Ваалайкум ассалом! Аллоҳ таоло эркак билан аёлни мижозини турлича қилиб яратган ва шу мижозига қараб уларга вазифалар юклаган. Бири қилган ишни бошқаси аъло даражада бажара олмайди. Ҳатто бири қилганини бошқаси қилишини шариат айб санайди. Нафақат шариат балки соғлом ақл ҳам уни айб санайди. Ҳар ким ўзига ажратилган вазифани қилса юксак натижаларга эришилади. Шариатимиз уй ичкарисидаги ишларни аёл киши зиммасига юклаган. Буларнинг энг шарафлиси ва масъулиятлиси жамиятга соғлом, жасур, фидоий ҳамда маънавий етук фарзандларни тарбия қилишдир. Шунга яраша Аллоҳ таоло аёл кишига фарзандга нисбатан меҳр-муҳаббат, сабр ва болашуносликни берган. Бу нарсалар отада ҳам бор, лекин онадагидек мукаммал эмас. Аллоҳ таоло Қуръон каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига нисбатан
وَقَرْنَ فِي بُيُوتِكُنَّ وَلَا تَبَرَّجْنَ تَبَرُّجَ الْجَاهِلِيَّةِ الْأُولَى وَأَقِمْنَ الصَّلَاةَ وَآتِينَ الزَّكَاةَ وَأَطِعْنَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ إِنَّمَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيُذْهِبَ عَنكُمُ الرِّجْسَ أَهْلَ الْبَيْتِ وَيُطَهِّرَكُمْ تَطْهِيرًا
33. Уйингизда қарор топинг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг. Намозни тўкис адо этинг, закот беринг, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Албатта, Аллоҳ сиздан кирликни кетказиб, бутунлай поклашни ирода қилади, эй аҳли байт!
Ушбу оятда яна мўминларнинг оналарига – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига бир неча амр йўлланмоқда:
«Уйингизда қарор топинг».
Албатта, барча мўминаларга ўрнак бўладиган оналаримизга виқорларини сақлаб, уйларида ўтириш амр қилинмоқда. Бундан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари уйдан чиқишлари мумкин эмас экан, деган фикр тушунилмайди. Ушбу ояти карималар нозил бўлганидан кейин ҳам оналаримиз уйларидан чиққанлар. Нафақат уйдан чиққанлар, балки узоқ-узоқ сафарларга ҳам борганлар.
Мисол учун, Умму Салама онамиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Ҳудайбияга борганлар. Оиша онамиз ҳам у зот билан бирга ҳажга борганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам уйдан чиққанлар, сафарларга борганлар. Бу ерда, мусулмонларнинг одати бўйича, аёл кишининг асосий жойи уй бўлиши кераклигига ишора қилинмоқа. Айниқса, мўминларнинг оналари бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари учун виқор билан уйларида ўтиришлари, сабабсиз остона ҳатлаб чиқмасликлари зийнат ва фазилатдир.
«Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг».
Жоҳилият – Исломдан олдинги тузум. У вақтда аёллар очилиб-сочилиб, ясан-тусан қилиб, эркакларнинг эътиборини ўзига тортишга интилар эдилар. Ўзларини бозорга солиб, таналари ва зебу зийнатларини кўз-кўз қилар эдилар. Бундай очилиб-сочилиб юриш «табарруж» дейилади. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза аёлларини жоҳилият тузумининг хотинлари каби очиқ-сочиқ юрмасликка амр этмоқда. Бу амр ҳар бир муслима аёлга тегишли, лекин ҳар бир муслимага ўрнак бўладиган оналаримизга янада кўпроқ тегишли экан.
«Намозни тўкис адо этинг...»
Намозни тўкис адо этиш энг зарур амаллардан биридир. Айниқса, аёл кишилар учун яна ҳам аҳамиятли. Чунки фарзандлар доимо улар билан бўлади. Аёлнинг намозни тўкис адо этиши бола тарбиясига сўзсиз таъсир қилади. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!