Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Эрни ҳамма нарсадан устун кўриш

15:46 / 23.09.2021 | Azamat | 11242

Ассалому алайкум! Мен бу саволни ёзар эканман аввало Аллоҳдан сўнгра сизлардан уяляппан, аммо ёзмасам бўлмайди. Мен эримни шунчалик севаманки, жону дилим билан севаман, шунчаликки дунёдаги хамма нарсадан устун хатто ота-онамданам, фарзандларимданам хамма нарсадан пулу бойлик хеч нарса керакмас фақат эримни мухаббати керак холос, рост айтсалар улар хам менга "сендан кам севмайман " дейдилар. Саволим шуки Аллоҳдан қўрқаманки менданда ортиқ суйдинг шу бандамми деб мани у дунёда жазоламасмикин? Бу севги оташи ўзимни хам куйдиряпти. 16 йилдирки шу оташда ёнаман.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Сизнинг саволингизга қуйидаги ҳадиси шариф ила жавоб қиламиз. Хулоса қилиш ўзингизга ҳавола:

وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: ثَلاَثٌ مَنْ كُنَّ فِيهِ وَجَدَ حَلاَوَةَ اْلإِيمَانِ: أَنْ يَكُونَ اللهُ وَرَسُولُهُ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِمَّا سِوَاهُمَا وَأَنْ يُحِبَّ الْمَرْءَ لاَ يُحِبُّهُ إِلاَّ للهِ تَعَالَى وَأَنْ يَكْرَهَ أَنْ يَعُودَ فِي الْكُفْرِ كَمَا يَكْرَهُ أَنْ يُقْذَفَ فِي النَّارِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ أَبَا دَاوُدَ 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, Иймон ҳаловатини топади; Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар»
Бешовларидан Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни ҳам олдинги икки ҳадиснинг ровийи ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар. Ушбу ҳадисда Исломнинг энг асл тушунчаларидан бири, комил иймон ҳаловатини қайси йўл билан топиш мумкин экани баён қилинмоқда. Чунки иймон ҳаловатини топиш оддий ҳол эмас. «Ҳаловат» сўзи, «ҳолва»дан олинган бўлиб, «ширинлик» маъносини англатади. Асли моддий маънода ишлатиладиган бу сўз бу ерда истиора ила маънавий маънода келмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз бошида:
«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, Иймон ҳаловатини топади», деб эшитувчини қизиқтириб олмоқдалар. Иймон ҳаловати ҳаммани қизиқтирадиган нарса. Ҳамма «қандоқ қилиб, иймон ҳаловатини топса бўлар экан?» деб юради. Иймон ҳаловатини уч нарса билан топиш мумкинлигини эълон қилиш эса, ҳамманинг эътиборини ўзига тортиши турган гап. Эътиборни жалб қилиб олингандан сўнг эса, ўша уч нарсани баён қилиш бошланади:
1. «Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари».
Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман, деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўп севмоғи лозим. Зотан, бусиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас. Хўш, Аллоҳ ва Унинг Расулини севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандоқ тушунмоқ керак? Уламоларимизнинг бу саволга берган жавобларидаги иборалари турлича бўлса ҳам маъноси бирдир. У ҳам бўлса, Аллоҳга муҳаббат унинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳам у зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутмоқдан иборатдир.
2. «Бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи».
Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки уларни биродар қилган, дўстлаштирган Зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шунинг учун ҳам мўминларнинг ўзаро муҳаббатлари Аллоҳ учун бўлмоғи лозим. Дунё ва унинг матоҳлари учун бўлган муҳаббат орқали ҳеч қачон иймон ҳаловатини топиб бўлмайди.
3. «Куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши».
Зотан, куфрга қайтиш оловга ташланиш демакдир. Демак, иймон ҳаловатини топиш учун фақат бир тарафлама ҳаракат кифоя қилмас экан. Муҳаббат қилиш билан бир қаторда, нафрат қилишни ҳам, ўзини тийишни ҳам жойига қўйиш керак экан. Куфр ва унга олиб борувчи нарсалар мўмин киши учун унга яқинлашганда куйдирадиган олов каби қўрқинчли ва ёқимсиз нарса бўлиши керак. Мўмин киши катта-кичик куфрга тегишли ҳар бир нарсадан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши, унга тушишдан сақланганидек сақланиши лозим.
Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз аниқ. Бир ўйлаб кўрайлик. Дарҳақиқат, Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган муҳаббатимиз улардан бошқага бўлган муҳаббатимиздан устунми? Доимо Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтаяпмизми? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига, суннатларига қанчалик амал қилаяпмиз? Ёки молу дунёга муҳаббат қўйиб, унинг домига тушганча, халос бўлолмай юрибмизми? Ёхуд мансаб поғанасида кўтарилишга восита бўлувчи ўзимизга ўхшаш ожиз бандага кўпроқ эгилиб-букилиб, қуллуқ қилмоқдамизми? Эҳтимол, шунинг учун Иймон ҳаловатини эмас, дунё матоҳи ҳаловатини топаётгандирмиз?! Аввал нима бўлган бўлса, бўлиб ўтди. Энди иймон ҳаловатини топишга уринайлик! Бунинг учун Аллоҳга ва Унинг Расулига улардан бошқа ҳамма нарсадан кўпроқ муҳаббат қўйишга ҳаракат қилайлик! Ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтайлик! Маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари асосида яшаб, суннатларига тўлиқ амал қилишга ўтайлик! Мўмин-мусулмонларга бўлган муҳаббатимизга ҳам қайта бир назар солайлик. Шояд, бу соҳада ҳам ушбу ҳадиси шарифдан фойда олсак!
Келинг, очиқчасига гаплашиб олайлик: нега кишиларни фақат Аллоҳ учун севмаймиз? Уларга бўлган муҳаббатимизда ғаразсизмизми? Бу муҳаббатнинг ортидан дунё матоҳини, иззат-икромни ва яна қандайдир манфаатни кутмаяпмизми? Бунақалар йўқ, бўлса ҳам оз, дейсизми? Ундай бўлса, ўрганган ҳадисимиздан фойда олишга ўтайлик, Аллоҳнинг мухлис, тақводор бандаларини Аллоҳ учун севишни бошлайлик! Ҳа, бу муҳаббатимиз мансаб, дунёвий ғараз, турли манфаатлар учун эмас, фақат Аллоҳ учун бўлсин! Фақатгина ёлғиз Аллоҳ учун бўлсин! Ана шунда иймон ҳаловатини топамиз.
Шунингдек, куфрга ва унга тегишли нарсаларга бўлган муносабатимизни ҳам қайта кўриб чиқайлик. Дарҳақиқат, куфрдан ва унга тегишли нарсалардан оловга ташланишдан қўрққандек қўрқамизми ёки бепарвороқмизми? «Қандоқ қилайлик, замон шу экан, одамлар қилаяпти-ку», деб яна ғафлатда юрган бўлмайлик! Агар, Аллоҳ кўрсатмасин, шундоқ бепарволик қилаётган бўлсак, унда дарҳол ўзимизни ўнглаб, иймон ҳаловатини топишга ҳаракат қилайлик.
Бу улуғ маъноларни ўзида акс эттирган ҳадиснинг ҳикматларига бугунги кунда инсон қанчалик муҳтож эканини англаб ета олармиканмиз? Ўн бешинчи ҳижрий асрнинг бошларида инсоният иймон ҳаловатини қандай тотишини англай оляпмизми? Ушбу ҳадиси шарифни ўрганганимиздан кейин, албатта, англаймиз.
Бошқаларни қўйиб, мусулмонлик даъвосини қилаётганларни, ушбу ҳадисни айтган зот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик даъвосини қилаётганларни олиб кўрайлик.
Кишиларнинг Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган муҳаббатлари қай даражада? Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиши қай даражада? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига, суннатларига амал қилиш қай даражада? Катта масалаларни қўятурайлик, энг осон, кўп ҳаракат талаб қилмайдиган калимаи шаҳодатни қанча одам тушунган ҳолда, тўғри нутқ қила олади? Бу саволлар жавобсиз қолаётган экан, иймон ҳаловатига биз муҳтож бўлмай, ким муҳтож бўлсин?
Бугунги кунда инсоният ўзаро муҳаббат Аллоҳ учун бўлишига жуда муҳтож! Аллоҳ учун муҳаббат йўқлигидан якка шахслар, уруғлар, қабилалар, жамиятлар орасида ўзаро ишончсизлик, бир-бирига хиёнат қилиш, душманлик кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу бало-офатлардан қутулиш учун ушбу ҳадисга амал қилиш керак.
Куфрдан қўрқмаслик, ундан тап тортмаслик, бугунги кунимиз одатларидан биридир. Билмасдан куфрга юриш ёки куфрга оид фикрни, гапни ёки ишни амалга ошириш ҳақида гап кетаётгани йўқ. Гап кўра-билиб туриб, қасддан шу йўлга юриш ҳақида кетмоқда.
 Фақат иймон ва Ислом даъвосини қилаётганларни олайлик: Улар куфрдан қанчалик ҳазар қиладилар? Куфрга тегишли ишлардан қанчалик сақланадилар? (“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat