муҳтарам Саволим руҳ ва нафс битта нарсами ёки бошқа бошқами?
- Бу масаланинг баёни бундан ўн йилдан кўпроқ вақтда баён қилинган. Китобда турибди. Сайтда ҳам бор. Аммо сиз муҳтарам бунинг учун мени яна овора қилиб вақтимни олишни ирода қилибсиз. Халққа янги маълумот бериш учун ишимнинг йўлини тўсишни хоҳлабсиз. Шунинг учун ўша ўзим ўн йил олдин ёзган китобни ўзим очиб, мазкур мавзуни излаб топиб, сиз учун алоҳида кўчириб беришга мажбур бўлмоқдаман. Бу ишга мени мажбурлаганингиз учун сизга ташаккурлар бўлсин!
Тасаввуф «қалб», «руҳ», «ақл» ва «нафс» каби маъноларни алоҳида эҳтимом ила тушунтиради ва уларнинг ҳар бирига мусулмон банда қандай муносабатда бўлиши зарурлигини баён қилиб, ўша баённинг татбиқ қилинишини ҳам йўлга қўяди.
Тасаввуфнинг номларидан бири «руҳий тарбия» бўлгани ҳам шундан. Тасаввуфда «қалб», «руҳ», «ақл» ва «нафс» деб аталадиган маъноларни аниқ билиб олиш катта аҳамият касб этади. Бу нарсаларнинг ҳар бирининг ҳақийқатини англаб етиш ва уларни бир-биридан ажратиб олиш ҳам осон иш эмас.
Ушбу тўрт нарса ҳақида қисқача маълумот билиб олишимиз тасаввуфни яхшироқ англашимизга ёрдам беради.
1. Қалб.
«Қалб» лафзи икки хил маънода ишлатилади:
Биринчиси – инсоннинг чап кўкрагига жойлашган, конус шаклидаги махсус жисм. Уни бизнинг тилимизда «юрак» дейилади. Тасаввуфда «қалб» дейилганда ўша аъзо кўзда тутилмайди.
Иккинчиси – Роббоний, руҳоний ва латийф нарса бўлиб, унинг аввалги қалбга боғлиқлиги мавжуд. Уларнинг орасидаги алоқа худди сифатнинг сифатланган нарса билан бўлган алоқасига ўхшайди. Ана ўша латийф нарса инсоннинг ҳақийқатидир. Идрок, билим ва маърифат ўшандандир. Хитоб, итоб, иқоб ва талаб ҳам ўшангадир.
Тасаввуфда «қалб» дейилганда мазкур латийф нарса англанади. У ҳақда сўз борганида, унинг сифати ва аҳволи ҳақидагина гап боради, ҳақийқати ҳақида сўз юритилмайди.
2. Руҳ.
Бу лафз ҳам худди «қалб» лафзи каби икки хил маънони ифода этади.
Биринчиси – жисмоний қалб ичидаги латийф жисм бўлиб, асаблар орқали баданнинг барча тарафларига тарқалади. Табиблар руҳ ва унга боғлиқ нарсалар ҳақида сўз юритганларида айнан ана ўша руҳ ҳақида гапирган бўладилар.
Мазкур руҳ билан тасаввуфнинг алоқаси йўқ.
Тасаввуфда муолажа қилинадиган руҳ билувчи ва идрок қилувчи латийф нарсадир. Унинг ҳақийқатини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи «Исро» сурасида:
«Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилган, холос», деб айт», деган (85-оят).
Ушбу ояти каримада руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳ таоло берган жавоб зикр қилинмоқда. Бу жавоб:
«Руҳ Роббимнинг ишидир», дейишлик.
Руҳ, унинг моҳияти ва унга тегишли бошқа нарсалар Аллоҳ таолонинг иши, банданинг иши эмас. Банда қанчалик мақтанмасин, илми оздир.
«Сизга жуда оз илм берилгандир.»
Инсоннинг ҳамма нарсаси чекланган. Жумладан, ақли, идроки ҳам маҳдуддир. У ақли, идроки доирасидаги ишлар ила шуғулланиб, ундан ташқаридаги нарсалар хусусида беҳуда бош қотирмаслиги керак. Булар қаторига руҳ масаласи ҳам киради. Ҳозиргача инсоннинг руҳ ҳақида бирор нарса билиш учун қилган барча ҳаракатлари беҳуда кетди. Руҳ ҳақида ҳеч нарса била олмади. Инсон руҳ ҳақида билган бирдан-бир нарса Аллоҳ таоло юборган ваҳий, холос.
3. Нафс.
Бу лафз ҳам бир неча маъноларда ишлатилади. Нафс – моддий ва маънавий маъноларда бўлиб, бири иккинчиси билан чамбарчас боғлиқдир.
Моддий маънода нафс танадаги латийф бир жисм бўлиб, тананинг барча моддий эҳтиёжларини назорат қилиб, бошқариб туради. Унинг бу ишдаги асосий қуроли талаб, ғазаб ва шаҳватдир. Бу нарсалар меъёрида бўлганда, нафс хотиржам ҳисобланади ва у ўзидан талаб этилган вазийфани тўғри бажараётган бўлади.
Нафснинг талаби, ғазаби ва шаҳвати меъёридан ошиб кетса, у ёмонликка ундовчи нафс ҳисобланади ва маломат қилинади.
Маънавий маънода нафс ақлга ва руҳга оид барча эҳтиёжларни назорат қилиб, бошқариб турувчи омилдир. Бу нафс инсоннинг шахсияти, «мен»лигидир. Шариатнинг талаб ва таклифлари мана шу нафсга қаратилгандир.
Айни пайтда, моддий нафс маънавий нафсга тобеъ бўлиб, бу иккиси бирга инсоннинг борлиғини ташкил қилади.
Тасаввуфда «нафс» лафзи икки маънода ишлатилади.
Биринчиси – инсондаги ғазаб ва шаҳват қувватини жамловчи маънодир. Ҳа, аҳли тасаввуф «нафс» деганда кўпроқ ёмон сифатларни ўзида жамловчи нарсани кўзда тутадилар. Шунинг учун ҳам, уларнинг истилоҳида «нафсга қарши мужоҳада қилиш», «уни синдириш» каби иборалар тез-тез учраб туради.
Бундай нафснинг ўзига хос исми бўлиб, уни «ан-нафсул амморатул биссуъи» – «ёмонликка амр қилувчи нафс» деб аталади.
Аллоҳ таоло «Юсуф» сурасида:
«Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳим қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва раҳимли зотдир», деб таъкидлаган (53-оят).
Иккинчиси – аввал зикр қилинган руҳ, яъни инсондаги латийф жисм бўлиб, у инсоннинг жони ва ўзини англатади. У ҳолатга қараб турли васфларга эга бўлади.
Гоҳида «Фажр» сурасида зикр қилинган васфда бўлиши мумкин.
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:
«Эй, хотиржам нафс! Роббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолда қайт! Бас, бандаларим ичига киргин! Ва жаннатимга киргин!» (27 – 30-оятлар).
Бундай нафс шаҳватлар ила курашда ғолиб бўлиб, сокинлик касб қилган нафсдир. У «мутмаин- на» – «хотиржам нафс» деб аталади.
Гоҳида «Қиёмат» сурасида зикр қилинган васфда бўлиши мумкин.
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб:
«Ва маломатчи нафс билан қасам», деган (2-оят).
«Маломатчи нафсдан» мурод тақводор мўмин кишининг нафсидир. Чунки, у ўз эгасини доимо маломат қилиб (тергаб) туради. Гуноҳ иш қилса, «Нима учун гуноҳ қилдинг? Аллоҳдан қўрқмайсанми? Охиратда нима жавоб берасан?» деб маломат қилади. Савоб иш қилса, «Бу оз-ку, кўпроқ қилсанг бўлмайдими? Қанча кўп савоб иш қилсанг, ўзингга фойда-ку», деб маломат қилади.
Тасаввуф мактабининг машҳур намояндаси, Ислом оламида катта ҳурматга эга бўлган олим имом Ҳасан Басрий: «Яхши одам доимо ўз нафсини маломат қилиб туради, фожир одам нафсини итоб қилмай юраверади», деганлар.
4. Ақл.
Бу лафз ҳам турли маъноларда ишлатиладиган лафзлардан. Тасаввуфда ўша маънолардан иккитаси ишлатилади.
Биринчиси – нарсаларнинг ҳақийқатини идрок қилиш бўлиб, илмнинг сувратидан иборат бўлади.
Иккинчиси – илмларни идрок этувчи билимдир.