Ассалому алайкум! Мен дорихонада ишлайман. Бизга ҳарид учун ҳар хил иқтисодий шароитдаги инсонлар киради. Дориларнинг нархлари ҳамма ҳаридорлар учун ҳам мос келавермайди, баъзилари рози бўлиб, баъзилари мажбурликдан олишади. Биз имконимиз борича нархларни арзонроқ қилишга ҳаракат қиламиз. Лекин ўшанда ҳам тан нархи анча қиммат препаратлар бор. Уларни ҳаридор рози бўлиб эмас балки, иложсизликдан олаётган бўлса, у бераётган маблағининг ҳукми биз учун қандай бўлади? Агар у препарат атрофдаги дорихоналарга нисбатан бизда арзонроқ ёки нархи атрофдагилар билан бир хилда бўлсачи? Давлатимиз томонидан 20% гача устама қўйишга рухсат берилган бўлсада, лекин динимиз 2 томон розилиги билан ҳалол бўлади деган фикр мени жуда ҳам қийнайди.
– Ва алайкум ассалом! Модомики инсонларга арзонроқ сотишга ҳаракат қиляпган экансиз, уларнинг иложсиз оляпганига сиз масъул эмассиз. Олган маблағингиз ҳалол бўлади. Сиз дорини арзонроқ қилишга ёки атрофдагиларнинг нархига тенг қилишингиз энг тўғри иш.
Сиз “Икки томон рози бўлса” деган гапни нотўғри тушунибсиз. Бу масала динимизда жуда гўзал муолажа қилинган. “Икки томон рози бўлса”, дегани нимани хоҳласа шуни қилади дегани эмас. Шариатда тижорат бобида иҳтикор-монополия ман қилинган. Сунъий нархни ошириш ман қилинган. Молни бозорга келмасидан олдини тўсиб чиқиб савдо қилиш ман қилинган. Ҳаттоки бирор киши бирор молни алданиб ўта қимматга олиб қўйса, қайтариб беришга ҳам ҳақи бор. “Икки томон рози бўлса” деган жумланинг асл маъносини қуйидаги сартлардан билиб оласиз.
Бу ҳақида Нисо сурасида Аллоҳ таоло:
«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли», деган (29-оят).
Бировнинг молини ботил йўл — ҳаром йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик ва бошқалар киради.
«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг».
Ояти каримада ботил йўл билан бировнинг молини ейишдан,
«Магар ўзаро розилик ила бўлган тижорат бўлса, майли», деб истисно қилинмоқда. Албатта, ҳалол ризқ топишнинг йўли фақат тижорат эмас. Аммо бу мақомда тижоратнинг зикр қилинишига сабаб–ботил йўл билан мол ейишнинг баъзи турларида тижоратга ўхшашлик бор. Мисол учун, Арабистон ярим оролида рибохўрлик авж олган эди. Аллоҳ таоло бу ишни ҳаром қилганида мушриклар рибо ҳам тижоратга ўхшаш, деган даъвони илгари сурдилар. Шунга ўхшаш тушунмовчиликлар ёки ноўрин даъволарнинг бўлмаслиги учун ўзаро розилик билан бўлган тижорат истисно қилинмоқда. Чунки тижорат ҳалол меҳнат. Тожир меҳнат қилиб, молу пулини ишга солиб, ишлаб чиқарувчи ва харидор орасида восита бўлади. Бу вазифани бажариш учун орада анчагина хизматларни адо этади. Унинг келажакда фойда кўриш-кўрмаслиги, фойданинг оз ёки кўп бўлиши гумон. У касод бўлиш, синиб, молсиз-пулсиз қолиш эҳтимолларини ҳам бўйнига олиб бу ишга қўл уради. Энг муҳим омиллардан бири–тижорат икки тарафнинг розилиги билан бўлади. Харидор рози бўлмаса, олиш-олмасликда эркин, бошқа томонга кетаверади.
Бу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўп. Бир луқма ҳаром таом еган одамнинг неча кунлаб дуоси қабул бўлмаслигини биламиз.
Айниқса, мусулмон киши ҳаром йўл билан молу дунё касб қилишдан худди чўчқанинг гўштини ейишдан ҳазар қилгандек ҳазар қилиши керак. Ҳаром йўл билан молу дунё топган одам икки дунёда шарманда бўлади. Бу дунёда азоб-уқубат, турли бало-офатларга йўлиқиб, у дунёда жаҳаннам ичида туриб, қорнига таом ўрнига оловни ейди. (“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан).
Бу ерда одамларни қилаётган нотўғри иши учун шариатнинг хукми сизни қийнамаслиги керак. Шариатимизнинг сизнинг касбингизга керакли бўлган ҳукмларидан хабардор эмаслигингиз бунга сабаб бўлган. Шунинг учун савдога тааллуқли ҳукмларни ўрганишингиз керак. Зеро бу сиз учун фарз ҳисобланади. “Ҳадис ва ҳаёт” китобининг 11-жузи, “Кифоя” китобининг савдога боғиқ боблари ва “Бозор ва унга боғлиқ масалалар” китобларини ўқишингизни тавсия қиламиз. Валлоҳу аълам!