Ассалому алайкум! Аптекаларда сотиладиган дорилар таркибида шаръан ман этилган моддалар борлигини (масалан чўчқа ферменти, желатини) ҳақида билганимга кўп бўлмади. Тўғриси ҳайрон қолганим шу пайтгача сотиб олган дориларимиз таркибида ушбу моддалар борлиги ҳақида на бир аптекачи томонидан огоҳлантирилмаган экан. Шуларни истеъмол қилганимиз учун Аллоҳ бизни кечирсин. Аввалига араб давлатларининг мусулмон бадавлат инсонларидан шу каби дориларнинг ҳалол шаклини ишлаб чиқарилишини йўлга қўймаганликларидан хафа бўлибман. Лекин ўйлаб қарасам бунинг учун ҳамма бирдек ҳаракат қилиши лозим экан. Устозлар илтимос, Сизлар ва шу хабарни ўқиган барча дуо қилсанглар, шояд бизнинг ўзбек мусулмон тадбиркорлари ҳам шу масалада жиддий бош қотириб, дориларнинг ҳалол муқобилларини ишлаб чиқарилишида, муслим аптекалар очилишида ташаббускор бўлсалар.
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ саломат қилсин, жуда гўзал таклиф. Сизлар ҳам дуо қилинглар, шунга муваффақ қилсин. Валлоҳу аълам!