Ассалому алайкум! Закот бермасликни жазоси зинодан ҳам ёмонрокми?
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло "Оли Имрон" сурасида марҳамат қилади:
وَلاَ يَحْسَبَنَّ الَّذِينَ يَبْخَلُونَ بِمَا آتَاهُمُ اللّهُ مِن فَضْلِهِ هُوَ خَيْرًا لَّهُمْ بَلْ هُوَ شَرٌّ لَّهُمْ سَيُطَوَّقُونَ مَا بَخِلُواْ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلِلّهِ مِيرَاثُ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَاللّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
180. Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир.
Ислом дини таълимоти бўйича, инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ Ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун у мазкур молни унинг ҳақиқий эгаси – Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаши керак. Аммо бахиллик қилиб, Аллоҳнинг йўлида сарфланмай, тўпланган мол эгасининг кўзига яхши бўлиб кўрингани билан, аслида яхшилик бўлмайди. Ким бахиллик билан тўплаган молини яхшилик деб ҳисобласа, нотўғри ўйлаган бўлади.
«Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир».
Бандачилик. Сиртдан қараганда, бахиллик гўё молни муҳофаза қилади. Тарқалиб, йўқ бўлиб кетишидан асрайди. Лекин мол бу беш кунлик дунёда тўпланади, агар ўлиб кетса, қолади. Қолганда ҳам, бахиллик ила тўплангани учун бало-офат бўлиб қолади.
«Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур».
Бу ўралиш қандай бўлишини ҳадиси шарифдан билиб олишимиз мумкин.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:
«Аллоҳ кимга мол берса-ю, у закотини бермаса, қиёмат куни мол унга кўзойнакли улкан илон бўлиб кўринади ва бўйнига ўралади. Сўнгра икки чеккасидан тишлаб туриб, «Мен молингман, мен сен тўплаган хазинангман», – дейди», – дедилар. Кейин «Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар» оятини охиригача ўқидилар».
Ибн Жарир раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир киши ўз қариндошига келиб, Аллоҳ унга берган фазлдан беришини сўраса-ю, у бахиллик қилиб, бермаса, албатта, жаҳаннамдан катта илон чиқиб, тили билан ялаб-ялаб, бўйнига ўралур», – деганлар.
Ҳа, инсон қанчалик узоқ яшамасин, қанчалик кўп мол тўпламасин, барибир бир куни келиб ўлади ва молу мулкини тарк этади.
«Осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир».
Ҳамма-ҳаммаси Аллоҳга қолади. Ҳеч бир инсон дунёга устун бўлмайди.
«Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир».
У Зот ким бахил, ким бахил эмаслигини жуда ҳам яхши билиб туради. Уҳуд уруши ҳақидаги оятлар шу ерда ниҳоясига етади. Кейинги оятларда Аллоҳ таоло яҳудийларнинг Исломга ва мусулмонларга қарши олиб борадиган фаолиятлари, макр-ҳийлалари ҳақида сўз юритади.
Аллоҳ таоло "Тавба" сурасида марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّ كَثِيرًا مِّنَ الأَحْبَارِ وَالرُّهْبَانِ لَيَأْكُلُونَ أَمْوَالَ النَّاسِ بِالْبَاطِلِ وَيَصُدُّونَ عَن سَبِيلِ اللّهِ وَالَّذِينَ يَكْنِزُونَ الذَّهَبَ وَالْفِضَّةَ وَلاَ يُنفِقُونَهَا فِي سَبِيلِ اللّهِ فَبَشِّرْهُم بِعَذَابٍ أَلِيمٍ
34. Эй иймон келтирганлар! Албатта, аҳбор ва роҳибларнинг кўплари одамларнинг молларини ботил йўл билан ерлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар. Олтин ва кумушни жамғариб, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг «хушхабар»ини беравер.
Аҳли китобларнинг ҳибр ва роҳиблари мол-дунёга ўчлиги тарихдан маълум ва машҳурдир. Улар одамларнинг молларини ботил йўл билан еганлар. Ушбу ояти каримада бу қабиҳ иш уларнинг «кўпларига» нисбат берилмоқда. Одамларнинг молини ботил йўл билан ейишга қизиқмайдиганлари озчиликни ташкил этади. Бу эса воқеъликка тўғри келади. Бир вақтлар ҳибр ва роҳибларнинг тўплаган дунёлари подшоҳ ва императорларникидан ҳам кўплиги ошкор бўлган.
«Эй иймон келтирганлар! Албатта, аҳбор ва роҳибларнинг кўплари одамларнинг молларини ботил йўл билан ерлар…»
Ояти каримада баён қилинишича, ҳибр ва роҳиблар фақат одамларнинг молларини ботил йўл орқали ейиш билан кифояланиб қолишмайди. Балки уларни Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар ҳам:
«…ва Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар».
Бугунги кунда одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсиш ва мусулмонларни Исломдан чиқариш мақсадида ҳадсиз-ҳисобсиз маблағлар сарфланмоқда. Ҳибр ва роҳибларнинг одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсишлари ҳақида ҳар қанча гапирилса, оз. Шу боис ҳам уларга қарши юқоридаги ҳукм чиққан. Оятнинг давомида олтин-кумушларни йиғиб-тўплаб, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли озоблар бўлиши ҳақида ҳам сўз кетади.
«Олтин ва кумушни жамғариб, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг «хушхабар»ини беравер».
Мазкур аламли азобнинг қандай бўлиши қуйидаги ояти каримада баён қилинади:
يَوْمَ يُحْمَى عَلَيْهَا فِي نَارِ جَهَنَّمَ فَتُكْوَى بِهَا جِبَاهُهُمْ وَجُنوبُهُمْ وَظُهُورُهُمْ هَذَا مَا كَنَزْتُمْ لأَنفُسِكُمْ فَذُوقُواْ مَا كُنتُمْ تَكْنِزُونَ
35. Бир куни ўша(олтин-кумуш)лар жаҳаннам оташида қизитилур ва пешоналари, ёнбошлари ҳамда орқаларига босилиб: «Мана бу ўзингиз учун тўплаган нарсангиз, бас, энди тўплаб юрган нарсангизни татиб кўринг!» – (дейилур). ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!