Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Рўмолга мажбурлашми

17:18 / 04.10.2021 | Samandar Otamurodov | 1063

Ассалому алайкум! Биз ёш оиламиз аёлимга рўмол ўратганман аммо гап талашиб қолган пайтларимиз рўмол ўраганини рўкач қилаверади. Рўмолни сиз учун ўраганман бўлмаса ўрамасдим, Аллоҳ учун қачондур ўрайман лекин ҳозир мажбурлигимдан ўраб юрибман деяверади. Охири агар мен учун ўраган бўлсанг ечиб ташла дедим. Мен нима қилай хотинимни рўмолга мажбурламадимми? Аёлимга маслахат беринг (баъзи пайтлар этибирсизлик қилиб мен йўқ вақтларим рўмолсиз ҳам кўчага чиқиб кетади).


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Сиз аёлингизни шариатга амал қилишига масъулсиз. Исломни гўзал тарзда тушунтиринг, имкон бўлса, аёл тақводор устозга таништириб қўйинг. “Таҳрим” сурасининг 6-оятида шундай дейилади:
«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар».
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини, ўзларини ва аҳли аёлларини охират оташидан сақлашга буюрмоқда.
«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг».
Мазкур ўтдан сақлаш гуноҳларни тарк этиш ва тоат-ибодат қилиш билан бўлади. Охират оташ-олови бу дунёнинг оловидан фарқ қилади. Унинг ёқилғиси одамлардан ва тошдан иборат бўлади. Яъни бу дунёда иймонга келмай, гуноҳ қилиб, Аллоҳнинг амрига бўйсунмай, осий ўтган бандаларнинг жасади ўша ўтга ёқилғи бўлади. Фақат инсон танаси ўзи куйса, унча қизимай қолмасин, деб тошни ҳам қўшимча ёқилғи қилинади. Эҳтимол, ушбу оятлар нозил бўлган даврда, тошнинг ёқилғи бўлиши кишиларнинг тасаввурига келмагандир. Аммо тошкўмир чиққандан кейин тош қанчалик юқори иссиқлик берувчи ёқилғи экани ҳаммага маълум бўлди.
Дўзахнинг яна бир даҳшатли томони – унинг қўриқчилари қўпол ва шафқатсиз фаришталардир.
«Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар ­Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар».
Улардан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Шу билан бирга, мазкур фаришталар Аллоҳ таолога мутлақ итоатдадирлар, нима амр қилса, ўшанга оғишмай амал қиладилар.
Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчи эканлигига ушбу ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида «Ўзингни бил, ўзгани қўй», деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича, эр хотин учун, ота болалари учун ҳам масъулдир. Қиёматда Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб беради. Ушбу оят маъносида ҳадиси шарифлар ҳам бор.
Ҳазрати Умар ушбу ояти карима нозил бўлгандан сўнг: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша, уларни ўтдан сақлаш бўлади», деб жавоб берганлар.
Ҳазрати Али: «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар.
Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Эй аҳлим, намоз ўқинг, рўза тутинг, закот беринг, мискинларга, етимларга, қўшниларга яхшилик қилинг, шояд, Аллоҳ сизларни жаннатда бирга қилса, деган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», деганлар.
 Демак, ҳар биримиз, оятда айтилганидек, хотинимиз, фарзандларимиз ва оила аъзоларимизнинг барчаларини дўзах азобидан сақлашимиз, бунинг учун уларни тарбиялашимиз, ислоҳ қилишимиз ва бу ишда қатъият кўрсатишимиз лозим. Агар юқоридаги амрларга амал қилинмаса, оқибати нима бўлишини келаси оят васфлайди. («Тафсири Ҳилол» китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat