Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Пайғамбаримиз туғилган йилларини аниғи қайси

15:55 / 05.09.2021 | Dilnura | 7663

Ассалому алайкум! Пайғамбаримиз (с.а.в.)ни туғилган йиллари "Пайғамбарлар тарих" китобида 570, "Ибодати исломия" китобида 571 берилган. Қайси бири тўғри?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган сана тарихчилар ўртасидаги мунозарали мавзулардан биридир. Баъзилари 569 ва 577 йилни кўрсатишса, бошқалар 571 йили Пайғамбаримизнинг туғилган йиллари деб исботлашга уринишади.
Миср расадхонасининг собиқ мудири, фалакиёт олими Маҳмуд Фалакий Пошо 1858 йили француз тилида ёзган бир рисоласида Расули акрамнинг туғилган йиллари ҳақида янги илмий маълумотлар берган эди13. Маҳмуд Фалакий бу рисоласида шундай дейди: «Бухорийнинг маълумот беришича, ҳижратнинг ўнинчи санаси ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кичик ўғиллари Иброҳим ўлган ва ўша куни қуёш тутилган эди. У пайтда Расули акрам 63 ёшда бўлганлар. Ўнинчи ҳижрий йилда содир бўлган бу қуёш тутилиши ҳодисаси милоднинг 632 йили январь ойининг 7-кунига тўғри келяпти. Ана шу сана асосида Расули акрамнинг қамарий ҳисоб бўйича олтмиш уч йиллик ҳаётлари орқага қараб ҳисобланадиган бўлса, туғилган йиллари 571 йилнинг 13 апрели - рабиъул аввалнинг 1-куни бўлади»14.
«Риёзул-Мухтор» номли асарнинг муаллифи Ғози Аҳмад Мухтор Пошо Маҳмуд Фалакийнинг фикрларига бундай изоҳ беради: «Юпитер буржи билан Сатурн буржи 571 йилнинг 30 мартида Чаён буржида йиғилган, Расули акрам ҳам ўша йили таваллуд топганлар. Бироқ 13 апрель якшанба кунига тўғри келади».
Ҳазрат Пайғамбаримизнинг 63 ёшни тўлдириб, рабиъул-аввалнинг биринчи куни вафот этганликларини15 кўзда тутсак16, таваллуд кунлари ҳам 63 йил олдин − рабиъул аввалнинг биринчи куни бўлиши лозим. Лекин рабиъул аввалнинг биринчи куни якшанба кунига тўғри келгани учун туғилган кунлари бир кун кейин (2-рабиъул аввал, душанба) бўлганига шубҳа йўқ. Чунки вафотлари рабиъул аввалнинг биринчи якшанба куни, тушдан кейин бўлган эди. Туғилишлари ҳам рабиъул аввалнинг иккинчи душанба куни тонгида содир бўлганига кўра, рабиъул аввалнинг биринчи куни тушдан кейинги ўлим воқеаси билан иккинчи куни тонгга яқин бўлган туғилиш ҳодисаси орасидаги вақтнинг қанчалар оз экани ўз-ўзидан кўриняпти.
«Олий тарих» китоби бундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил йилида, якшанба куни кечаси, бир ривоятда рабиъул аввалнинг 12-кечаси дунёга ташриф буюрдилар».
Аҳмад Росим ушбу хулосага келади:«Айтилган ривоятларнинг энг тўғриси−Пайғамбаримизнинг рабиъул аввал ойининг 12-кечаси дунёга келганларини билдирувчи ривоятдир. Ислом дунёси бу ривоятни қабул қилган, Усмонли халифалари (подшоҳлари) томонидан бу кечанинг муборак «Мавлуди Набий» кечаси сифатида қутланиши буюрилгандир17. Шу билан бирга 12-рабиъул-аввалнинг душанба кунига тўғри келмаганини ҳам унутмаслик керак.
Расули акрамнинг туғилишларига оид қуйидаги муҳим изоҳ Умар Ризо Дўғрул қаламига мансубдир: «Ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган йил, ой, кун ҳақидаги бу ихтилофларнинг ҳикматини англамоқ учун Исломнинг руҳига кириб бориш, уни яхши тушуниш лозим. Бу ихтилофларнинг барчасига барҳам бериш мумкин эди, аслида. Чунки Пайғамбаримиз даврларида бу муҳим ва қимматли ҳодиса бутун тафсилотлари билан аниқ-тиниқ ёзилиши мумкин эди. Пайғамбаримизнинг ҳаётларини энг нозик нуқталаригача ҳассослик билан кузатиб борган асҳоби киром учун бундан осон иш йўқ эди. Шундай экан, бу оддийгина иш нимага амалга оширилмади?
Мусулмончиликда қудсият фақатгина бир борлиқ устига тўпланган. У ҳам бўлса, Аллоҳ таолодир. Бошқа ҳеч бир борлиққа қудсият беришлик жоиз эмас. Шунинг учун Исломда «муқаддас хотира»тушунчаси йўқ. Бирон кун, бирон одам ёхуд хотирани муқаддаслаштириш бутга сиғинишнинг бир кўринишидир. Мусулмонлик эса бутпарастликнинг азалий ва қатъий душманидир.
Бутга сиғиниш билан Ислом дини ўзаро кескин мухолифда бўлгани учун илк мусулмонлар авлодларига «муқаддас кун», «муқаддас одам», «муқаддас хотира» деган бирон-бир мерос қолдирмаганлар. Улар авлодларининг Аллоҳга бўлган ҳурмат-эътиқодларига бу каби нарсалар билан дарз кетишини исташмаган.
Саодат асри мусулмонлари ўзларидан кейин келаётган мусулмонларни бутга сиғинишнинг ҳар қандай шаклидан муҳофаза қилишган, иймонни сусайтирувчи бутун маросимларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаганлар. Илк мусулмонларнинг чуқур тафаккур билан қилган бу саъй-ҳаракатлари ҳақиқатан таҳсинга лойиқдир. Кейинги давр мусулмонлари эса Пайғамбарнинг туғилган кунини муқаддаслаштириш орзуида «тадқиқотлар» бошлаб юбордилар. Оқибатда баҳс, ихтилофлар юзага келди.
Ҳазрат Пайғамбарнинг хотирини ёд этишни истаган бир мусулмон бунинг учун аниқ бир кунни танлаши шарт эмас. Қиймат кун ё соатга эмас, шахснинг ҳар томонлама комил ва ҳар томонлама намуна бўлишига боғлиқдир. У Зотнинг шахсиятига кўрсатиладиган ҳурмат-эҳтиромни у ёки бу кунда маросим ўтказиш билан адо этиб бўлмайди. Бу нарса у Зоти муборакка энг самимий ришталар билан боғланиш ва унинг руҳини яшатиш орқали амалга оширилиши мумкин.
Бу сабабдан Саодат асри мусулмонлари биз муборак деб билган кунлардан бирортасини ҳисоб-китоб қилмадилар, бунга кўп аҳамият бермадилар ҳам. Улар бу муборак кунлар хаёлларини чалғитиб ёки маълум бир вақтга боғлаб қўйишини хоҳламадилар, балки мусулмонларнинг у хотиралари доимо яшашини ўргатдилар. Бу нуқтани тушунмаганлар кун, йил, соат устида баҳс юритиб, тушунмовчиликларнинг ўртага чиқишига сабабчи бўлдилар. Баҳс-мунозаранинг ичидан чиқолмай қолдилар. Ҳақиқатда эса мусулмонларнинг «муборак кунлар» деган бир тушунчани тан олмаслиги унинг энг аҳамиятли васфларидан биридир. Чунки мусулмон учун муборак бўлмаган бирор кун ва бирор соат йўқ. Ҳар кунини, ҳар соатини мусулмончасига, ҳазрат Пайғамбар айтганларидек ва истаганларидек ўтказган инсон орзу қилган савоб-баракотни топади. Бинобарин, ўша кун, ўша соат унинг учун қадрли, муборакдир.
Сўнгги йиллар мусулмонларининг илоҳий ҳаёт тарзини бир қанча одатларга боғлаб, ҳақиқий исломий ҳаёт тартибини эмас, қандайдир урф-одат ва маросимларни тирилтириш мақсадида кунларнинг ҳисобини қилишлари, бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари фойдасиздир»18.
Расули акрам туғилган Фил санаси «Фил воқеаси» сабабли маккаликлар орасида тақвим боши ҳисобланарди. Христианлик Рим императорлигида расмий дин сифатида қабул қилингандан кейин бу дин Ҳабашистонгача ёйилган эди. Византия императорлари ҳам Нажрон (Нажрон билан Яман орасида) ва Адам тарафларига христианликни олиб киришган эди. Яҳудийлик эса Яманга химярийлар замонида кирган эди. Химярий давлати йиқилгандан сўнг Яман христиан Ҳабаш истилосига дуч келди.
Ҳабаш қўшинининг қўмондони Абраҳа мутаассиб бир христиан эди. Араб ярим оролига христианликни ёйиш мақсадида Яманда, Санъо шаҳрида чиройли ва ҳашаматли черков қурдирган эди. У Каъбага зиёрат учун келаётган арабларни Санъо черковига буриш учун Каъба зиёратини тўхтатиб қўйди. Ҳижозлик икки дўст Санъо черковига кирдилар. Черков деворларидаги расмларнинг устидан чизиб, қочиб кетдилар.
Абраҳа бу ишнинг маккаликлар томонидан қилинганини билди ва Маккани забт этишга, Каъбани йиқитишга қарор берди. Кўп вақт ўтмай, Ҳижозга юриш бошлади.
Абраҳа ҳар жангга «кароматли» деб билган «Маҳмудий» лақабли филида чиқарди. Унинг қўшинлари Макка шаҳрини ўраб олди. Ўша пайтда Маккада Қурайш қабиласининг бошида Пайғамбаримизнинг боболари Абдулмутталиб турарди.
Абдулмутталиб душманнинг бу даҳшатли қўшини қаршисида ўзини йўқотиб қўймади. Абраҳа Абдулмутталибга бир элчи жўнатди. «Мен сиз билан урушишга эмас, Каъбани йиқитишга келдим», деди элчи унинг номидан.
Лекин айни пайтда Абраҳа қўшинлари маккаликларнинг туяларини зўрлаб олиб кетишди.
Абдулмутталиб ҳам тўғри Абраҳанинг олдига бориб: «Мен ҳам Каъбани бузмасликларингни илтимос қилиб эмас, туяларимни қайтариб олишга келдим. Каъбанинг Эгаси уни асрайди!» деб туяларини олиб, Макка аҳолиси билан бирга тоғларга чиқиб кетди.
Бироқ Қуръони каримда зикр этилганидек, ҳабашийларнинг бу қўшини катта фалокатга учради, «қурт-қумурсқалар чайнаб ташлаган сомондек» (илма-тешик) бўлди. Ҳаттоки улар олдинроқ қўлга киритган маккаликларнинг ҳайвон подаларини ҳам олиб кетишолмади19.
Талофатга учраган Абраҳа қўшинининг қийин аҳволга тушиб қолганини кўриб чекинишга мажбур бўлди. Бу воқеани Абдулмутталиб бир манзумасида жуда чиройли тушунтириб берган эди.
Тарихда «Фил воқеаси» деб тилга олинадиган бу муҳим ҳодисадан 54 кундан кейин ҳазрат Муҳаммад алайҳиссалом Макканинг шарқида − Ҳошим ўғиллари маҳалласида, дадаларидан мерос бўлиб қолган ўз уйларида саҳар пайти дунёга келдилар.
Кўплаб тарихий ёдномаларда Пайғамбаримиз туғилган кечаси бир неча ажойиб-ғаройиб ҳодисалар рўй бергани ёзилади. Жумладан, ўша кеча Каъба ичидаги бутлар юзтубан ҳолда тушиб сингани; Мадойин шаҳрида Кисранинг (Эрон ҳукмдорининг) саройи тўсатдан силкингани ва ўн тўрт устуни йиқилгани; Истахрабод шаҳридаги оташпарастлар сиғинаётган катта гулханлар ўзидан-ўзи сўнгани; Сава кўли қуригани; Самова дарасидаги сув тошгани; Эроннинг энг буюк ҳукмдори Мобизон тушида бир сурув араб туялари ва отларининг Дажла дарёсини кечиб Эрон тупроқларига тарқалганини кўргани ва шу каби ҳодисаларнинг бўлгани қайд этилган. Бу маълумотлар Табароний, Байҳақий, Абу Нуайм, Ибн Асокирларнинг асарларида бор. Ҳолбуки, Имом Бухорий ва Имом Муслим каби муҳаддисларимизда бундай ривоятлар йўқ. Бу борада «Асри Саодат» асарининг муаллифи Мавлоно Шиблий бундай дейди: «Ҳақиқат шудирки, йиқилган у сарой Кисранинг саройи эмас, балки бутун Эрон салтанати, Византия қудратию Хитойнинг довруғи эди. У сўнган гулхан мажусийларнинг ибодатхоналарида ёнган олов эмас, бутун ер юзидаги куфр олови эди. Қуриган Сава кўли эмас, бутпарстларнинг ҳокимияти, зардуштийларнинг қуввати, христианликнинг устиворлиги эди»20.
Изоҳлар
13.«Риёзул Мухтор». Ғози Аҳмад Мухтор Пошо.
14. «Асри саодат», 1-жилд, 191-бет.
15. Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг 63 ёшларини тўлдириб вафот этганлари ривоят қилинган («Тажрид», 11-жилд, 6-бет).
16. «Расули акрам рабиъул аввалнинг душанба куни қуёш заволдан ўтгач, ботишдан аввал вафот этдилар» («Тажрид» таржимаси, 11 жилд, 6-бет).
17.«Маноқиби Ислом», 1-жилд, 8-бет.
18. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 97-бет.
19.«(Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз фил эгаларини қандай (ҳалок) қилганлигини кўрмадингизми? У Зот уларнинг (Каъбатуллоҳни вайрон қилиш учун қўллаган барча) ҳийла-найрангларини барбод қилмадими? У Зот уларнинг устига сополдан бўлган тошларни отадиган тўп-тўп қушларни юбориб, уларни қурт-қумурсқалар томонидан еб ташланган сомон каби (илма-тешик) қилиб юборди!» (Фил сураси ).
 20.«Асри саодат», 1-жилд, 188-бет. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat