Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

ШУНДАЙ ВАЗИЯТДА НИМА КИЛМОК КЕРАК?

00:00 / 08.09.2008 | eski savollar | 2840
АССАЛОМУ АЛАЙКУМ ВА РАҲМАТУЛЛОХИ ВА БАРОКАТУҲУ!Мухтарам устоз, шайх жаноблари Сизга умматларга қилаётган ғоят савобли ишларингизга Аллоҳ барокат ато қилсин! Мен Чустлик ғойибона шогирдингиз Умиджонман.Саволим жамоатга имомлик қилиш шартлари тўғрисида.1. Қариндошимизникида ифторликда эдик, жамоат йиғилган эди. Жамоат ичида домла деб танилган бир киши ҳам бор эдилар, у киши гарчи одамлар у кишини домла ёки қори десаларда, Қуръонни тажвид билан ўқий олмасдилар. Қироатларининг ҳарфлари жойидан чиқмас ёки нотўғри чиқарди. Ўзлари илмлари унча кўп эмаслигини ҳам таъкидладилар. Лекин мақтаниш эмас-ку, Аллоҳ менга Ўз фазли-марҳамати билан Қуръонни тажвид билан ўқиш неъматини берган. Қуръондан қарийб 1 пора ёд олганман, устоздан ўтказиб олганман. Таҳорат ва намоз аҳкомларини Аллоҳ қодир қилгунича ўрганганман. Иложи борича суннатга амал қилишга ҳаракат қиламан. Жамоатдагилар домлани ҳурматларини қилиб, имомликка ўтказиб қўйишди. У киши овоз чиқариб қироат қилдилар. Қироатлари жуда ҳам тез, тажвидсиз ва айрим ҳарфлари жойидан чиқмасди. Жамоат билан ўқиб бўлганимдан кейин, ифторни қилиб бўлгач мен шом намозини бошқатдан ўқиб олдим. Шу ҳолатда тўғри иш қилдимми?Шундай ҳолатларда нима қилиш керак. Халқ ичида “домла”, “қори ака” номлари билан танилган-у, лекин илми оз, яхши қироат қила олмайдиган киши билан ўзи ёш, илми ҳам намозни шартлари ва рукнларини яхши бажара оладиган, Қуръонни тажвид билан ўқийдиган, суннатга амал қиладиган киши бир жамоатда ҳозир бўлсалар имом тайин қилишда қандай йўл тутиш керак. Бу масалани ҳал қилиш одоблари тушунтириб берсангиз? 2. Юқоридаги жамоат намози вақтида менда биз жамоат бўлиб намоз ўқиган тарафимизни қиблалигига шубҳа пайдо бўлди. Қибла биз ўқиган тараф эмас, бошқа томонда бўлса керак деган ўй билан, фарзни ўқиб бўлдик, суннат ўқилаётган вақтда қиблани биз ўқиган томонда эканлигини билдим. Шундай вазиятда қандай иш тутиш керак? Жамоат намозида ҳамма қиблани қасд қилиб ўқиса-ю, жамоатнинг ичидан бир киши қибланинг шу томондалигига шубҳа қилса, кейин қибла шу томонда эканлигини билиб қолса намозини бошқатдан ўқийдими?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Имомликнинг тўғри бўлиши шартлари;1. Ислом.Мусулмонмас одам имом бўлиши мумкин эмас. Биров мусулмонлигининг билмайдиган одамнинг орқасидан намоз ўқиса, намози қабул. Намоздан кейин мусулмонлиги рост бўлса, гап йўқ. Аммо имомнинг мусулмонмаслиги аён бўлиб қолса, намозни қайтадан ўқийди. 2. Ақл.Ақли йўқ одамнинг ортидан намоз ўқиб бўлмайди.3. Балоғатга етган бўлиш.Балоғатга етмаган бола имом бўла олмайди.4. Эркаклик.Аёл ва хунаса ҳақиқий эркакка имом бўлиши мумкин эмас.5. Таҳоратли бўлиш.Бетаҳорат одам имом бўла олмайди.6. Қироат ва арконларни яхши қила олишлик.Қироатни яхши қила олмайдиган кишининг ортидан намоз ўқиш жоиз эмас. Қори одам оми одамнинг ортидан намоз ўқиши мумкин эмас. Агар шундоқ бўлиб қолса, қори намозини қайтадан ўқийди. Шунингдек, рукуъ, сажда, қаъда каби намознинг рукнларини қила олмайдиган одамнинг ортидан соғ одам намоз ўқиши мумкин эмас. 7. Бировга намозда иқтидо қилиб турмаган бўлиши шарт.8. Узрлардан саломат бўлмоғи.Узрлар деганда доимо бурнидан қон оқиб туриши, сийдиги оқиб туриши, ел чиқиб туриши каби нарсалар англанади.9. Тили бурро бўлиб барча ҳарфларни тўғри талаффуз қила олиши шарт.Тили чучук ёки дудуқ кишилар имом бўла олмайдилар. Энди имомликка ўтишга ҳақилроқ бўлганлар тартиб билан баён қилинади;Имомликка ҳақлироғи; 1. Суннатни билувчироғидир.2. Сўнгра қорироғи. 3. Кейин парҳезгарроғи. 4. Сўнг ёши каттароғи. Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қавмга уларнинг ичидан Аллоҳнинг китобига қорироқлари имом бўлади. Агар қироатда баробар бўлсалар, суннатни яхши биладиганлари. Агар суннатда ҳам баробар бўлсалар, ҳижрати қадимги бўлганлари. Агар ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, ёши катта бўлганлари бўлади. Бир одам ҳеч қачон бошқа бировга унинг салтанатида имомлик қилмасин ва унинг уйидаги ўзи учун тайёрланган жойга ўтирмасин. Магар унинг изни ила бўлса майли», дедилар».Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.Ушбу ҳадиси шарифда ким имом бўлиши кетма-кет бир неча сифатлар ила баён қилиб берилмоқда. Шу билан бирга уламоларимиз таъкидлаганидек, мазкур сифатларда ўша вақт воқеълиги эътиборга олинмоқда.Энди ўша сифатларни бирин кетин кўриб чиқайлик.Аввало ҳар бир қавмга уларнинг ичидан:«Аллоҳнинг китобига қорироқлари имом бўлади». Бу имом танлаш вақтида аввало Қуръонни билиш, қироат қилиш сифатига қаралади, деганидир. «Агар қироатда баробар бўлсалар суннатни яхши биладиганлари», бўлади. Баъзи уламолар имомликка даъвогорлар ичидан муносибини танлаш учун худди шу тартиб йўлга қўйилиб, биринчи қори, иккинчи олим бўлади, деганлар. Уларнинг далили ушбу ҳадиснинг зоҳири. Лекин, жумҳур уламолар, жумладан, Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам, суннатни яхши биладиган олим шахс қоридан муқаддам бўлади, деганлар. Чунки, олим одам намозга керакли Қуръон қироатини яхши билиши турган гап, аммо қори одам намозда юзага келиб қоладиган масалаларни дарҳол ҳал қилиб кетавериши мумкин эмас, деганлар. Ушбу ҳадисда қорини муқаддам қилиниши, саҳобаи киромларнинг қорилари олимлари бўлганлиги эътиборидандир.Демак, намоз ҳақида энг илми кўп одам зоҳирий фаҳш ишлардан четда бўлиши ва Қуръондан керагини яхшилаб ёдлаган бўлиши шарти билан имомликка энг ҳақли одам бўлади.Имом Табароний ва ал-Ҳокимлар Абу Марсд ал-Ғанафийдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:«Агар намозингизнинг қабул қилиниши сизларни масрур қиладиган бўлса, сизга уламоларингиз имомлик қилсин. Чунки улар сиз билан Роббингиз орасида ҳайъатингиздир», деганлар.Ундан кейин қорироғи бўлади.Кейин парҳезгарроғи бўлади. Яъни, тақвонинг устига шубҳали нарсалардан ҳам ўзини олиб қочадиган одам.Аввал ўтган сифатларда савияси тенг бўлиб қолган кишилардан ёши каттаси имомликка тақдим қилинади. Ундан кейинги ҳақлилар қуйидагича;Хулқи яхшиси, таҳажжудни қўп ўқийдигани, насаби шарафлиси ва кийими тозаси.2. Булут ва зулмат туфайли ҳамда бошқа сабабларга кўра қиблани аниқлай олмаган киши ўзича ижтиҳод қилиб бўлгандан кейин қибла бошқа томонда экани аён бўлиб қолса, кўпчилик уламоларнинг фикрича намозни қайтариб ўқимайди. Ҳанафий мазҳаби ҳам шу фикрга қўшилган.Балки ижтиҳод қилмай тўғри юзланган, қайта ўқийди.Бир одам қибла қаёқда эканида шаки бор эди. Ижтиҳод қилмай намозни ўқиб юборди. Кейин намоз ўқиётганда қиблага тўғри қараб ўқигани аён бўлди. Бас, намозини қайтадан ўқийди. Агар намозни ўқиб бўлгандан кейин аён бўлса, қайта ўқимайди. Намоз ўқиётганда фикри ўзгариб қолса, айланиб олади. Бу ҳукмнинг далили қуйидаги ҳадисдир.Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Одамлар Қубода Бомдод намозини ўқиб турганларида, бирдан бир одам келиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу кеча оят нозил қилинди. Батаҳқиқ, у кишига Каъбага қараш амр қилинди. Бас, сиз ҳам ўша томонга қаранглар», деди. Уларнинг юзлари Шомга қараган эди, Каъбага қараб айландилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Топ рейтинг www.uz Openstat