Ассалому алайкум! Бир дўстим ташаххуддни охирида "Ашҳаду ал лаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ." дегандан сўнг саллоллоху алайхи васаллам дейиш керак деди. Шу гапи тўғрими?
– Ва алайкум ассалом! Ташаҳҳуддан кейин сиз айтган шаклда саловот айтиш ҳадисларда келмаган. Ҳадисларда намознинг охирги ўтиришидаги ташаҳҳуддан кейин “ас-Солатул Иброҳимийя” номли саловот айтилади.
عَنِ كَعْبِ بْنِ عُجْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ فِي الصَّلاَةِ اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وآلِ إِبْرَاهِيمَ وَبَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَآلِ مُحَمَّدٍ كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَآلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ والشَّافِعِيُّ وَاللَّفْظُ لَهُ
Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда:
«Аллоҳумма солли ала Муҳаммадив ва ала Али Муҳаммад. Кама соллайта ала Иброҳийма ва Али Иброҳийм. Ва барик ала Муҳаммадив ва Али Муҳаммад. Кама барокта ала Иброҳийма ва Али Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажид», дер эдилар».
Бешовлари ва Шофеъий ривоят қилган.
Лафз ўша кишиники.
Шарҳ: Шофеъий мазҳабига кўра, ташаҳҳуддан кейин саловат айтиш вожиб, бошқалар суннат, дейишган.
Саловотнинг сийғаси ҳам турли ҳадисларда турлича келган, ана ўшалардан бири айтса бўлади.
«Аллоҳумма солли ала Муҳаммад».
«Эй, бор Худоё, Муҳаммад алайҳиссаломга Ўзингнинг зиёда раҳматларингни нозил қилгин».
«Ва ала Али Муҳаммад».
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни оила аъзоларига ҳам».
«Кама соллайта ала Иброҳийма ва Али Иброҳийм».
«Худди Иброҳимга ва Иброҳим аҳли байтларига ўз раҳматингни нозил қилганингдек».
«Ва барик ала Муҳаммадив ва Али Муҳаммад».
«Муҳаммадга ва Муҳаммад аҳли байтларига ўз баракангни нозил қил».
«Кама барокта ала Иброҳийма ва Али Иброҳийм».
«Худди Иброҳим ва Иброҳим аҳли байтларига ўз баракангни нозил қилганингдек».
«Иннака ҳамийдум мажидун».
«Албатта, Сенинг Ўзинг мақталган, улуғланган зотсан». («Ҳадис ва ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!