Ассалому алайкум! Аллоҳ Қидириш тизими орқали ниқобнинг Ҳанафий мазҳабида фарз эмаслиги ҳақидаги жавобингларни ўқидим. Мен устоз Абдулҳадий домланинг ҳижоб ҳақидаги маърўзаларини эшитиб чиққан эдим. У киши шайх Абдулазиз Торифийнинг "Китобул ҳижаб фий ал шаръи ал фитрати" китобини шарҳлаб бергандилар. Айтилишича, барча мазҳаб уламолари аёл кишининг ҳамма ери, хусусан, икки кафти ва юзи ҳам аврат эканлигига ижмоъ қилишган. Аёл кишининг юзи ва икки кафти аврат эмас деган ҳукм намоз ҳолатига тегишли экан. Саволим: Ҳанафий мазҳабида ниқоб фарз эмаслигига нимани далил қилиб келтирасиз, илтимос исботлаб берсангиз.
– Ва алайкум ассалом! Умумий қоида аёлларни юзлари аврат эмас. Умматнинг барчаси оятдаги “وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنْهَا”дан юзни тушунганлар. “Кифоя” китобида қуйидагича келади:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ أَسْمَاءَ بِنْتَ أَبِي بَكْرٍ دَخَلَتْ عَلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَعَلَيْهَا ثِيَابٌ رِقَاقٌ، فَأَعْرَضَ عَنْهَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَالَ: «يَا أَسْمَاءُ، إِنَّ الْمَرْأَةَ إِذَا بَلَغَتِ الْمَحِيضَ لَمْ تَصْلُحْ أَنْ يُرَى مِنْهَا إِلَّا هَذَا وَهَذَا»، وَأَشَارَ إِلَى وَجْهِهِ وَكَفَّيْهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Асмо бинти Абу Бакр юпқа кийим билан кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юзларини ўгириб олдилар ва:
«Эй Асмо, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин ундан мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак», деб икки кафтлари ва юзларига ишора қилдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Ибн Жарир Тобарий ўз тафсирларида Оиша онамиздан келтирган ривоятда у киши айтадилар:
«Олдимга она бир акам Абдуллоҳ ибн Туфайлнинг қизи зийнатланган ҳолда кирган эди. Расулуллоҳ келиб қолдилар ва юзларини ўгирдилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бу она бир акамнинг қизи, ёш қиз», дедим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёл киши балоғатга етганидан кейин ундан юзи ва мана бу жойларидан бошқа жойи кўриниши ҳалол эмас», деб ўз билакларини тутумлаб кўрсатдилар. Ушлаган жойлари билан кафтлари орасида яна бир тутумча жой қолди». Валлоҳу аълам!