Ассалому алайкум! Маҳалламизда бизникида газ келиб турганди узилишлар билан бўлса ҳам, қўшниларни айтиши бўйича уларда узилиш кўпроқ экан. Шунга қўшни кўчадагилар бизни насосга уланган линиямизга уланинглар дейишди. Кеча улашди. Ман ҳали уланмадим. Ҳаммага газ келди дейишди. Лекин саволларни қараб чиқдим. Жоиз эмас дейилган. Электр билан иситиш жуда қимматга тушяпти. Шу қўшниларни линиясига улансам бўладими балки бу ҳолат олдинги саволларга тушмас. Сув насосларга берилган жавобларда қўшнига зарар берилмаса жоиз деган жавоблар ҳам бор экан. Бизни ҳолатда фақат бизни уйда газ йўқ ҳозир.
– Ва алайкум ассалом! Мумкин эмас. Ҳаром иш ҳамма қилиши билан ҳалол бўлиб қолмайди. Аллоҳга тақво қилинг.
Аллоҳ таоло “Талоқ” сурасининг 2-3 оятларида шундай шундай марҳамат қилади:
«Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақиқатан, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир.
Яъни ким Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳ таолонинг Ўзи кўрсатиб қўяди. Тақводор шахснинг мушкулини доимо Аллоҳ таолонинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйлаб хаёлига ҳам келмаган томондан ризқи рўз етказиб беради. Одатда кишилар ризқи рўзим сероб бўлсин, деган мақсадда тақводан воз кечишади. Бу эса аксинча натижага олиб келади. Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади.
Юқорида зикр этилган ишларда ҳийла-найранг кўп ишлатилади. Ҳийладан қўрқишнинг ўзи янги ҳийлага олиб боради. Шунинг учун Қуръони Карим мусулмонларни Аллоҳга таваккул қилишга ундаб, «Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоя¬дир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақиқатан, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир», дейди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Қуръондаги энг катта умидбахш оят, ушбу «ва ман яттақиллаҳа яжъал лаҳу махражан ва йарзуқҳу мин ҳайсу лаа яҳтасиб» деган эканлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: «Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади. Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса рад қила олмайди, умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса зиёд қила олмайди», деганлар.
«Ким Аллоҳга таваккул қилса, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир», жумласи тафсирига уламоларимиз қуйидаги ҳадисни келтирадилар. Пайғамбар алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Масъудга қилган насиҳатларида, жумладан: «...Ва билки, агар умматнинг барчаси йиғилиб сенга манфаат етказмоқчи бўлсалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар. Агар сенга зарар етказиш учун тўплансалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар», деганлар. («Тафсири Ҳилол» китоби). Валлоҳу аълам!