Ассалому алайкум! Туғишган укам ёши 35да, бирон-бир сабабсиз ўз тўққан онасини ва мени қизимни - инсонни шахсиятига, номусига тегадиган жуда хунук туҳмат сўзлар ёзиб СМС хабар юбориб хақорат қилди. (Бу мен учун кутилмаган ачинарли ва фожеали воқеа бўлди). Укамдан хафа бўлдим ундан кўнглим қолди, инсон қалбини парчалаб юборди. Мени холатимда, укамни бу иши учун у билан ҳаётимни охиригача барча алоқаларни ўзсам, Аллоҳни олдида гунохкор бўлиб қолмайманми? Қандай насихат берасиз?
– Ва алайкум ассалом! Алоқаларни узишингиз тўғри эмас.
عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ جُبَيْرِ بْنِ مُطْعِمٍ أَنَّ جُبَيْرَ بْنَ مُطْعِمٍ أَخْبَرَهُ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ قَاطِعُ رَحِمٍ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.
Муҳаммад ибн Жубайр ибн Мутъимдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди», – дедилар».
Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.
Силаи раҳмни узиш инсоннинг жаннатга кирмай қолишига сабаб бўладиган катта гуноҳ ишлардандир. Аллоҳ таоло бундан Ўз паноҳида асрасин.
عَنِ الْأَعْمَشِ وَالْحَسَنِ بْنِ عَمْرٍو وَفِطْرٍ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَيْسَ الْوَاصِلُ بِالْمُكَافِئِ، وَلَكِنِ الْوَاصِلُ الَّذِي إِذَا قُطِعَتْ رَحِمُهُ وَصَلَهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Аъмаш, Ҳасан ибн Амр ва Фитрдан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қилганига яраша қайтарган силаи раҳм қилувчи эмас. Аммо силаи раҳм қилувчи қариндошлари алоқани кесганда боғловчидир», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Яъни бошқалар ундан қариндошлик алоқасини узса ҳам у силаи раҳм қилаверади. «Сиздан угина, биздан бугина» деган ниятда бўлса, «У қилса, мен ҳам қиламан» деса, мукофот учун қилган бўлади. Бундай одам силаи раҳм қилган ҳисобланмайди. Бундай муомала бегоналарга ҳам қилинади.
Қариндоши ёмонлик қилса ҳам, силаи раҳм қилаверган одам ҳақиқий силаи раҳм қилувчи бўлади. Бу ерда жуда катта гап бор. Ҳозирги кунда қариндошлик алоқаларининг бузилишига кўпинча ана шу омил, яъни «У қилса, мен ҳам қиламан, у қилмаса, мен ҳам қилмайман» деган тушунча сабаб бўлмоқда.
Лекин ушбу ҳадиси шарифга амал қилинса, «Майли, бошқалар қилмаса қилмасин, лекин бу менинг бурчим, қилавераман», деб силаи раҳм қилаверса, бир-икки марталик ҳаракатдан кейин нариги тараф ҳам «Бу қиляпти, мен ҳам қилмасам, уят бўлади» деб, икки томондан ҳам алоқалар йўлга қўйилиб кетади.
Мусулмонлик бурчини англаб етган кимса бу ишни аввалроқ қилишга уринади. Натижада қариндошлик, дўстлик, биродарлик алоқалари ҳеч қачон узилмайди. Валлоҳу аълам!