Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Расулуллоҳ с.а.в.нинг туғилишларига боғлиқ ажойиботлар

13:38 / 06.01.2014 | "Зикр Аҳлидан Сўранг" | 4622

Расулуллоҳ с.а.в.нинг туғилишларига боғлиқ қандай ажойиботлар мавжуд?


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

У зот алайҳиссаломнинг
туғилишларига боғлиқ ажойиботлар

Ўша куни одамлар кўпгина одатдан таш-қари ҳодисаларнинг шоҳиди бўлдилар;

1. Бутлар ларзага тушиб қимирлаб кетди. Баъзилари юз тубан ерга йиқилди. Чунки уларни йўқ этгувчи зот дунёга келган эди.

2. Маккадан бир нур зоҳир бўлиб Шомдаги қасрларни ёритиб юборди. Чунки бутун дунёга иймон нурини элтувчи зот дунё-га келган эди.

3. Ҳишом ибн Урванинг таъкидлашича, ўша куни Маккада тожирлик қилувчи бир яҳудий қурайшликлар тўпланиб ўтирган жойга келиб: «Эй, қурайшликлар жамоаси, бугун сизларда бирор бола туғилдими», деган. Улар: «Билмадик», деганлар. Шунда ҳалиги яҳудий: «Аллоҳу Акбар! Аммо билмаган бўлсангиз, билинг! Сизга айтадиган гапимни яхшилаб ёдлаб олинг! Бугун ушбу охирги умматнинг набийси туғилди. Унинг икки кураги орасида аломат бор. Аломатнинг устида туклар бор», деди.

 
4. Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Етти-саккиз ёшдаги бола эдим. Кўрган эшитган нарсамга ақлим етар эди. Бир куни эрталаб Ясрибда бир яҳудий: «Эй, яҳудийлар жамоаси!!!» деб бақириб қолди. Унинг олдига тўпланишди. Мен эшитиб турибман, улар: «Шўринг қурғур, сенга нима бўлди?» дедилар. 
«Батаҳқиқ, бу кеча туғиладиган Аҳмаднинг юлдузи чиқди!» деди.

5. Махзум ибн Ҳонеъ ал-Махзумийнинг айтишича, ўша куни Форс подшоҳи Кисронинг айвони ларзага келиб, ўн иккита болахонаси қулаб тушган. Мажусийларнинг минг йилдан буён ўчмай турган оловлари ўчиб қолган. 
Баъзи бир кишиларга бу гаплар ғалатироқ туюлиши мумкин. Лекин бор ҳақиқат шу. Бу ҳодисалар турли тарихчилар томонидан, жумладан, ғайри мусулмонлари томонидан ҳам ўрганиб чиқилган. Уларнинг бирортаси мазкур ҳодисалар муболаға эмаслигини тасдиқлаганлар. 
Буларнинг ҳаммаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келажакда ким бўлишларига ишорат эди.
Омина янги туғилган гўдакнинг суюнчилик хабарини бериш учун Абдулмутталибга одам юбориб: сизга бир ғулом туғилди, келиб унга бир назар солинг, деди. 
Эҳтимол, бу билан янги куёвлик чоғида вафот этган ўғли куйида ўртаниб юрган кекса отанинг кўнглига бир оз қувонч киришини истагандир?
Абдулмутталиб қувончга тўлган ҳолида шошиб етиб келди. Мурғак набирасини қўлга олиб ўпди. Уни авайлаб кўтариб, Каъбаи Муаззаманинг ичига олиб кирди. Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, дуои хайрлар қилди. Сўнгра набирасини «Муҳаммад» деб номлади. Араблар ичида бу ном тарқалмаган эди. Одамлар ҳайрон қолишди.
Бу муборак исмнинг луғавий маъноси ҳамд-мақтов айтилгандир, дегандир. Араб тилининг хусусиятларидан келиб чиқиб тилшунос уламолар, айни шу Муҳаммад сийғасидан мақтови тинмай янгиланиб турувчи деган маъно чиқади, дейдилар.
Тарихчиларнинг ривоят қилишларича, Омина онамиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳомиладорлик вақт-ларида туш кўрганларида болалари туғилганида «Муҳаммад» деб номлашлари кераклиги айтилган экан. 
Шунингдек, Абдулмутталиб ҳам тушида ўз сулбидан одатдагидан бошқа улуғ ма-қомга сазовор бўладиган фарзанд туғилишига ишорат қилувчи ҳолатни кўрган экан. Икки тушнинг тасирида ва келиннинг гапига биноан Абдулмутталиб набирасини Муҳаммад деб номлаган экан.
Тарихчиларнинг таъкидлашларича, ўша вақтгача арабларнинг ичида фақат уч кишига Муҳаммад исми қўйилган экан. 
Бир гуруҳ кишилар бир подшоҳнинг ҳузурида бўлишибди. У аввалги китоблардан хабардор экан. Подшоҳ суҳбат давомида Ҳижоз томондан Муҳаммад номли пайғамбар чиқишининг хабарини айтди. 
Меҳмонлар ичидан уч кишининг хотинлари ҳомиладор экан. Учовлари ҳам хотиним ўғил туғса исмини Муҳаммад қўяман, деб ният қилибдилар. Уларнинг хотинлари ўғил туғибди. Фарзандларни яхши ният билан Муҳаммад деб номлабдилар.

У зот алайҳиссаломнинг
эмизилишлари

Ўша вақтда арабларнинг одати бўйича болалар саҳролик аёлларга эмизилар эди. Уларнинг фикрича, саҳронинг ҳавоси ҳам, одамларининг ахлоқи ҳам шаҳарникидан яхши бўлгани учун саҳролик аёлларни эмиб ўсган болалар соғ-саломат, ўткир зеҳнли бўлиб улғаярди. 
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни дастлаб бир неча кунга у зотнинг амакилари Абу Лаҳабнинг жорияси Сувайба эмизиб турди.
Ўша кунлари Маккага саҳродан Бани Саъд қабиласилик эмизувчи аёллар янги туғилган гўдакларни олиб кетиш учун келиб қолдилар. 
Ўша йили қурғоқчилик йили эди. Одамлар етишмовчиликдан қийналиб қолишган эди. Аёллар бойроқ оилаларнинг фарзандини эмизиб, бир оз даромад топиш ниятида эдилар. Шунинг учун отасиз етим Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизишга қизиқувчи аёл топилмади. 
Минган улови оқсоқлиги учун ҳаммадан ортда қолган Ҳалима исмли аёл ҳам бойроқ оиланинг боласини олиш ниятидан холи эмас эди. Лекин кеч қолгани панд берди. Дугоналари бойларнинг болаларини эгаллаб олишибди. 
Аввалига Ҳалима ҳам ҳалиги етим болани олишдан бош тортди. Бошқа бола топа олмаганидан кейин бир оз ўйлаб қолди. Нима, эмизгани бола олмай кетадими? Хотинлар: Ҳалима қуруқ қайтди, деб ҳаммаёққа гап тарқатишиб юборишади-ку! Яхшиси, етим бўлса ҳам Муҳаммад деган гўдакни олиб кетгани маъқул. Аллоҳ таолонинг Ўзи Ҳалиманинг қалбига ўша болага нисбатан меҳр солди. Ҳалима Муҳаммад алайҳиссаломни эмизгани олди.
Ҳаммадан охири келиб, ҳаммадан охири қайтган Ҳалима ўзининг оқсоқ улови тузалиб, тезлаб юраётганини пайқади. Ажабо, унинг ҳаммадан орқада қолган ночор улови бошқалардан ўтиб кета бошлади. Кетишда ҳаммадан ортда қолган Ҳалима қайтишда ҳаммадан олдин ўз масканига етиб келди. У ўзи сезмаган ҳолда Аллоҳ таоло халқ қилган одамзотлар, ичидаги энг афзалига кўкрак тута бошлади. 
Албатта, Ҳалима ўзининг инсоният тарихига охирги замон пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизган онаси сифатида кириб қолишини ўша онларда билмас эди. 
У кейинчалик, асрлар оша, қиёматгача миллионлаб мусулмонлар уни Ҳалимаи Саъдия онамиз (розияллоҳу анҳо) деб юксак эҳтиром ила ёдга олишларини билмас эди. 
Аммо у шу болани эмиза бошлаганидан буён ҳамма нарсага барака кириб қолганини яхши билар эди. Ўзининг сути ҳам кўпайиб кетди. Хонадонига ҳам қут-барака кирди. Унинг болалари ҳайвонларини қаерда боқишларидан қатъий назар уларнинг қорни ўтга, елини сутга тўлиб қайтадиган бўлиб қолди. 
Шунинг учун ҳам болани эмизиш муддати тугаганида ҳам ундан ажрагиси келмади. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ёшга тўлганларида у зотни оналари ҳузурига олиб бориб: менинг олдимда яна бир оз тарбия топсин, деб илтимос қилди. Омина онамиз бу таклифга рози бўлдилар.
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг эмикдош ака ва опалари билан бирга саҳронинг соф ҳавосида ўйнар эдилар. 
Бир куни ҳаво жуда ҳам исиб кетди. Ҳалимаи Саъдия болаларни олиб келиб бир оз ухлатмоқчи бўлди. Уларни ичкарига чақириб: ташқарида юрманглар, офтоб уриб кетади, деди. 
Шунда унинг қизи: Муҳаммад билан ўйнасак, бизни офтоб урмайди. Чунки унинг устида булут доимо соя солиб туради, деди. Ҳалимаи Саъдия Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий бола эмаслигига яна бир бор ишонч ҳосил қилди. 

Топ рейтинг www.uz Openstat