Ҳурматли Шайх ҳазратлари АЛЛОҲ сиздан ва бошқа Ислом равнақи йўлида хизмат қилаётган мўминлардан рози бўлсин. Кўпдан бери бир масалани ечимини топа олмай қийналаман. Октябр революцияси бўлгунга қадар ҳамма аёллар паранжида юзларини ёпиб юришган. Ўша пайтда ҳам оналаримиз Абу Ханифа мазҳабида бўлишган бўлса керак. Ҳозир эса Абу Ханифа мазҳабида аёл кишини юзи, қўли билаккача ва оёқлари тўпиққача очилиб юришга рухсат берилган. Бу рухсат қайси хадислар асосида бўлган. Сиздан илтимос, қалбимиз таскин топишида биздан ёрдамингизни аямасангиз. Суйганимиз Роббимиздан сизга яхши мукофотлар тилаб қоламиз.
Ҳур аёлнинг жамийки бадани авратдир. Юз, икки қўл ва оёқ бундан мустасно.
Бу ҳукмнинг далиллари:
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида:
«Сен мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фарж-ларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар», деган (31-оят).
«Зоҳир бўлган зийнатлар» деганда намозда юз, икки қадам ва икки кафт англанади. Намоздан ташқарида икки қадам ҳам авратдир.
«Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар. »
Яъни, бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўксилари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ أَسْمَاءَ بِنْتَ أَبِي بَكْرٍ دَخَلَتْ عَلَى رَسُولِ اللهِ r وَعَلَيْهَا ثِيَابٌ رِقَاقٌ فَأَعْرَضَ عَنْهَا رَسُولُ اللهِ r وَقَالَ: يَا أَسْمَاءُ إِنَّ الْمَرْأَةَ إِذَا بَلَغَتِ الْمَحِيضَ لَمْ تَصْلُحْ أَنْ يُرَى مِنْهَا إِلاَّ هَذَا وَهَذَا وَأَشَارَ إِلَى وَجْهِهِ وَكَفَّيْهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Асмаа бинти Абу Бакр юпқа кийим билан кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юзларини ўгириб олдилар ва:
«Эй, Асмаа, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин ундан мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак», – деб икки кафтлари ва юзларига ишора қилдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Ибн Жарир Тобарий ўз тафсирларида Оиша онамиздан келтирган ривоятда у киши айтадиларки:
«Олдимга она бир акам Абдуллоҳ ибн Туфайлнинг қизи зийнатланган ҳолда кирган эди. Расулуллоҳ келиб қолдилар ва юзларини ўгирдилар. Мен:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, бу она бир акамнинг қизи, ёш қиз», дедим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёл киши балоғатга етгандан кейин ундан юзи ва мана бу жойларидан бошқа жойи кўриниши ҳалол эмас», деб ўз билакларини тутумлаб кўрсатдилар. Ушлаган жойлари билан кафтлари орасида яна бир тутумча жой қолди».
Демак, мазкур аврат жойларни намозда тўсиб ўқиш фарздир.