Ассалому алайкум! Мен қўрқоқроқман ҳеч шундан қутила олмаяпман, яъни бирон бир инсон билан жанг қилиш тўғрисида, ислом дини урушиш дини эмас лекин инсон ўз ҳаққини талаб қила билиш керак ҳаттоки ҳадис ҳам борку ”Кучли мўмин заиф мўминдан афзалдир” деганлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу аълайҳи васаллам, мен жасур қўрқмас мўмин заифларни ҳимоя қила оладиган мўмин бўлмоқчиман ҳаттоки саҳобалар ҳам бақувват жасур бўлишган, менга маслаҳат беринглар қўрқмас бўлиш учун нима қилиш керак?
– Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади:
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْهَمِّ وَالْحَزَنِ، وَالْعَجْزِ وَالْكَسَلِ، وَالْجُبْنِ وَالْبُخْلِ، وَضَلَعِ الدَّيْنِ وَغَلَبَةِ الرِّجَالِ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Сендан ғам босишидан, маҳзунликдан, ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, бахилликдан, қарзга ботишдан ва одамларнинг ғолиб келишидан паноҳ сўрайман», дер эдилар».
Шарҳ: Биз «ғам» деб таржима қилган сўзимиз араб тилида «ҳамм» дейилади ва кутилаётган ишдан кўнгил ғаш бўлиши ва қўрқиш маъносини билдиради.
Маҳзунлик эса бўлиб ўтган ишдан хафа бўлишни англатади.
Ожизлик сўзининг луғавий маъноси бир нарсадан кеч қолиш ва заифликни лозим тутишдир. Яна бир нарсани қилишда камчиликка йўл қўйишни ҳам билдиради. Умумий маънода қудратсизликни англатади.
Дангасалик луғатда бир ишни қилишга имкони ва қудрати бўла туриб, баданининг роҳатини кўзлаб, ўша ишни тарк этишини билдиради.
Кўрқоқлик ҳам энг ёмон сифатлардан биридир. Қўрқоқ одам ҳар қандай пасткашликка боради. Ҳатто шариатга, динга хилоф иш қилиб қўйиши мумкин. Шунинг учун Аллоҳ таолодан қўрқоқликдан ҳам паноҳ сўраш керак.
Бахиллик ҳам жуда ёмон хислат. У кўп одамнинг бошига бало-офатларни, фалокатларни олиб келадиган сифатдир. Бахил кишини қариндош-уруғи ҳам, аҳли аёли ҳам ёмон кўради, ўзининг охиратдаги аҳволи ҳам ёмон бўлади. Аллоҳ булардан Ўзи сақласин.
Қарздорликнинг кучайиб кетишидан мурод унинг оғирлашиши ва шиддатлашиши бўлиб, қарздорнинг ноилож қолишидир.
Ўтган азизларимиздан бирлари: «Агар қалбга қарзнинг ғами кирса, албатта, ақлдан унга қайтиб келмайдиган нарсани чиқаради», деганлар.
«Одамларнинг ғолиб келиши» иборасида эси паст ва таги пастларнинг устун бўлиши кўзда тутилган.
Ушбу ҳадиси шарифдаги дуо жамловчи дуолардан ҳисобланади.
Зотан, разолат уч турли бўлади: нафсоний, жисмоний ва хорижий.
Нафсоний разолат инсондаги нафсоний қувватларга боғлиқ бўлади. Ғам ва маҳзунлик ақлий қувватга, қўрқоқлик ғазаб қувватига, бахиллик шаҳвоний қувватга боғлиқ бўлади.
Жисмоний разолат бадандаги қувватга боғлиқ бўлади.
Ожизлик разолати кўпроқ бадандаги аъзоларда нуқсон борлигида юзага келади.
Дангасалик разолати эса кўпроқ бадандаги аъзолар соғ-саломат ва қувват баркамол бўлган пайтда бўлади.
Хорижий разолат ноўрин шиддат ва бошқаларга устунлик қилишдан иборат бўлиб, бири молга, иккинчиси мансабга боғлиқ бўлади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!