Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ер белгиларини ўзгартирган кимса ҳақида ҳадис

21:35 / 29.11.2021 | Shafoat | 1175

Ассалому алайкум! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам китобини ўқиётган эдим. Бир хадисни тўлиқ тушунмадим. Тушунмаган жойими келтираман: Бидъатчига жой берган кимсани Аллоҳ лаънатласин. Ер белгиларини узгартирган кимсани Аллоҳ лаънатласин. Илтимос шу гапларни шархлаб берсангизлар.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! “Ҳадис ва Ҳаёт” китобида қуйидагича келади: 

وَقِيلَ لِعَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَخْبِرْنَا بِشَيْءٍ أَسَرَّهُ إِلَيْكَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: مَا أَسَرَّ إِلَيَّ شَيْئًا كَتَمَهُ النَّاسَ، وَلَكِنِّي سَمِعْتُهُ يَقُولُ: لَعَنَ اللهُ مَنْ ذَبَحَ لِغَيْرِ اللهِ، وَلَعَنَ اللهُ مَنْ آوَى مُحْدِثًا، وَلَعَنَ اللهُ مَنْ لَعَنَ وَالِدَيْهِ، وَلَعَنَ اللهُ مَنْ غَيَّرَ الْمَنَارَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ.

«Али розияллоҳу анҳуга:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга сир қилиб айтган нарсанинг хабарини бизга айт», дейилди. Бас, у:
«У зот менга бирор нарсани одамлардан беркитиб, сир қилиб айтмаганлар. Лекин у зотнинг:
«Аллоҳдан ўзгага 
(жонлиқ) сўйганни Аллоҳ лаънатласин. Бидъатчига жой берганни Аллоҳ лаънатласин. Ота-онасини лаънатлаганни Аллоҳ лаънатласин. Ер белгисини ўзгартирганни Аллоҳ лаънатласин», деганларини эшитдим», деди».
Муслим ривоят қилган. Аллоҳ олий ва билгувчидир.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан бир неча ҳақиқатларни яхшилаб тушуниб олишимиз мумкин. Али розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга насаб жиҳатидан қанчалар яқинликлари ва у зот алайҳиссаломнинг куёвлари бўлганлари учун яна ҳам яқин бўлганлари ҳаммага маълум эди. Шунинг учун ҳам баъзи кишилар мазкур яқинлик туфайли «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Алига ва унинг оиласига бошқа бировга айтмаган сирли гапларини айтган бўлсалар керак», деган фикрда юрар эканлар. Шунинг учун ҳам Али розияллоҳу анҳуга бир киши томонидан:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга сир қилиб айтан нарсанинг хабарини бизга айт», дейилди».
Сўровчи ўзича, гумон қилинаётган сирли гапда осонлик билан кўп нарсага эришиш йўли баён қилинган бўлса керак, деган ёки шунга ўхшаш бошқа гумонларни қилган бўлиши мумкин. Лекин Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу барча гумонларни рад этиб, ҳақиқатни айтдилар:
«У зот менга бирор нарсани одамлардан беркитиб, сир қилиб айтмаганлар».
Яъни «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга нимани айтган бўлсалар, менга ҳам шуни айтганлар. Менга нимани айтсалар, одамларга ҳам шуни айтганлар».
Исломда бошқа дин ва тузумлардаги каби, маълум тоифага алоҳида имтиёз берилмайди. Барча одамлар Аллоҳнинг бандаси. Уларнинг ҳаммалари Аллоҳ ҳузурида тенглар. Фақат тақволари ва қилган амалларига қараб тақдирланадилар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўзича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан айтилган сирли гапни эшитмоқни орзу қилган шахсга у зот алайҳиссаломнинг аҳамияти сирли гапдан қолишмайдиган бир ҳадисларини айтиб беришга қарор қилдилар ва:
«Лекин у зотнинг:
«Аллоҳдан ўзгага (жонлиқ) сўйганни Аллоҳ лаънатласин. Бидъатчига жой берганни Аллоҳ лаънатласин. Ота-онасини лаънатлаганни Аллоҳ лаънатласин. Ер белгисини ўзгартирганни Аллоҳ лаънатласин» деганларини эшитдим», деди».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларида тўрт тоифа кишиларга Аллоҳ таолонинг лаънати бўлиши таъкидланмоқда:
1. «Аллоҳдан ўзгага (жонлиқ) сўйганни Аллоҳ лаънатласин».
Ушбу ҳадиси шарифни бу жойда келтиришимизнинг асосий боиси ушбу жумладир.
Исломда фақатгина Аллоҳ таолога атаб сўйиш сўйилади. Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга, ҳеч нарсага атаб сўйиш сўймоқ мутлақо мумкин эмас. Исломда ким бўлишидан қатъи назар, на фаришталарга, на Пайғамбарларга, на азиз-авлиёларга ва на бошқа шахсларга атаб ҳайвон сўйиш ҳаромдир, Аллоҳ таолонинг лаънатига сабаб бўладиган ишдир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон инсон бу ҳукмни яхши тушунмоғи ва унга оғишмай амал қилмоғи ўта зарурдир.
2. «Бидъатчига жой берганни Аллоҳ лаънатласин».
Исломда бидъатчилик қанчалик ёмон олинишини ушбу жумладан билиб олсак бўлаверади. Бидъатчи дину диёнатимизда йўқ нарсани бор, деб эътиқод қилишга ва уни жамиятимизда жорий қилишга ҳаракат қилади. Бу Аллоҳ таолонинг динига ўзгартириш киритишга уриниш, деб баҳоланади. Бидъатчилик дину диёнатга, элу юртга ва жамиятга ҳадсиз-ҳисобсиз зарарлар етказади.
Бидъатчига жой берган одам эса уни ҳимоя қилган, унга ёрдам берган бўлади. Бидъатчига жой берган одам унга бузғунчиликда шерик бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бундай кимсага жой берганни лаънатлайди.
Ҳар бир ўзини билган мусулмон бидъатчидан иложи борича узоқ бўлишга, унга қарши курашишга ҳаракат қилмоғи лозим. Ҳатто бидъатчи ўтирган мажлисда ўтирмаслиги керак.
3. «Ота-онасини лаънатлаганни Аллоҳ лаънатласин».
Ҳар бир мусулмон фарзанд ўз ота-онасига доимо раҳмат, яхши дуолар олиб бериши керак. Ҳеч вақт фарзанд туфайли ота-она лаънат эшитиши, уларнинг шаънига ёмон гап айтилиши керак эмас. «Сени туққан онангга лаънат», «Сени боққан отангга лаънат» каби гапларга сабаб бўлган фарзанд ота-онасини лаънатлаган фарзанд бўлади. Ундай фарзандни эса Аллоҳ таоло лаънатлайди.
4. «Ер белгисини ўзгартирганни Аллоҳ лаънатласин».
 «Ер белгиси» деганда қўшниларнинг ерларини бир-биридан ажратиш учун, давлат ёки жамоатчиликка оид ерларни ажратиш учун қўйилган белгилар тушунилади. Ким ўша белгиларни ўз фойдасига ўзгартириб олса, Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди. Чунки бу иш улкан хиёнат, бировнинг ҳаққини ҳийла йўли билан ўзиники қилиб олишдан иборатдир. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat