Ассалому алайкум! 1.Шу кунларда Ўзбекистоннинг жуда кўп ҳудудларида чанг бўрони бўлмоқда. Аввали ҳамма нарса Аллоҳдан. Лекин ижтимоий тармоқларда "дарахтлар кўп кесилганлиги учун, атмосфера ёмонлашиб шу ҳолатга келиб қолди" фикрлари ҳам учраб турибди. Бу Аллоҳга куфр келтириш бўлиб қолмайдими? Бу саволни берганимнинг сабаби бир ҳадис ўқиган эдим. Зайд ибн Холид Жуҳаний розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан бомдод намозини ўқидилар. Туни билан ёмғир ёғиб чиққан эди. Намозни ўқиб бўлгач, одамларга юзланиб: «Раббингиз нима деганини биласизларми?» дедилар. Улар: «Аллоҳнинг Расули билгувчироқ», деб жавоб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «У зот айтдики: «Бандаларимдан айримлари менга иймон келтириб, айримлари куфр келтириб тонг оттирди. Кимки: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила бизга ёмғир ёғди», деса, у Менга иймон келтириб, юлдузларга куфр келтирибди. Аммо кимки: «Бу ва у ҳодисалар (шамол, булут), бўлиб бизга ёмғир ёғди», деса, у Менга куфр келтириб, юлдузларга иймон келтирибди» (Муттафақун алайҳ). 2. Бу ерда юлдузлар деб айнан нима назарда тутилган? Шуни ҳам тушунтириб ўтсангиз.
– Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади:
عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ الْجُهَنِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: صَلَّى لَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَاةَ الصُّبْحِ بِالْحُدَيْبِيَةِ عَلَى إِثْرِ سَمَاءٍ كَانَتْ مِنَ اللَّيْلِ، فَلَمَّا انْصَرَفَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَقْبَلَ عَلَى النَّاسِ فَقَالَ: هَلْ تَدْرُونَ مَاذَا قَالَ رَبُّكُمْ؟ قَالُوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ قَالَ: أَصْبَحَ مِنْ عِبَادِي مُؤْمِنٌ بِي وَكَافِرٌ، فَأَمَّا مَنْ قَالَ: مُطِرْنَا بِفَضْلِ اللهِ وَرَحْمَتِهِ، فَذَلِكَ مُؤْمِنٌ بِي وَكَافِرٌ بِالْكَوْكَبِ، وَأَمَّا مَنْ قَالَ: بِنَوْءِ كَذَا وَكَذَا، فَذَلِكَ كَافِرٌ بِي وَمُؤْمِنٌ بِالْكَوْكَبِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.
وَلِمُسْلِمٍ: أَلَمْ تَرَوْا إِلَى مَا قَالَ رَبُّكُمْ؟ قَالَ: مَا أَنْعَمْتُ عَلَى عِبَادِي مِنْ نِعْمَةٍ إِلَّا أَصْبَحَ فَرِيقٌ مِنْهُمْ بِهَا كَافِرِينَ يَقُولُونَ: الْكَوَاكِبُ وَبِالْكَوَاكِبِ
Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳудайбияда кечаси ёққан ёмғирдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Бомдод намозини ўқиб бердилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан чиққанларидан кейин одамларга юзландилар ва:
«Роббингиз нима деганини биласизми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчидир», де¬йишди.
«Менинг бандаларимдан (баъзиси) Менга мўмин бўлиб, (баъзиси) кофир бўлиб, тонг оттирди. Ким «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила ёмғирга эришдик», деса, Менга мўмин, юлдузга кофирдир. Аммо ким «Фалон, пистон юлдуз ила», деса, бас, у Менга кофир, юлдузга мўминдир», деди», дедилар».
Икки Шайх ривоят қилганлар.
Муслимнинг ривоятида:
«Роббингиз нима деганига қарамайсизми? (У Зот:) «Бандаларимга қайси бир неъматни берсам, албатта, улардан баъзилари у (неъмат)га кофир бўлурлар. «Юлдузлар ва юлдузлар туфайли», дерлар», деди», дедилар».
Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмон одам «Ёмғир Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила ёғди», деб айтиши ва эътиқод қилиши лозим.
Ёмғир фалон юлдуз туфайли, бундай сабабдан ёғди, дейиш эса куфрга сабаб бўлади. Бу иймонга тааллуқли масала эканлигини ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак. Зотан, дунёдаги ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг илми, хоҳиш-иродаси ва тадбири ила содир бўлади.
Лекин, барча ишларнинг мусаббиби Аллоҳ эканига иймон келтирган ҳолда, “Аллоҳ таоло шу нарсани сабаб қилиб қўйди”, деса, зиёни йўқ. “Бу иш фақат фалон ҳодиса сабаблигина бўлди, буни Аллоҳга алоқаси йўқ”, деса, иймонга зид гап айтган бўлади. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!