаслик Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига иймон келтирган кишининг сифати, белгиси, аломатидир. Ким Аллоҳ таолога иймон келтирган бўлса, Қиёмат кунидан умидвор бўлса, қўшнисига озор бермасин.
Бу ва бунга ўхшаш жойларда Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига иймонни зикр қилиш таъкидлаб айтилаётган ишларга тарғиб муболағали бўлиши учундир. Аллоҳга бўлган иймон доимо У Зотга муҳаббат ила итоат қилишга чорлайди. Охиратга бўлган иймон эса савоб ва азобни эслаб туришнинг асосидир. Кимнинг охиратга иймони бўлса, яхшилик қилади ва ёмонликдан қайтади.
Қўшнига яхшилик қилиш унинг ҳожати тушган ишларда ёрдам бериш ва ундан ёмонликларни даф қилиш ила бўлади. Унга озор бермайди ва эҳсон қилади.
Қўшнига озор бермаслик ва яхши гап гапириш, бўлмаса, жим туриш. Бу аслида жуда осон нарса, ўзи бир ҳадисга жо бўлган, лекин бутун оламга татигулик таълим-тарбияни ўз ичига олган.
Лекин минг афсуски, мўмин-мусулмонлар бугунги кунга келиб, бундай ҳадислардан ниҳоятда узоқлашиб кетишган.
Қўшнилар бугунги кунда энг ашаддий душманларга айланган.
Яхшиликни гапириб, бўлмаса жим туриш эса, Аллоҳ сақласин, тескарисига айланиб кетган, гапларимизнинг кўпи фақат ёмон гаплар.
Мана шу ҳадисларга амал қилиш, унда айтилган нарсаларга қайтиш биз учун бахт-саодат, икки дунёда обрў-эътиборга сазовор бўлиш йўлидир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Қўшнига яхшилик қилиш Аллоҳ таолога ва охират кунига бўлган иймоннинг аломати экани.
2. Яхши гап гапириш, бўлмаса, жим туриш Аллоҳ таолога ва охират кунига бўлган иймоннинг аломати экани. Валлоҳу аълам! ("Яхшилик ва силаи раҳм" китобидан). Валлоҳу аълам!