У зотга иймон келтирмоқ, итоат қилмоқ ва муҳаббат қилмоқнинг вожиблиги
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмагунча ҳеч ким мўмин-мусулмон бўла олмайди.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ислом беш нарсага бино қилингандир; «Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтиришлик, намозни тўкис адо этишлик, закот беришлик, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар».
Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.
Ислом биносининг қаддини кўтариб турадиган асосий рукнлар ушбу ҳадисда зикр қилинаётган беш нарсадир. Уларнинг даст-лабкиси, Аллоҳ таолонинг ибодатга сазовор ягона зотлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳнинг пайғамбари эканлиги ҳақида шаҳодат беришдир. Бусиз ҳеч ким мусулмон бўлмайди ва қолган тўрт рукн ҳам қабул қилинмайди.
«Лаа илаҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ» иймон рукнининг ўзаги бўлса, фариштларга, Пайғамбарларга, илоҳий китобларга, яхшию ёмон қадар Аллоҳдан эканлигига ва бошқа лозим бўлган нарсаларга иймон келтириш унга тобеъ бўлади.
Ушбу беш рукн фарзи айнлардир, яъни, ҳар бир шахсга алоҳида, бевосита фарздир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мўминмусулмонларни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни қайтақайта такрорлаган.
Аллоҳга ва Расулга итоат қилинг. Бас, агар ортга қайтсангиз, Аллоҳ, албатта, кофирларга муҳаббат қилмас.
Аллоҳга ва Пайғамбар алайҳиссаломга итоат қилиш ҳар бир мўмин банданинг бурчидир. Ояти каримадан кўриниб турибдики, Аллоҳга ва Пайғамбар алайҳиссаломга итоат қилмай, ортга қайтиш кофирликдир. Ким шу ишни қилса, унга Аллоҳ муҳаббат қилмайди.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш у зотнинг ҳаётлик чоғларида шахсий амрларига бўйсуниш билан, кейин эса, суннатларига, шариатларига амал қилиш билан бўлади.
Ҳар бир мўмин-мусулмон Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиши лозим ва лобуддир.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Зуҳра ибн Маъбуднинг боболари қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттобнинг қўлларидан тутиб турар эдилар. Умар:
«Аллоҳга қасамки эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳамма нарсадан маҳбубсиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан бирортангиз мен унга ўзидан ҳам маҳбуб бўлмагунимча мўмин бўла олмайди», дедилар. Умар:
«Энди сиз, эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, мен учун ўзимдан ҳам маҳбубсиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ана энди, тўғри бўлди, эй Умар», дедилар».
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлардан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва ҳамма одамлардан маҳбуб бўлмагунимча комил мўмин бўла олмайди», дедилар».
У зотдан ўрнак олиш лозимлиги
Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида:
«Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди», деган.
Ҳа, мўмин-мусулмонлар учун гўзал ўр-нак манбаи уларнинг маҳбуб Пайғамбарлари Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал ўрнакдирлар. Оҳ, қани энди, ҳамма шу ўрнакнинг моҳиятини тушуниб етса! Расулуллоҳнинг гўзал ўрнак бўлган гап-сўзлари ҳаводан олинган нутқ эмас, Аллоҳдан қилинган ваҳийдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари Аллоҳнинг амри биландир. Ана шундай гап-сўз гўзал ўрнак бўлмай, қайси гап-сўз гўзал ўрнак бўлиши мумкин. Ана шундай ишлар гўзал ўрнак бўлмай, бошқа қайси ишлар гўзал ўрнак бўлсин!