Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Катта уламолар мавлуд ҳақида

13:56 / 06.01.2014 | "Зикр Аҳлидан Сўранг" | 6527

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Катта уламолар мавлуд ҳақида


Мавлуд ҳақида уламоларнинг гаплари ҳақида маълумот ахтариш давомида биринчи бўлиб Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳажар Ҳайтамийнинг машҳур «Туҳфатул муҳтож фии шарҳил минҳож» китобидаги матн эътиборимни тортди. Уни ўқиб чиққандан сўнг мақсадни баён қилиш учун етарли деб билиб бошқаларини ахтаришдан воз кечдим. Мазкур матнни сиз муҳтарамларнинг эътиборингизга ҳавола қилишни маъқул топдим. Чунки, мазкур матндан кўп нарсаларни англаб олиш имкони бор экан. Жумладан, мавлуд ҳақида баҳс юритган уламоларнинг вакиллари ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.
Мазкур матн бошидан-охиригача маш-ҳур аллома, ҳофиз Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳ, алайҳга оид бўлиб, биз номини айтиб ўтган китоб эгаси Ибн Ҳажар Ҳайтамий у кишидан тўлиқ кўчирган.
Матнни эътиборингизга ҳавола қилишдан олдин унда номи зикр қилинган ва мавлудни қўллаб-қувватлаган уламолардан фақат иккиталари ким эканлиги ҳақида қисқача маълумот бериб ўтиш масалани англаб етишга ёрдам берар, деб умид қилишимизга сабаб бўлди.
Ҳофиз Жалолиддин Абул Фазл Абдурроҳман ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад Суютий Шофеъий. Муҳаққиқ ва машҳур олим. Ўта машҳур ва фойдали китоблар муаллифи. 849 ҳижрий сананинг Ражаб ойида таваллуд топган. Саккиз ёшлигида Қуръонни хатм қилган. Кўплаб матнларни ёд олган. Ёзган китобларининг сони беш юзтадан ошган. Китобларининг шуҳрати ҳақида гапиришнинг ҳожати ҳам йўқ. 
У киши ўз замонасининг ҳадисга оид барча илмларида пешқадам ҳам бўлган. У киши икки юз минг ҳадисни ёддан билган ва яна бошқаларини топсам ёдлар эдим, деган. Қўшимча тарзда айтадиган бўлсак, ҳаммага маълум ва машҳур «Жалолайн» тафсирининг икки муаллифидан бири худди шу имом Жалолиддин Суютий бўладилар.
Энди, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳажар Ҳайтамийнинг машҳур «Туҳфатул муҳтож фии шарҳил минҳож» китобидаги матнни шарҳлашга ўтайлик. Шарҳдан ажраб туриши учун матннинг остига чизиқ қўйдик. 
Ҳофиз Суютийнинг фатволарида, валийма бобида Робийъул-аввал ойида мавлудиннабий қилиш ҳақида, унинг шаръий ҳукми, бу иш яхшими, ёмонми, қилган одамга савоб бўладими, йўқмилиги ҳақида сўралди.
У киши қуйидаги жавобни берди:
«Менинг жавобим шуки, аслида одамларнинг жамланиб муяссар бўлганича Қуръон тиловати, Набий соллалоҳу алайҳи васаллам ишларининг аввалида бўлган хабарларни, у зотнинг туғилишларида содир бўлган мўъжизаларни ривоят қилишлари ва охирида уларга егулик нарса улашилиб, бунга бошқа нарсалар зиёда қилинмай тар-қалиб кетадиган бўлсалар, бидъати ҳасанадир. 
Уни қилган одамга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлагани, у зотнинг мавлудлари муносабати ила хурсанчилик изҳор қилгани учун савоб берилади». 
Ҳофиз Жалолиддин Абул Фазл Абдурроҳман ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад Суютий Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг мавлуд ҳақидаги бу фатволаридан бир неча хулосалар чиқариб оламиз.
1. Мавлуд бидъати ҳасанадир.
Мавлудда қуйидаги ишларни қилишга рухсат берилади:
2. Қуръон тиловати. 
Иложи бўлса, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги оятларни ўқиб, ҳар қавм ўз тилида тафсир қилса, жуда ҳам яхши бўлади.
3. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларининг аввалида бўлган хабарларни ривоят қилиш.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг туғилиш даврларида бор жаҳолат ҳолатини, у зотнинг хайр ва барака бўлиб туғилганларига оид саҳиҳ ривоятларни ўқиб, таржима ва шарҳ қилиб берилса, халқ оммаси керакли маълумотни олган бўлади.
4. У зотнинг туғилишларида содир бўлган мўъжизаларни ривоят қилиш.
Бунда асоссиз, муболағали ва тўқима хабарлардан эҳтиёт бўлиш лозим. Баъзи китобларда ана шундай нарсалар аралашиб қолганини унутмаслик керак. Ҳадис ва ишончли сийрат китобларида келган хабарларнинг ўзи етарли.
5. Охирида егулик нарса улашиш. 
Бунда ҳам ҳаддан ошмаслик, исроф ва ношаръий нарсаларга йўл қўймаслик лозим.
6. Бошқа нарсаларни зиёда қилмай тар-қалиб кетиш.
Яъни, юқорида зикр қилинган нарсалардан ортиқча иш қилмаслик керак. Бизнинг одамларимиз бундан бошқа нима бўлиши мумкин, дейишлари мумкин. Бошқа ерларда, хусусан, арабларда турли бидъат ва хурофот ишлар бўлган. Шунинг учун ҳам имом Жалолиддин Суютий бу шартни алоҳида таъкидламоқдалар. 
7. Мавлуд қилган одамга савоб берилиши.
Бу савоб мавлуд қилган одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлагани, у зотнинг мавлудлари муносабати ила хурсандчилик изҳор қилгани учун савоб берилади.
Кейин яна қуйидагиларни зикр қилган:
«Буни биринчи бўлиб қилган шахс Ирбилнинг Каттаси Малик Музаффар бўлган. Унинг ҳузуридаги мавлудга уламо ва сўфиларнинг аъёнлари ҳозир бўлар эди. Сўнгра Ҳофиз Абул Хаттоб ибн Диҳя унга (Малик Музаффарга) мавлудин-набий ҳақида бир китоб тасниф қилди ва «Танвийр фии мавлуди башийрин назийр» деб номлади.
Имом Жалолиддин Суютийнинг маълумотлари бўйича биринчи бўлиб мавлуд маросимини ташкил қилган одам Ирбилнинг Каттаси Малик Музаффар бўлган.
Бу гапни бошқа уламолар ҳам қўллаб-қувватлайдилар. Шайх Муҳаммад Закий Иброҳим «Абжадияту тасаввуфил исламий» номли китобда қуйидагиларни айтади:
«Мавлудин-набийни биринчи бўлиб нишонлаган шахс Малик Музаффар (Тоғрил) Ироқдаги Ирбилнинг подшоҳи бўлган. У имом Абу Шома ва бошқа уламоларнинг розилиги билан бу ишни қилган».
Дастлабки мавлуд маросимлари катта уламолар ва сўфийлар ҳузурида бўлгани алоҳида эътиборга сазовор ҳолдир.
Яна мавлуд ҳақида китоблар ёзилгани ҳам бежиз эмас.
Сўнгра моликийларнинг кейингиларидан Фокиҳоний номи билан машҳур бўлган шайх Тожиддин Умар ибн Али Лахмий Сакандарий мавлудин-набий ёмон бидъат эканини даъво қилиб чиқди ва бу ҳақда «Ал-Маврид фил калами ала амалил мавлуд» деган китоб ёзди.
Ўша вақтда оз бўлса-да мавлудга қарши чиққанлар ва ҳатто бу масалада китоб ёзганлар бўлган экан.
Ҳофиз Абул Хаттоб ўша китобни аввал ҳаммасини кўчира туриб, кейин бирма-бир чиройли танқид қилди ва балоғатли рад-диялар берди. Аллоҳ бундай Ҳофизнинг хайрини берсин!
Аммо мавлудга қарши бўлганларга ўз ўрнида ва қойиллатиб илмий жавоб ҳамда раддиялар берилган экан.
Асрнинг ҳофизи бўлмиш Шайхул Ислом Абул Фазл Аҳмад ибн Ҳажардан мавлуд ҳақида сўралди. У киши қуйидаги жавобни берди:
«Мавлуднинг асли бидъат бўлиб, унинг ҳақида биринчи уч асрдаги салафи солиҳлардан ҳеч нарса нақл қилинмаган. Лекин, шу билан бирга бу иш яхшиликларни ва унга зид бўлган нарсаларни ўз ичига олгандир. Бас, ким яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлса, бидъати ҳасана бўлади. Ким бундай қилмаса, бўлмайди».
Аввало, бутун бошли бир асрнинг ҳофизи бўлмиш Шайхул Ислом Абул Фазл Аҳмад ибн Ҳажар кимлигини билиб олайлик.
У киши Ҳофиз, Шайхулислом Абул Фазл Шаҳобиддин Аҳмад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Аҳмад ибн Ҳажар Асқалонийдир. Бу зот ҳижрий ҳисоб бўйича 773 - 852, мелодий ҳисоб бўйича 1372 - 1449 йилларда яшаб ўтган. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг ҳадис, тарих, фиқҳ, адабиёт, усулуд-дин ва усулул-фиқҳ бўйича ёзган китоблари юз элликдан зиёддир. Жумладан, бутун дунёга машҳур «Фатҳул Борий шарҳу саҳиҳил Бухорий» китоби ҳам Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг қаламига мансубдир. У кишининг «Исоба фии тамйизис Саҳоба» китоби ҳам ўз бобида тенги йўқ китоблардан ҳисобланади.
Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг мавлуд ҳақидаги гаплари ҳам бу борада асос бўладиган гаплардандир. Улардан қуйидаги фойдаларни оламиз:
1. Биринчи уч асрда мавлуд бўлмагани.
2. Ўша вақтдаги мавлудларда яхши ва ёмон нарсалар аралаш бўлгани.
3. Мавлуднинг яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлинса, бидъати ҳасана бўлиши.
4. Мавлуддан кўзланган яхши мақсадлардан бошқа нарсани аралаштириб бўлмаслиги. 
Имом Жалолиддин Суютий гапларининг давомида яна қуйидагиларни айтади:
Сўнгра менга бу ишни собит асосдан чиқариб олиш зоҳир бўлди. Икки саҳиҳда (Бухорий ва Муслимда) Ибн Аббосдан ривоят қилинади: 
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб яҳудийлар Ошуро куни рўзасини тутаётганларини кўрдилар ва:
«Бу нима?» - дедилар.
«Бу солиҳ кундир. Бу–Аллоҳ Бани Исроилни душманидан қутқарган кун. Ўшанда Мусо унинг рўзасини тутган дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен, сизлардан кўра Мусога ҳақлироқман», дедилар ва унинг рўзасини тутдилар, тутишга амр қилдилар». 
Мана шундан Аллоҳга муъаяян кунда берган неъмати ва балони рад қилгани учун шукр қилиш ҳамда уни ҳар йили ўша кунда қайтариб туриш жоизлиги истифода қилинади. Аллоҳга келтириладиган шукр сажда, рўза, садақа ва тиловат каби турли ибодатлар билан адо этилади. Ўша кунда раҳмат набийси бўлган набийимизнинг дунё-га келишларидан ҳам улуғ неъмат борми?! Шунинг учун, Ошуро куни Мусонинг қиссасига тўғри келадиган тайинли бир кунни ихтиёр қилиш лозим бўлади. Ким буни мулоҳаза қилмаса, ойнинг қайси кунида бўлса ҳам мавлуд қилаверади. Баъзи бирлар бундан ҳам кенг олиб, йил бўйи қиладилар. Булар мавлуднинг аслига тегишли гаплардир.
Энди ўша кунда қилинадиган амалларга келадиган бўлсак, улар шукр маъносини англатадиган, аввал айтиб ўтганимиз тиловат, садақа, таом улашиш, набийни мадҳ этувчи ва қалбларни ҳаракатга келтирувчи зоҳидлик шеърларини ўқиш, яхшилик ва охират учун керак ишларни қилишдан иборат бўлиши лозим.
Аммо самоъ ва лаҳв нарсалар ҳақида айтиш лозимки, хурсандчиликка сабаб бўладиган мубоҳ нарсалар бўлса, ҳечқиси йўқ. Лекин ҳаром ва макруҳ нарсалардан ва яхшиликка хилоф бўлганларидан тийилиш керак.
Имом Жалолиддин Суютий ушбу қитъа-да мавлуднинг савобли иш эканига, уни қилиш жоиз эканлигига ҳадиси шарифдан далил келтирмоқдалар. Яҳудийлар нишонлаб келган Ошуро кунини Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам биз ҳам келаси йили рўза тутамиз, деб қабул қилишлари мавлудга ўхшаш нарсаларни жорий қилиш мумкинлигига асос қилиниши мумкинлигини айтмоқдалар.
Шу билан бирга, Имом Жалолиддин Суютий мавлуднинг асли, уни қачон қилиш мумкинлиги ва унда қилинадиган ва қилинмайдиган амаллар бўйича ҳам умумий қоида бўладиган ибораларни келтирмоқдалар. Бу ибораларни мавлуд қилиш тарафдорлари яхшилаб ўрганишлари ва уларга амал қилишлари лозим.
Сўнгра зикр қилиндики, Ҳофиз Ибн Носириддин ўзининг «Вирдис Содий фии мавлудил ҳодий» номли китобида қуйидагиларни айтади:
«Саҳиҳ қавлда айтилишича, ҳар душанба куни Абу Лаҳабдан дўзахнинг азоби енгиллатилади. Чунки, у шу куни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг туғилганларидан масрур бўлиб Сувайбани озод қилган. Шеър:
Икки қўли қурисин деб ёмонланган кофирга.
Жаҳаннамда абадий қолдирилган кофирга.
Аҳмад туғилганига масрур бўлган кофирга.
Ҳар душанба азоб енгил бўлса бу кофирга.
Умр бўйи Аҳмаддан масрур бўлган мўминга.
Не мукофоту шараф, не мақомлар бўларкин».
Бу қитъада Имом Жалолиддин Суютийдан бошқа олимлар ҳам мавлуднинг жоизлигига далил келтирганларига намуна сифатида Ҳофиз Ибн Носириддин «Вирдис Содий фии мавлудил ҳодий» номли китобида келтирган гаплари тақдим қилинмоқда.
Юқорида келтирилган маънони имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида ҳам топамиз:
«Урва айтади: «Сувайба Абу Лаҳабнинг чўриси бўлган. Абу Лаҳаб уни озод қилган. Бас, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизган. Абу Лаҳаб ўлганидан кейин баъзи аҳли уни тушида жуда ёмон ҳолда кўрган. Унга, сенга нима бўлди, деб сўраган. Абу Лаҳаб унга, сиздан кейин Сувайбани озод қилганим учун мана шунча суғорилганимдан бошқа яхшилик кўрмадим, деган.
Имом Бадриддин Айний ушбу ривоятнинг шарҳида: «Суҳайлий зикр қилишича, Аббос розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтган:
«Абу Лаҳаб ўлганидан бир йил ўтиб уни тушда жуда ҳам ёмон ҳолда кўрдим. У менга, сиздан кейин ҳеч бир роҳат кўрмадим. Фақатгина ҳар душанба куни мендан азоб енгиллатилмоқда, деди. Бунинг сабаби Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни туғилдилар ва Сувайба Абу Лаҳабга у зотнинг мавлудларини суюнчилаган ва Абу Лаҳаб шунинг учун уни озод қилганлигидандир».
Бошқа уламолар ҳам мавлуд қилиш жоиз-лигига турли далилларни келтирганлар. Аммо биз юқорида зикр қилинганлари билан кифояланамиз. Хулоса шуки, умматнинг улкан уламолари мавлуднинг жоизлигини таъкидлаганлар ҳамда керакли ҳужжат ва далилларни тақдим қилган эканлар.

Топ рейтинг www.uz Openstat