Ассалому алайкум! Маслаҳатингиз керак мен уйланганимга 5 ой бўлди 25 ёшдаман аёлим 18 ёшда хомиладор хеч чиқиша олмаяпман гапларимиз бир бирига умуман мос эмас ажрашайин десам Аллоҳ таолога қандай жавоб бераман деб қўрқаман. Намоз ўқийди лекин бирини ўқиса бири қобкетади қолган намозини ўқимаса мени жаҳлим чиқади, дин борасида қўлдан келганча малумотга эгаман. Ўргатсам умуман қабул қилмайди мисол: тахоратга бармоғини ботириб иссиғини кўради ундай қима десам барибир қилаверади хеч бир малумотни қабул қилишни ўргата олмаяпман аёлга намозларни ўқиб рўзаларни тутиб эрини рози қилса жаннатга киради дейилган эркакга аёлни қайсарликларини умуман хар қандай озорларига чидаб яшаса бизларга ҳам мукофотлар бериладими?
– Ва алайкум ассалом! Сиз шариатни чиройли ахлоқ билан тушунтиришда бардавом бўлинг.
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم- :لاَ يَفْرَكْ مُؤْمِنٌ مُؤْمِنَةً إِنْ كَرِهَ مِنْهَا خَلْقًا رَضِىَ آخَرَ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Мўмин мўминага ғазаб қилмайди. (Чунки) У(аёл)ни бир одатини ёмон кўрса, у(аёл)ни бошқа хулқини яхши кўради” дедилар”
Муслим ривояти.
Энг яъши тавсия шуки, аёлни ёмон одатларига кўз юмиб, яъши хулқларига эътибор қаратиш лозим. Қуръони каримда ҳам бу ҳақда қуйидаги оят ворид бўлган:
“Улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса” (Нисо 19-оят).
Шунингдек, аёллар ўз эрларига итоат қилишлари борасида бот-бот таъкидланган ҳукмлар ворид бўлган. Бу ҳақда Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадис ривоят қилинган.
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم : لَوْ كُنْتُ آمِرًا أَحَدًا أَنْ يَسْجُدَ لأَحَدٍ لأَمَرْتُ الْمَرْأَةَ أَنْ تَسْجُدَ لِزَوْجِهَا لِمَا عَظَّمَ اللَّهُ مِنْ حَقِّهِ عَلَيْهَا
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Бирор кишини бирор кишига (фаразан) сажда қилишга буюргувчи бўлсам, аёлни ўз эрига у(эр)ни ҳаққи ун(аёл)да кўп бўлгани боис сажда қилишга амр қилган бўлар эдим”, дедилар”.
Байҳақий ривояти.
Қуръони каримда солиҳ ва яхши аёл сифатида ўз эрига итоат қилувчи аёл зикр қилинган.
Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар-итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир. (Нисо 34-оят).
Яхши, солиҳа аёл эри ҳокимяти ва раҳбарлигига ўзини таслим қилиб, уни фармонларига итоат қилади. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз эри амрига итоат қилувчи аёлларни мақтаганлар. Набий саллоллоҳу алайҳи васалламдан “Қайси аёл ўз эрига тобеъ бўлиб, итоат қилса, ҳаводаги қушлар, денгиздаги балиқлар, самодаги фаришталар ва ўрмондаги дарандалар истиғфор айтадилар” ривоят қилинган .
Эр-хотин ўртасидаги алоқалар тўғрисида Қуръон ва ҳадисда келган кўрсатмаларнинг хулосаси шуки, никоҳ риштасини мустаҳкамлаб, илдиз оттиришга замин яратиш даркор. Шу боис одатда эр-хотин орасида ўтиб турадиган гапларга асосланиб аёлига талоқ қўйиш яхши иш эмас. Валлоҳу аълам!