Ассалому алайкум! Ҳозирда мен онлайн платформада иш юритадигон маркетинг компаниясида ишчиман. Компани катта онлайн маркетлардан масалан Amazon, ebay, best bay каби онлайн ишлайдигон маркетлардан заказ олади. Бизнинг вазифамиз, онлайн харид қилиш платформаларида савдогарларга ўз маҳсулотларининг сотилиши ва баҳосини оширишга ёрдам бериш ва уларга платформадан тавсиялар олишга ёрдам бериш. Мен ўзим ишлайдигон компанияни вэбсайтига кириб ўз сахифамдан кунлик ажратилган 20~100 гача заказ бўлади. Айтайлик бугун менга Амазондан 50 та заказ бор. Мен компания сахифасидан Амазонди танлиман ва кириб менга ёққан 50 маҳсулотни танлайман. Яни булар амазонда сотилаётган маҳсулотлар масалан наушник, компютер, ручка ва ҳоказолар. Мен 50 тасини танлаб уларга виртуал буюртма бераман яни мен уларни сотиб олгандек бўламан. Аслида менга у махсулотларни манзилимга жўнатишмайди. Фақатгина мен виртуал буюртма бериш орқали маҳсулотни сотилиши ва баҳосини оширишга ёрдам берган бўламан. Аслида аниқ олган ҳисобланмиман лекин махсулот базасида олган бўламан. Бу махсулотни савдосини оширади. Пулни эса шу Амазондаги савдогарлар ҳар бир берган виртуал буюртмага қараб ҳақ тўлайди. Яни мен ўз компаниямдан эмас асли клиентлардан ҳақ олинади. Ва умумий тушган суммадан 5% ни ўз компаниямга тўлайман. Чунки улар ўртакаш вазифасини бажаради. Яни бизга заказ об беради ва ўз вэбсайтига жойлайди. Биз ўша ердан олиб буюртма берамиз. Шу ишим жоизми?
– Ва алайкум ассалом! Бу ишингиз жоиз эмас. Сиз харидорларни алданишига хизмат қилар экансиз. Шу каби алдовлар ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: نَهَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ يَبِيعَ حَاضِرٌ لِبَادٍ، وَلَا تَنَاجَشُوا، وَلَا يَبِيعُ الرَّجُلُ عَلَى بَيْعِ أَخِيهِ، وَلَا يَخْطُبُ عَلَى خِطْبَةِ أَخِيهِ، وَلَا تَسْأَلُ الْمَرْأَةُ طَلَاقَ أُخْتِهَا لِتَكْفَأَ مَا فِي إِنَائِهَا
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ерлик одамнинг четдан келганга сотиб беришидан қайтардилар. Нажш* қилманглар. Киши биродарининг савдоси устига савдо қилмайди, унинг совчилиги устига совчи қўймайди ва аёл ўз дугонасининг идишидагини ағдариб олиш учун унинг талоғини сўрамайди». (“Саҳиҳи Бухорий” китобидан).
* «Нажш» сўзи луғатда «қўзғатиш», «авраш», «шишириб кўрсатиш» маъносини англатади. Савдода эса бошқаларни қизиқтириш учун молни баланд баҳога савдолашишдир. Бунда харидор бўлиб кўринаётган шахс сотувчи билан келишиб олган бўлади. Молни мақтаб, баланд нархга савдолашади. Уларнинг қизғин савдосини кўрган бошқа кишилар ҳам молни ўша нархга сотиб ола бошлайдилар. Бу иш қатъиян мумкин эмас, бу тарзда топилган маблағ ҳаром бўлади.
Изоҳ: «Дугонасининг идишидагини ағдариб олиш» деганда эрига ёлғиз хотин бўлиб, нафақанинг фақат ўзига бўлиши учун эридан кундошини талоқ қилишни сўраш тушунилади. Шунингдек, эр иккинчи ёки учинчи хотин қилиш учун бир аёлга совчи қўйса, ўша кундош билан яшашни истамай, талоқ сўрашидир. Валлоҳу аълам!