Ассалому алайкум! Савол Намоз вақтлари намоз ўқийман аммо ундан ташқари вақтларда гунох иш қилиб қўяман.Намоз ўқимай қолсам айнан ўша гунохни кам қиламан.Намозни тўла тўкис адо эта олмаётганимга бўлса керак деб ўйлаб қоламан. Илтимос Шайтонни енгишимга ёрдам берадиган амални ёзиб юборсангиз.
– Ва алайкум ассалом! Намоз бу ҳар бир мўминга фарз қилинган, охиратда энг биринчи бўлиб сўраладиган, диннинг устунларидан бўлган амалдир. Фарз намозларни бекаму-кўст адо қилган инсон охиратда жаҳаннам азобидан нажот топади, Аллоҳнинг розилигига эришади. Бу дунёда ўқилган намоз охиратдаги жаннатнинг калити ҳамдир. Банда қиёмат куни маҳшар майдонига тўпланганида унинг амаллари ичидан намоз энг кўп манфаат берувчи эканини ўз кўзи билан кўради. Шу билан бирга хушуъ ва хузуъ билан, айб ва нуқсонлардан холи ҳолатда ўқилган намоз кишининг дунёсида ҳам кўплаб яхшиликлар келтириши шубҳасиздир. Лекин юқорида айтганимиздек намоз бу учун ўқилмайди. Балки Аллоҳнинг буйруғига итоат ўлароқ адо қилинади. Намоз ўқишлик бу Аллоҳ билан олди-берди муомаласи эмаски у учун бу дунёда мукофот кутилса. Сиз динимиз буюрган амалларни бажаринг ва бунга эваз кутманг. Фақат ва фақат Аллоҳдан қабулият ва розилик сўранг. Валлоҳу аълам!