Ассалому алайкум! Бир кишидан ҳадис эшитдим бошқа тилда гапиргани учун яхши тушуна олмадим ман тушунганим "Ислом эркак кишини олов тилла, кумуш ва темирни эритгандай эритади. Ким ислом динига кирсам ислом менга дабдабали ҳаёт беради дунёйимни орттиради ва кунларимни ҳотиржам ўтказаман, етишмовчиликлар бўлмайди деб ойласа адашади бундай ҳаёт фақат жаннатда" илтимос шу ҳадисни тўлиқ арабча матни ва таржимасини ёзиб юборсангиз.
– Ва алайкум ассалом! Бу Ҳаж сурасининг тафсирида келадиган бир воқеъа. Унда бир одам Исломни қабул қилганидан кейин кўзи кўр бўлиб, бойлигидан ажраб, фарзандларидан баъзилари вафот топганида исломдан ёмон гумонга бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб “Мен Исломдан чиқаман, рухсат беринг” деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ислом ҳеч кимни чиқариб юбормайди” дейдилар. Шунда у одам “Исломга кириб ҳеч қандай фойда кўрмадим, мол-дунё, қўзим, фарзандларим кетди” дейди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ислом, унга кирган одамни олов темирни, кумушни, тиллони қолибга солгандек қилиб қўяди” деган маънода гап айтадилар(имом Зайлаий - Ҳидояни хадисларини тахриж қилган ханафий муҳаддис олим буни заиф деганлар). Шунда Аллоҳ таоло "Ҳаж" сурасида қуйидаги оятини нозил қилар экан:
وَمِنَ النَّاسِ مَن يَعْبُدُ اللَّهَ عَلَى حَرْفٍ فَإِنْ أَصَابَهُ خَيْرٌ اطْمَأَنَّ بِهِ وَإِنْ أَصَابَتْهُ فِتْنَةٌ انقَلَبَ عَلَى وَجْهِهِ خَسِرَ الدُّنْيَا وَالْآخِرَةَ ذَلِكَ هُوَ الْخُسْرَانُ الْمُبِينُ
11. Одамлардан Аллоҳга бир томонлама ибодат қиладиганлари ҳам бор. Агар унга яхшилик етса, кўнгли тўлур. Агар унга бало етса, юз ўгириб кетур. У дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўрур. Ана ўша очиқ-ойдин зиёндир.
Мунофиқлар Исломга фақат бир тарафни ўйлаб, ундан ўзларига яхшилик – фойда етишини кўзлаб кирадилар. Агар Исломга кирганидан кейин кўзланган фойда ҳосил бўлса, хотиржам юраверади. Аммо кўзланган фойда ҳосил бўлмаса, юз ўгириб, динни тарк этади. Улар бу қилмишлари билан икки дунёда ҳам зиён кўрадилар.
Мунофиқлар субутсизликлари туфайли, аввало, бу дунёда катта зиён кўрадилар. Охиратда эса жаҳаннамнинг энг қаърига тушадилар. Бундан ортиқ зиёнкорлик бўлмаса керак.
Ислом тижорат эмаски, унга фойдани кўзлаб кирилса. Ислом – иймон, эътиқод, Аллоҳга бандалик қилиш, Унинг йўлида жонни ҳам, молни ҳам фидо этиш, ҳар хил бало-офатларга бардош бериш, демакдир. Ана ўша синовлардан ўтганлар икки дунё бахтига сазовор бўладилар. Аммо Исломга муайян фойдани кўзлаб кирган, ўша фойдага эришса, хурсанд бўлиб, эришмаса, динни тарк этиб, юз ўгириб кетадиган мунофиқлар икки дунёда зиён кўришлари муқаррар. Аслини олганда, мунофиқ кимса Исломдан, Аллоҳдан юз ўгириб, қаёққа ҳам борарди, кимга ҳам топинарди? ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!