Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари

13:36 / 06.01.2014 | "Зикр Аҳлидан Сўранг" | 3782

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Рабиъул аввал ойи ҳижрий йил ҳисобида учинчи ойдир. Бу ой мусулмонлар учун алоҳида маҳбуб ойдир. Унда Роббул оламийннинг ҳабиби, оламларнинг сарвари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганлар. Шунинг учун ҳам бу ойга мусулмон уммати мавлуд ойи номини берган. Мавлуд ойида улар ўз пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари ва буюк ҳаётларини эсга оладилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган аҳдларини янгилайдилар ва ҳаётлари ҳамда сийратларини яна ҳам мукаммалроқ ўрганиш ҳаракатида бўладилар. Келинг, биз ҳам ҳабиб пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мавлудлари–туғилишларини қисқача эслаб ўтайлик.

У зот алайҳиссаломнинг туғилишлари

Муҳаммад алайҳиссаломнинг оталари Абдуллоҳ Қурайшнинг бошлиғи Абдулмутталибнинг ал-Ҳорис, аз-Зубайр, Ҳамза, Зирор, Абу Толиб (Абду Маноф), Абу Лаҳаб (Абдулуззо), Абдулкаъба, ал-Муғийра ва Навфал исмли ўғилларидан кейин туғилган энг кенжа, эрка ва маҳбуб ўғлидир. 
У Қурайшнинг ёшлари ичида энг кўркам ва маҳбуби эди. Абдуллоҳ хушхулқли ва босиқ-вазмин йигит бўлиб ўсди. У турли қи-йинчиликларга доим тайёр туришни отасидан ўрганди. Шунинг учун ҳам назрга вафо қилиш учун отаси уни сўядиган бўлиб қолганида бу ишни бемалол қабул этди. Бу ишда у ўзининг катта бобоси Исмоил алайҳиссаломдан ўрнак олди. Ўзидаги олиймақом сифатлари туфайли Абдуллоҳ ҳамманинг муҳаббатини қозонган эди. Шунинг учун ҳам отаси уни қурбонликка сўймоқчи бўлганида ҳамма бу ишга қарши чиқиб уни ҳимоя қилди.
Абдуллоҳнинг ишқида қавмининг қизлари куйиб-ёнар эдилар. Баъзи шошганлари унинг йўлини тўсишдан ҳам тоймас эдилар. Аммо Абдуллоҳ ҳаром ишга мутлақо яқинлашмас эди. У доимо пок яшашни хоҳлар эди. У келажакда сулбидан охири-замон пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиши лозим бўлган зот эди.
Абдуллоҳ вояга етганида отаси унга муносиб келин топиш пайига тушди. У ўғлига қаллиқ излаб Маккадаги оилаларнинг қизларини саралай бошлади. Охири ўз хотинларидан бири Ҳола (Ҳамзанинг онаси) амакисининг қизи Оминани маъқул топди.
Абдуллоҳнинг отаси Абдулмутталиб Бани Қусайнинг улуғи бўлганидек, Оминанинг отаси Ваҳб ҳам Бани Зуҳранинг улуғи эди. 
Оминанинг ўзи ҳам ўша пайтда қавми қизларининг олди, фазилатлиси, бўлиб ўсган эди. Уни келин қиламан деганларнинг саноғига етиб бўлмас эди. 
Омина ўта одобли, сабрли ва гўзал бир қиз эди. Унинг ҳақидаги хабарларга қараганда Омина худди Биби Марямнинг сифатларига эга эди. Қисқаси айтиладаган бўлса, Омина ўша вақтнинг ҳамма жиҳатдан устун қизи эди.
Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбарини ана шундоқ ажойиб васфга эга бўлган икки улуғ ва пок наслнинг вакили бўлган ота-онадан дунёга келишини ирода қилди. Абдуллоҳ ва Оминанинг оила қуришларини таъминлади.
Бу икки ёшнинг тўйларидан кўп ўтмай янги куёв ўз қавмига керакли хизмат юзасидан хурмо олиб келиш учун отасининг тоғалари юрти Ясрибга жўнаб кетди. Абдуллоҳ кўп ўтмай ўша ерда вафот қилди.
Ўша пайтда Оминанинг сарвари оламга ҳомиладор бўлганига кўп бўлгани йўқ эди. Ўн гулидан бир гули очилмаган ёш келин ҳомиладор ҳолида маҳбуб эридан ажраб бева қолди.
Оминанинг ҳомиласи оддий ҳомила эмас эди. Бу хайр-барака ҳомиласи эди. Аллоҳ таоло ўша ҳомиланинг баракасидан Каъбани бузиб ташлаш ниятида Маккага бостириб келган Абраҳа бошлиқ фил эгаларини ҳалок этди. 
Омина эса ўзида ҳомиладор аёлларда бўладиган машаққатларни мутлақо сезмас эди. Аммо туш кўрар эди. Тушида ғойибдан келган овоз унга: албатта, сен ушбу умматнинг улуғига ҳомиладор бўлдинг, дер эди.
Аллоҳ таоло фил эгаларини ҳалок этганидан эллик кун ўтиб Оминани тўлғоқ тутди. Бу тўлғоқ оддий тўлғоқ эмас эди. Одатдаги ҳолатлардан тамоман ўзгача бир ҳолатда Омина ўз ҳомиласини ёруғ дунёга туширди. Унинг қорнидан бир нур ер юзига тушди. Гўдак худди сажда қилаётган одамдек ҳолда ерга тушди.
Дунёнинг нурга тўлдирган, бутун вужудни бахтга чўмдирган бу улуғ кун Рабиъул- аввал ойининг ўн иккинчи, душанба куни эди. (570 мелодий сана, 20 апрел)

Топ рейтинг www.uz Openstat