Ассалому алайкум! Аммамни қизида 4 ўғли бор, бизда 4 қиз. Хозирда аёлим 5 фарзандга хомиладор. Текширтирган эдик бу туғиладиган фарзандимиз хам қиз бўла экан. Аммамни қизи эса қиз бўлса шу фарзандилани манга берила деб илтимос қилябти. Шунақа холатда фарзандни беришимиз жоизми?
– Ва алайкум ассалом! Бу эр-хотин сизларнинг ихтиёрингизда, ўзларинга ҳавола. Валлоҳу аълам!
Фарзанд асраб олишнинг шариатда шартлари бўлиб, бу шартларни қуйидаги мақоладан ўқиб олинг:
Болани қарамоғига олиш Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида ҳам бўлган. У зот Зайд ибн Хорисани ўзларига ўғил қилиб олганлар. Аввалида Зайд ибн Хорисани Зайд ибн Муҳаммад дейишар эди. Аллоҳ таоло "Аҳзоб" сураси 5-оятида:
Аллоҳ асранди фарзандлар ҳақида қуйидаги йўлни кўрсатади:
ادْعُوهُمْ لِآبَائِهِمْ هُوَ أَقْسَطُ عِندَ اللَّهِ ۚ فَإِن لَّمْ تَعْلَمُوا آبَاءَهُمْ فَإِخْوَانُكُمْ فِي الدِّينِ وَمَوَالِيكُمْ ۚ وَلَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ فِيمَا أَخْطَأْتُم بِهِ وَلَٰكِن مَّا تَعَمَّدَتْ قُلُوبُكُمْ ۚ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَّحِيمًا
5. Уларни ўз оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир. Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ, бироқ қалбларингиз қасд қилган нарсада (бор). Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.
Бу оятлар нозил бўлгунича, одамлар бировнинг боласини ўғил қилиб олиб юрганлар. Инсонлар жамиятдаги мавжуд тушунча, урф-одатлар ила иш тутишган. Энди эса оят нозил бўлиб, бу одатни ботил қилди. Ўз-ўзидан, одамларда «Нима қилиш керак, аввал асраб олинган фарзанд хусусида нима қиламиз?», «Олдинги ишларимиз учун ҳам жавоб берамизми?» каби саволлар пайдо бўлади. Ушбу ояти карима ана шу саволларга жавоб бермоқда.
«Уларни ўз оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир».
Яъни «Асраб олинган фарзандларни асраб олган одамнинг номи билан эмас, ўзининг ҳақиқий отаси номи билан чақиринглар».
Имом Бухорий ва имом Муслимлар ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳнинг мавлолари – дўстлари Зайд ибн Ҳорисани фақат «Зайд ибн Муҳаммад», деб чақирар эдик. Қуръони Каримнинг «Уларни ўз оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир» ояти нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдга: «Сен Зайд ибн Ҳориса ибн Шурҳабийлсан», – дедилар».
«Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир».
Мабодо, асраб олинган боланинг ҳақиқий отаси ким экани маълум бўлмаса, улар сизга Ислом дини бўйича қардош бўладилар. «Дин қардошим», деб мурожаат қилинглар. Ёки мавлоингиз, яъни дўстларингиз бўладилар. «Эй дўстим», деб мурожаат қилинглар. Аммо, зинҳор «Ўғлим», «Фарзандим» деб мурожаат қилманглар.
Ушбу оятлар нозил бўлгунга қадар бировнинг боласини “фарзандим” деб, унга ўз сулбидан бўлган фарзандига қилган муомалани қилиб юрганлар бу ҳақдаги илоҳий ҳукмни билмаган эдилар.
«Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ...»
Шунинг учун бу оятлар нозил бўлгунча қилган ишларингизни ўйлаб, хижолат бўлманг, энди ҳукмни билдингиз, унга амал қилишга ўтинг.
«...бироқ қалбларингиз қасд қилган нарсада (бор)».
Аммо ўша ишни билмасдан эмас, билиб туриб қилган бўлсангиз, гуноҳга қоласиз. Бировнинг боласини «ўз болам», деб даъво қилиш гуноҳ эканини билиб туриб, шу ишни қилсангиз, гуноҳ бўлади.
«Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».
Ҳа, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли Зотдир.
Хатоларни кечиради ва тўғри йўлни Ўзи лутф билан кўрсатади.
Дилингиздан қасд қилган бўлсангиз ҳам, тавба қилсангиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир, кечиради, яъни билмасдан қилинган хато учун Аллоҳ сизни гуноҳкор қилмайди. Аммо қасддан қилган гуноҳингиздан ҳам қайтишга йўл бор».
Ушбу ояти кариманинг ҳукмига биноан, биров бегона болани ўз номига ўтказиб олиши, уни «ўз болам» дейиши ҳаромдир. Шунингдек, бировни «отам» деб танлаши ҳам катта гуноҳдир.
Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилишларича, Набиий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ўзи билиб туриб, отасидан бошқанинг боласиман, деб даъво қилса, унга жаннат ҳаромдир», – деганлар.
Чунки Ислом кўзда тутган олти катта масаладан бири инсон наслини муҳофаза қилишдир. Шунинг учун ҳам никоҳ, талоқ, идда ва шунга ўхшаш кўпгина ҳукмлар жорий қилинган. Ҳамма нарса инсон наслининг тоза, пок, очиқ-ойдин бўлишига қаратилган. Агар шундай қилинмаса, ҳаром-ҳалол аралашиб, ота боласини, бола отасини, она қизини, қиз онасини, ака синглисини, сингил акасини танимайдиган бўлиб кетади. Инсоният ҳалокатга учрайди. Насли бегона болани ўз наслидан бўлган болалари қаторига қўшиш билан кўпгина ҳаром-хариш ишлар юзага чиқади. Маҳрамлик-номаҳрамлик қоидалари бузилади. Бир куни келиб, ота ўз қизига ёки ака синглисига уйланиб қолиши мумкин. Мерос масаласида ва бошқа кўпгина масалаларда ҳам ўнглаб бўлмас хатолар вужудга келиши муқаррар. Шунинг учун Исломда бу иш ҳаром қилинган.
Аммо бу етим болани, қийинчиликда қолган оиланинг боласини боқиб олиш, тарбия қилиш мумкин эмас экан дегани эмас. Аксинча, бундай қилинса, жуда ҳам савоб бўлади. Бу ишларни қилиш керак. Лекин бегона болани ўзининг номига ўтказиб олиш эмас, балки у аслида кимнинг фарзанди бўлса, ўшанинг номида қолдириш керак. Ҳамда шариат ҳукмига мувофиқ боқиш, тарбиялаш лозим.
Ислом оилани мустаҳкамлашга катта эътибор берган. Оила доимо пок, мустаҳкам бўлиши, шариат ҳукмига биноан яшаши учун барча чораларни кўрган. Чунки оилалар пок бўлмагунича, жамият покланмайди. Оилалар мустаҳкам бўлмагунича, жамият мустаҳкам бўлмайди. Оилалар диндор бўлмагунича, жамият диндор бўлмайди. Ҳа, кўп нарса оиладан бошланади.
Қуръони Карим инсонларни аста-секин тарбиялаб, етук шахсларни ва мусулмон жамиятини етиштиришни буюрган. Одамларни жоҳилият ботқоғидан чиқариб, Ислом нурига рўбарў қилган. Жамиятни шакллантириб, илоҳий қонун-қоидалар асосида яшашни ўргатиб келган.
Юқоридаги оятларда инсонларнинг насабга, никоҳга тегишли ўзаро алоқаларининг илоҳий ҳукмга тўғри келадиган-келмайдиган жиҳатлари баён қилиб ўтилди. (“Тафсири Ҳилол”)
Уламоларимиз ушбу оятдан бир неча ҳукмларни олдилар. Биринчидан. Боқиб олинган боланинг насаби ўзининг аслий отасидан собит бўлиши, боқиб олинган бола маҳрамларидан бўлмаса, ўзи ва унинг аёли боқиб олувчига номаҳрам бўлиши
فَلَمَّا قَضَىٰ زَيْدٌ مِّنْهَا وَطَرًا زَوَّجْنَاكَهَا لِكَيْ لَا يَكُونَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ حَرَجٌ فِي أَزْوَاجِ أَدْعِيَائِهِمْ إِذَا قَضَوْا مِنْهُنَّ وَطَرًا ۚ وَكَانَ أَمْرُ اللَّهِ مَفْعُولً
...Қачонки Зайд ундан ўз ҳожатини адо этгач, сени унга уйлантирдик. Токи, мўминларга асранди болаларининг хотинларида, улардан ҳожатларини адо қилишгач, танглик бўлмасин деб. Ва Аллоҳнинг амри бўлажакдир. (Аҳзоб 37-оят).
«Қачонки Зайд ундан ўз ҳожатини адо этгач, сени унга уйлантирдик», – демоқда.
Яъни «Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Зайнаб бинти Жаҳшдан ҳожатини адо этиб, уни талоқ қилгач, Биз Ўзимиз сенга уни завжа – хотин қилиб бердик», – демоқда.
Шундай бўлиши керак эди. Аллоҳ таолонинг иродаси шу эди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳони Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзи никоҳлаб қўйди. Бу ерда валий ҳам, маҳр ҳам, гувоҳ ҳам йўқ. Ҳаммасининг ўрнига Аллоҳнинг амри бор.
Зайнаб бинти Жаҳш онамиз бундай никоҳ билан фахрланиб юрар эдилар.
Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда бу ҳақда шундай дейилади:
«Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа аёлларига фахрланиб:
«Сизларни аҳлларингиз никоҳлаб берган, мени эса Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан никоҳлаб берган», – дер эди».
Кейинги жумлада бу ишнинг ҳикмати очиқ баён этилади:
«Токи, мўминларга асранди болаларининг хотинларида, улардан ҳожатларини адо қилишгач, танглик бўлмасин деб…»
Бировнинг асранди боласи хотинидан ўз ҳожатини адо этиб, уни талоқ қилса, уни асраб олган киши ҳалиги аёлга уйланиши мумкин эмас, деган жоҳилиятнинг ғирт мантиқсиз бўлган қонунини энди Аллоҳ таолонинг Ўзи тўғрилади. Бу ишда намуна тариқасида Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсан ўзларини танлади.
«Ва Аллоҳнинг амри бўлажакдир».
Бўлмасдан, иложи йўқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг бу борадаги амрига ҳам амал қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабга уйландилар. Шу билан жоҳилиятнинг одамлар ҳаётига ва онгига қаттиқ сингиб кетган одатларидан бири – «Асранди ўғилнинг талоқ қилган хотинига уйланиш ҳаром» деган қонуни ботил бўлди. Мўминлардан яна бир танглик кўтарилди. (“Тафсири Ҳилол”)
Демак, бола асраб олган одамнинг аёли асраб олинган болага номаҳрам бўлади, асраб олинган боланинг аёли ҳам асраб олувчига номаҳрам бўлади.
Асраб олинган бола асраб олувчига маҳрам бўлиши.
Асраб олинган бола қиз бўлса, асраб олувчи эрнинг эмизувчи ҳолатдаги опа-сингиллари ёки ака-укаларининг аёллари икки ярим йил ичида болани эмизсалар, асраб олувчи эрнинг жияни ҳисобланиб, маҳрамига айланади. Агар асраб олинган бола ўғил бўлса, асраб олувчи аёлнинг эмизувчи ҳолатдаги ора-сингиллари ёки ака-укаларининг аёллари ўша ўғил болани эмизсалар асраб олувчи аёлга жиян бўлгани учун, маҳрам ҳисобланади.
Асраб олинган боланинг мерос олиши
Асраб олинган бола асраб олувчиларнинг орасида насабий алоқаси бўлмай бегона бўлса, бир-бирларидан мерос олишлари жоиз бўлмайди. Балки қўлларида қолган мулклар насабий меросхўрларнинг ҳаққи ҳисобланади. Лекин мерос қолдирувчилар тириклик вақтида “вафотимдан кейин сенга” демасдан, ҳаётликларининг ўзида ҳадя қилиб, қўлига топширсалар ҳадя олувчиларнинг мулкига ўтади. Бунда “вафотимдан кейин сенга” деган нарса айтилмаслиги ва ҳадя қилинган суратда қўлига қабз, яъни топширилган бўлиши шарт.
Зинодан туғилган боланинг насаби
Никоҳсиз туғилган боланинг насаби ҳомила пайдо бўлгандан кейин ва хотиннинг орасида никоҳ боғланган бўлса, онасидан насаб собит бўлади.
Эмишлик муддати
Болани эмизиш муддати икки йил бўлиб, ундан кейин эмизиш ҳаром ҳисобланади. Лекин никоҳни ҳаром бўлиши эътиборидан икки ярим йил олинган. Яъни, икки ярим йил ичида бир аёл бирор болани эмизса, ўша аёл унинг онаси ва у аёлнинг фарзандлари учун эмган болага никоҳлари ҳаром бўлади. Шунингдек, боланинг қизларини ва ўғилларининг эмизгувчининг ўғил қизларига никоҳи ҳалол бўлмайди. Эмизган аёлнинг эри эмган болага ота бўлиши учун ўша эмизаётган сути отадан туғилган боланинг сути бўлиши керак. Яъни, аёл эри билан суҳбатидан бола туғилиб, сут эмизаётган муддатда бегона болани эмизган бўлиши керак. Шунинг учун бир аёлнинг аввалги яшаган эри модомики сут ундан бўлмаса, эмган бегона болага ота бўла олмайди. Эмизгувчи аёл албатта она бўлади. Лекин яқинлик қилган аёлининг эмизикли боласи бўлгани учун эмган бола ва унинг авлодлари у эрга никоҳи ҳаром бўлади. Масалан : бир киши ҳомиладор аёлини талоқ қўйса, бола туғиши билан у аёлнинг иддаси чиқади. Сўнг бошқа эрга тегса ва аёл бегона болани эмизса, аёлнинг аввалги эри эмган боланинг эмикдош отасига айланади. Кейинги эса эмикдош ота ҳисобланмайди.
Эмикдош бўлиш учун бир вақтда эмишган бўлиш шарт эмас
Зайд бир онани эмса, йиллар ўтиб бошқа бола ҳам ўша онани эмса, иккиси эмикдош ака-ука ҳисобланади. Шунинг учун эмикдошлик собит бўлиши учун бир вақтда эмишган бўлиши шарт эмас. “Дуррул мухтор” китобида : Бир аёлнинг икки эмизган боласи ака-укага айланадилар, гарчи эмган вақтларининг орасидаги фарқ катта бўлса ҳам. Масалан : бир аёл биринчи эмизган боласи билан кейинги эмизган боласининг ораси 20 йил бўлсада, улар икки ярим ёш ичида эмизилсалар иккиси ҳам бир-бирига ака-ука бўладилар.
Эр ўзининг аёлини эмса
Аёл сутини соғиб бирор идишга қўйса, эри уни билмасдан ичиб юборса, нима бўлади?
Жавоб: бу сувратда аёлнинг никоҳи эрига ҳаром бўлмайди. Шунингдек эр аёлининг кўкрагини ўпганида сут чиқиб кетса ва уни ичиб юборса, ҳаром нарсани ичиб юборган бўлади. Лекин никоҳига ҳеч қандай зарар қилмайди. Икки ярим ёшдан кейин эмикдошлик собит бўлмайди. Эмиш давридан ўтгандан кейин онанинг эмизиши ва боланинг эмиши ҳаром саналади.
Эмикдош жиянини никоҳига олиш жоизми?
Савол : Зайд бир вақтлар бир аёлни эмган эди. Йиллар ўтиб Зайд қиз фарзандли бўлди. Зайдни ёшлигида эмизган аёл ҳам ўғил фарзандли бўлди. Улар катта бўлгач бир-бирларига никоҳланишди. Бу ҳолда нима қилиш керак?
Жавоб : Зайднинг қизи Зайдни эмизган аёлнинг ўғлига эмикдошлик йўли ила жиян ҳисобланади. Аллоҳ таоло насаб орқали никоҳи ҳаром қилинганларни эмикдошлик орқали ҳам ҳаром қилган. Бир кишига ўзининг насабий акасининг қизига уйланиши ҳалол бўлмагани каби, эмикдош ака-укасининг қизига уйланиши ҳам ҳалол бўлмайди.
Савол : Икки бола бир онани эмган бўлса, эмишганларнинг сингилларига уйланиш ҳалол бўладими?
Жавоб : Эмишганларнинг бири эмиздиргувчининг фарзанди бўлса, бегона эмган болага эмиздиргувчининг қизларига уйланиш ҳаром бўлади. Лекин эмизган аёлнинг фарзандига бегона эмган боланинг опа-сингилларига уйланиш жоиз бўлади. Масалан Оминанинг ўзини Абдуллоҳ ўғли бор эди. У Убайдуллоҳ деган бегона болани эмизди. Оминанинг ўғли Абдуллоҳга Убайдуллоҳнинг сингилларининг никоҳи жоиз. Лекин Убайдуллоҳга Абдуллоҳнинг сингиллари никоҳи жоиз эмас.